Жаҳон | 15:59 / 09.05.2025
1121
2 дақиқада ўқилади

ЕИ G7 ташаббуси доирасида Украинага яна 1 млрд евро тўлади

Фото: Deutsche Welle

Европа Иттифоқи Украинага режалаштирилган 18,1 миллиард евродан 6 миллиард еврони макромолиявий ёрдам сифатида ажратди. G7 дастури доирасида Киевга ажратилган кредитлар Россиянинг музлатилган маблағларидан фоизлар ҳисобига тўланади.

8 май, пайшанба куни Еврокомиссия Украинага 1 миллиард евро миқдоридаги фавқулодда макромолиявий ёрдам кредитининг тўртинчи траншини ажратди. Маблағларнинг ажратилиши Украина Хотира ва Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалаба кунига тўғри келгани рамзий маънога эга, дейилади ЕК пресс-релизида.

Йил бошидан бери Европа Иттифоқи аллақачон G7 бошчилигидаги ERA (Extraordinary Revenue Acceleration - Фавқулодда даромадларни тезлаштириш) кредитлаш дастури орқали Украинага 6 миллиард евро ажратган. Европанинг ушбу дастурга қўшган ҳиссаси охир-оқибат 18,1 миллиард еврога етиши режалаштирилган.

Март ойида бўлиб ўтган Европа Иттифоқининг махсус саммитида Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, агар керак бўлса, ЕК Европа Иттифоқининг ЕRA ташаббусига қўшадиган ҳиссасини эртароқ оширишга тайёрлигини айтди. Брюссел бу масалада Киев билан яқин алоқада, деди фон дер Ляйен.

Мавзуга оид