Ўзбекистон | 20:30 / 10.05.2025
6188
6 дақиқада ўқилади

“Кино ва театр аҳмоқларни тарбиялайдиган жой эмас, ақлли инсонлар дам оладиган жой” – Санжар Шодиев

Кun podkasti'нинг бу галги меҳмони – актёр, режиссёр, продюсер Санжар Шодиев. Ижодкор билан санъатга қандай келиб қолгани, акасининг вафот этиши унга қаттиқ зарба бўлгани, ўзбек киносининг бугунги аҳволи, телеэкранлар орқали намойиш этилаётган сериаллардаги миллий қадриятларга тескари ҳолатлар каби мавзуларда суҳбат қилдик. Подкастдан актёр ижодига оид шеърлар ҳам жой олган.

- Ҳозир сизни таништираётганимизда учта мақомни айтдик. Актёр, режиссёр ва продюсер. Қолаверса, биламизки, киносценарийлар ҳам ёзасиз. Шеър ҳам ёзсангиз керак, адашмасам. Томошабин наздида ўзи Санжар Шодиев ким ва ўзингиз учун кимсиз?

- Мен ўзи мутахассислигим, тугатган жойим Тошкент давлат Санъат институти драма ва кино режиссёрлик факултетини тугатганман. Касбим режиссёр. Режиссёр бўлиш учун ҳам бастакор, ҳам яхши сценарист, ҳам яхши оператор бўлишингиз керак. Сиз уларга фикрингизни, ғоянгизни аниқ етказа олишингиз учун ҳам улардек билимга эга бўлишингиз лозим. Қизиқчилик мен учун хобби. Уни яхши кўраман. Биринчи ижро этган филмим комедия бўлган. Биринчи ролни актёр қайсидан бошласа, бир умр томошабин уни шу ролда кўришни хоҳлайди. Мен актёр сифатида биринчи устозимиз Бурхон Шароповнинг “Жоним сени ёхуд эгизаклар” филмида рол ижро этганман. Шу филм орқали Боря образида жуда кўпчиликка ёқиб, мени киноларга таклиф қилишган.

Менга кўпчилик ҳам актёр, ҳам режиссёр, ҳам қизиқчи, ҳам продюсер экансиз, бунча касб оғирлик қилмайдими деса, биласизми қанақа савол бердингиз дейман. Битта ошхонага кирдингиз-да, бу ерда биринчи овқат ҳам бор экан, иккинчи овқат ҳам, салатлар ҳам борми? Нон ҳам қўясизларми, дейди. Бу ҳаммаси умумий битта ўзи, ошхонанинг асоси. Рэжиссёр ҳам худди шундай. Санъатнинг ҳар бир туридан бохабар бўлиши шарт. Шеъриятни ўзим олдиндан яхши кўраман. Эътибор берганмисиз, олган филмларим ҳаммасида шеърий эпизод бор.

- Хўп, мана, ҳозир мана шу жойда парадокс пайдо бўляпти-да. Сиз режиссёрликда ўқигансиз, лекин томошабин сизни Боря сифатида билади.

- Тўппа-тўғри.

- Хўп, охиригача сиз томошабин наздида ким сифатида қолишни хоҳлайсиз?

- Ҳам режиссёр, ҳам актёр сифатида. Раж Капур ўзи кино олган, ўзи рол ижро этган. Шу кўринишда ёдда қолишни хоҳлайман. Бизда рэжиссёрга эътибор қилишмайди. Фақат кинони кўришади. Кинода асли режиссёр ким? Футбол мураббийисига ўхшайди. Агар кино зўр чиқса, актёрлар интервю беришади, биз бу кинода жуда қийналдик, лекин яхши чиқиши учун ҳаракат қилдик. Агар кино сал омадсиз чиқиб қолса, режиссёр билан ишлашда адашдим-да, кўпчилик айтувди, шу кинода ўйнамагин деб, адашдим-да, деб тўнкаб қўйишади.

