Жаҳон | 22:02 / 09.05.2025
1846
2 дақиқада ўқилади

Эрон 11 май куни ядровий масалалар бўйича АҚШ билан музокаралар ўтказишга рози бўлди

Музокараларнинг тўртинчи раунди 3 май куни ўтказилиши керак эди. Аммо «логистика сабаблари»га кўра, у кечиктирилганди.

Фото: AP

Эрон 11 май куни Ўмонда АҚШ билан ядровий дастур бўйича музокараларнинг тўртинчи раундини ўтказиш таклифини қабул қилди. Бу ҳақда исми ошкор этилмаган манбасига таяниб, Tasnim агентлиги хабар берди.

Ядровий дастур бўйича музокаралар ўтказиш таклифи Ўмон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан билдирилган.

1 май куни Ўмон ТИВ Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларнинг 3 май санасига режалаштирилган раунди «логистика сабаблари»га кўра кўчирилишини эълон қилганди. Маслаҳатлашувларнинг учинчи раунди 26 апрел куни Маскатда бўлиб ўтган.

Теҳрон ўз ядро дастури фақат тинч мақсадларга қаратилганини айтиб келади, бироқ Халқаро атом энергетикаси агентлиги маълумотларига кўра, Эрон аллақачон юқори даражада бойитилган ураннинг катта миқдорига эга, бу эса унга қисқа вақт ичида ядровий қурол яратиш имконини беради. 2018 йилда, Доналд Трамп ўзининг биринчи муддатида АҚШни кўп томонлама ядровий келишувдан олиб чиққанидан бери Эрон ядровий дастури сезиларли даражада олдинга силжиди. Трамп Эрон билан келишувга эришилмаса, ушбу давлат билан уруш бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Аввалроқ АҚШ Эрон билан ядровий битим бўйича музокаралар доирасида Теҳрон ўзининг юқори бойитилган уранини учинчи давлат — масалан, Россияга топширишини таклиф қилгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид