Жамият | 23:26 / 19.05.2025
4216
2 дақиқада ўқилади

Россияда оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёл ва унинг уч фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди

Оила 2024 йилдан бери Сургут шаҳрида яшаб келган. Уйдаги жанжаллар сабаб аёл болалари билан Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган, аммо эркак уларнинг паспортларини олиб қўйган.

Фото: dunyo.info

Бош консулхона ходимлари кўмагида Россиянинг Сургут шаҳрида оилавий зўравонлик қурбонига айланган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди.

Маълумотга кўра, 15 май куни Бош консулхонага фуқаро И.М. турмуш ўртоғи Қ.М. томонидан кучли босим ва таҳқирларга учрагани сабабли доимий яшаш манзилига юборишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Мазкур оила 2024 йил май ойида вояга етмаган икки нафар фарзанд билан бирга Россиянинг Сургут шаҳрига келган. Мазкур оиланинг учинчи фарзанди ушбу шаҳарда туғилган.

Жабрланувчининг турмуш ўртоғи Россия ҳудудида қонуний бўлиши учун лозим бўлган ҳужжатларни расмийлаштирмаган ҳолда турли жойларда ишлаган. Оиладаги етишмовчиликлар, тайинли иш жойи ва даромаднинг йўқлиги сабабли мазкур оилада келишмовчилик юзага чиқади. Кунора бўлаётган жанжалдан тоқати тоқ бўлган она болаларини олиб Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган. Бундан хабар топган эркак уларнинг паспортларини олиб қўйган.

Дипломатлар мазкур оилада бўлиб, Қ.М.дан турмуш ўртоғи ва фарзандларининг ҳужжатларини олиб берган ҳамда уларни Екатеринбург шаҳрига олиб келган. Шунингдек, И.М.нинг Россияда туғилган учинчи фарзандига ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган.

И.М. ва унинг 3 нафар фарзандига 19 май кунги Екатеринбург—Наманган авиайўналишидаги самолётга авиачипта харид қилинган ва Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.

Мавзуга оид