- Мақомингизни аниқлаштириб ҳам олдик.  Ўзи асли санъатга бегона бўлмаган оилада туғилгансиз. Лекин барибир кўп интервюларда очиқ гапирмагансиз, санъаткор бўлишингизга онангиз қарши бўлган экан. Нима сабаб?

- Шифокор ўз боласини шифокор қилмоқчи бўлмайди. Чунки у касбда азобларни кўради. Болам менга ўхшаб азобланмасин, ўғлим бошқа касбда бўлсин, дейди. Мен кўп орган ходимлари ўғлини санъаткор қилмоқчи бўлганини, битта санъаткор эса аксинча, ўғлини орган ходими қилмоқчи бўлганини кўриб, ўзини соҳасида қийинчиликни кўриб, фарзандига қийинчиликни раво кўрмайди, деганман. Онам ҳам санъат қийин нарса экан, дердилар. Дадамга кўп бора ўғлимиз санъаткор бўлмасин, деганлар. Лекин шуни билдим, олманинг тагига олма, шафтолининг тагига барибир шафтоли тушар экан.

- Шу санъатга меҳр бўлганидан Тошкентга келгансиз, ўқишга ҳам жойлашиб, ўртада ўқишни ташлаб кетган вақтингиз ҳам бўлган экан-а, эшитишимизга қараганда?

- Ҳа, онам касал бўлиб қолдилар, мажбуран бир йил ўқишни ташлаб кетгандим. Кейинги йил келиб, қайтиб кирдим.

- Бу гал қайси йўналишга киргандингиз?

- Биринчи қўғирчоқ режиссёрлиги йўналишига кирганман. Кейинги сафар драма кино режиссёрлигига ўқишга кирганман. Ўзи Санъат институтига киришим қизиқ бўлган. Уйдагилар ўқитмайман дегани учун Тошкентга қочиб келдим.

- Қочиб келдингиз?

- Ҳа, уйдан қочиб келдим-да. Мардикор бозорда ишлаб юрдим. Бир кун мардикор бозордан иш билан мени санъат институтининг олдига олиб келиб қўйишибди. Қарасам институт ётоқхонаси билан битта жойда, болалар ашулалар айтиб, рақсга тушишяпти. Қўлимда белкурак, биз ер ағдаряпмиз, Ўша куни мен хаёлотга кириб кетдим. Мен шу ерда ўқийман, дедим. Чунки у ерда бирор хафа одам йўқ эди. Менинг наздимда ҳамма хурсанд, ҳамма бир-бирини тушунган. Қувноқ одамлар даврасида мен мана шу ёққа ўқишга кираман, дедим. Қанақа қилиб кираман билмайман, лекин шу ерда ўқишим керак эди. Қўлимда белкурак билан орзу қилганман.

- Инсон битта нарсага эришиш учун барибир нималардандир воз кечади. Сизнинг ниятингиз Тошкентга ўқишга кириш, санъат соҳасида ўқиш бўлган. Ва шу соҳага ўқиш учун сиз нималардан воз кечдингиз?

- Жуда кўп нарсадан. Менинг кўзимга ҳеч нарса кўринмасди. Бизнинг Қизилтепа туманимиздан 13 та санъаткор чиққан. Балки шулар сабаб санъатга қизиқиш баланддир. Ойдин Ҳожиева, Меҳриддин Раҳматов, Эркин Бозоров, “Сарбон” гуруҳидаги Фарҳод Саидов, шулардан жуда кўпчилиги битта тумандан чиққан. У санъаткор бўлди-ку, шу тумандан чиқди-ку, мен ҳам бўламан, деб  кўпчилик шу институтга келган. Одамларни олдига бориб, дуо беринг, мен ўқишга кирмоқчиман, актёр бўламан десам, келиб-келиб сенми? Биласанми бу ерда пулли одамлар ўқийди, сен қандай кирасан, дерди.  Сиздан нима кетди, битта дуо берсангиз, дердим…

Интервюнинг тўлиқ шаклини видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид