Ўзбекистон | 13:18 / 12.05.2025
720
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тадқиқотлар учун ялпи харажатлар 4,5 трлн сўмни ташкил этди

Ўзбекистонда 2024 йил давомида тадқиқотлар ва ишланмалар учун умумий 4 триллион 581 миллиард 616 миллион сўм сарфланган.

Инновацион ривожланиш агентлигига кўра, 2024 йил давомида “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш стратегияси”да белгиланган кўрсаткичларга эришиш бўйича қуйидаги ютуқларга эришилди:

  • ҳудудларда инновация марказлари сони 216 тага етди (режага нисбатан 102,9 фоиз);
  • технологик инновациялар билан шуғулланувчи маҳаллий саноат корхоналари сони 265 тани ташкил этди (101,5 фоиз);
  • яратилган янги технологиялар сони 192 та (103,2 фоиз);
  • йиллик рўйхатга олинган патентлар сони 165 тага етди (201,2 фоиз);
  • хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилган илмий, инновацион ва технологик лойиҳалар сони 92 та (116,5 фоиз);
  • рўйхатга олинган стартаплар сони 531 тага етказилди (101,1 фоиз).

Агентлик томонидан молиялаштирилган тижоратлаштириш ва стартап лойиҳалари доирасида хусусий сектор томонидан тадқиқот ва ишланмаларга йўналтирилган инвестициялар ҳажми деярли 800 миллион сўмга ошиб, 5 миллиард 510 миллион сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, илмий-тадқиқот лойиҳалари доирасида хориждан 10,82 миллион АҚШ доллари (139 миллиард 150 миллион сўмдан ортиқ) миқдорида беғараз грант маблағлари жалб қилинди.

Мавзуга оид