Ўзбекистон | 09:07 / 10.05.2025
959
3 дақиқада ўқилади

Шаржада бўлиб ўтадиган халқаро китоб ярмаркасида Ўзбекистон павильони ташкил этилади

Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида XXXIV Абу-Даби халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди.

БАА президенти ҳомийлигида ўтказиб келинадиган ушбу маърифат байрамида 96 мамлакат вакиллари ўзларининг 1400 дан ортиқ кўргазмалари билан иштирок этди.

Бу йилги Абу-Даби халқаро китоб ярмаркаси ислом цивилизациясининг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири, энциклопедик олим,табиб ва файласуф Ибн Сино меросига бағишланган. Жорий йилда Абу Али Ибн Синонинг жаҳон тиббиёти ривожига сезиларли таъсир кўрсатган ва араб тилида ёзилган машҳур "Тиб қонунлари" китобининг нашр этилганига минг йил тўлди.

Махсус ташкил этилган Ибн Сино павильонида унинг илмий мероси ҳамда ғоялари, ютуқлари ва инсоният цивилизациясига таъсирини акс эттирувчи материаллар ва интерфаол кўргазмалар ўрин олган.

Шу билан бирга, кўргазма доирасида Ибн Сино меросига бағишланган илмий ва амалий анжуманлар ўтказилди. "Ибн Сино – ўрта асрда Шарқ ва Ғарбни ўзаро боғлаган маърифат маёғи" деб номланган панели сессияда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти вакили маъруза билан иштирок этди. 

Абу-Даби халқаро китоб ярмаркасида Ўзбекистоннинг "Ўзбекистон", "Ёш куч", "Замин-нашр", "Ҳилол-нашр", "Янги аср авлоди", "Ёшлар матбуоти", Best book, "Ёшлар матбуоти" каби етакчи ноширлик уйлари ва "Ўздавкитовсавдотаъминот" корхонаси ўз кўргазмалари билан қатнашди. Ўзбекистон стендида ўзбек адабиёти намуналари, турли тилларга таржима қилинган асарлар, замонавий ва анъанавий нашрлар намойиш этилди.

Делегация вакиллари, шунингдек, хорижий ноширлар билан бир қатор музокаралар ўтказдилар. Уларда мамлакатда чоп этилаётган китобларни хорижий тилларга таржима қилиш ва уларни кенг тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида жорий йилнинг ноябрь ойида Шаржада бўлиб ўтадиган халқаро китоб ярмаркасида Ўзбекистон павильонини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Мавзуга оид