Энергетикада янги нархлар, хусусий ОТМга талаблар ва урушга ёлланган ўзбеклар — ҳафта дайжести
Россия ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбуриятини олди. 1 майдаги нархлар ошиши билан, энергетикада тариф реформаси якунлангани айтилди. Ҳадеб танқид қилинадиган “Дамас” ўрнига бошқа арзон автомобил ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Хусусий университетлар устидан назорат кучайтирилади. Ортда қолган ҳафта янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Нархлар ошиши ва ойлик маошлар
Энергетика соҳасида расман “тариф ислоҳоти” деб аталган жараён якунланди. 1 май кунги нархлар ошишини Марказий банк раиси Тимур Ишметов ана шундай изоҳлади.
“1 май куни биз энергетика секторида тариф ислоҳотларининг иккинчи ва охирги босқичини якунладик. Маъмурий йўл билан тартибга солинадиган нархларнинг бошқа ўсишини кутмаяпмиз”, – деди Ишметов Халқаро валюта жамғармасининг тадбиридаги чиқишида.
Ойнинг илк санасида аҳоли хонадонлари учун электр энергиясининг базавий тарифи 33 фоизга, табиий газ 54 фоизга, автомобиллар учун метан ўртача 27 фоизга ошди. Метаннинг қимматлашиши такси нархларида ҳам акс-садо берди. Пропан шохобчаларида ҳозирча нарх ўзгариши сезилмаган бўлса-да, биржадаги нархларнинг 10 кун ичида 15 фоизга кўтарилгани тез орада якуний истеъмолчиларга ҳам таъсир қилиши мумкин.
1 майдан эътиборан, ўтган ҳафта хабар берганимиздек, жисмоний шахсларнинг хориждан божсиз товар олиб кириши бўйича янги, пасайтирилган нормалар кучга кирди. Бундан ташқари, интернетда тарқалган видеоларга қараганда, соат миллари 00:00 га ўтиши билан, божхона платформасида электромобиллар учун утилизация йиғими 4 баробарга ошган. Энди ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобилларни олиб киришда аввалгидек 11 млн сўм эмас, 45 млн сўм утилизация йиғими тўлаш керак бўлади.
Ойлик маошларга келсак, бу борада Статистика қўмитаси чораклик ҳисоботни эълон қилганидан бошқа янгилик йўқ. Ҳисоботга кўра, январ-март ойларида Тошкент шаҳридаги ўртача маошлар салкам 10 млн сўмга етиб қолган. Навоийда эса ходимлар ўртача 7 млн 300 минг сўм ойлик оляпти. Қолган 12 та ҳудуддаги ўртача маошлар 4,5 млн сўм атрофида; бундан 12 фоизлик даромад солиғи чегириб ташланса, аксарият ўзбекистонликларнинг картасига тушадиган расмий ойлиги миқдори 4 млн сўм ёки тахминан 300 долларни ташкил этади.
Статистика қўмитаси шу ҳафта эълон қилган бошқа бир ҳисоботга кўра, апрел ойида йиллик инфляция 10,1 фоизни ташкил этган. Расмий рақамлар охирги 3 ой ичида ички йўналишлардаги авиачипталар нархи 74 фоизга ошиб кетганини кўрсатмоқда. Нисбатан рақобатли халқаро авиақатновлар бозорида эса чипталар ўртача 12,5 фоизга қимматлашган.
Чипталарнинг қимматлигига жума куни давлат раҳбари ҳам эътибор қаратди. Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи вақтида маълум қилишича, маҳаллий рейсларнинг 95 фоизи “Ҳаво йўллари” ва Silk Avia авиакомпанияларига тўғри келади. Рақобат йўқлиги учун Тошкент–Урганч йўналишида бир ҳафта олдин чипта қолмайди, нархи қиммат. Бу ҳолатда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳлар ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради, деди президент. Ўзбекистоннинг барча резидент компанияларига ички рейсларни субсидиялаш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқиладиган бўлди.
“Дамас” ўрнини бошқа автомобил эгаллаши мумкин
Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи вақтида, Питнакдаги “Дамас” заводида арзон автомобил ишлаб чиқариш бошланишини эълон қилди. Президентнинг сўзларига кўра, автомобил 7 ўриндиқли бўлиб, Евро-5 экологик стандартига жавоб беради. Мутасаддиларга ҳамкорлар билан музокарани шу йил якунлаб, келаси йилда йирик узелли йиғиш усулида ишлаб чиқаришни бошлаш, 2027 йилда тўлиқ циклга ўтиб, маҳаллийлаштиришни 50 фоизга олиб чиқиш топшириғи берилди.
Айнан қанақа русумдаги автомобил ҳақида гап кетаётгани ва ҳамкорлар кимлиги маълум эмас. “Арзон” бўлиши айтилаётган 7 ўриндиқли машина чиқиши билан, пайдо бўлганига 34 йил бўлган Damas конвейердан олинадими-йўқми, бу савол ҳам ҳозирча очиқ. Эътиборлиси, Damas'дан воз кечилиши эҳтимолининг юзага келиши – сўнгги вақтларда Пискент автополигони билан боғлиқ кўплаб муҳокамаларда бу уловнинг хавфсизлиги ва техник талабларга жавоб бериши савол остига олингани фонида рўй бермоқда.
Ўзбекистонда 1996 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган “Дамас” янгиликлар лентасида тез-тез ортиқча одам ташиш ҳолатлари билан кўзга ташланиб туради. Бу ҳафта ҳам ана шундай иккита ҳолат аниқланди. Наманганнинг Косонсой туманида бир аёл ва хусусий боғчанинг 25 нафар тарбияланувчисини олиб кетаётган “Дамас” аниқланган бўлса, кўп ўтмай Сурхондарёнинг Денов туманидаги хусусий боғча рекорд ўрнатди: ҳайдовчи автомобил салонига 32 болани сиғдирган. Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳайдовчиларга чора кўрилган.
Хусусий университетларга талаблар кўпаяди
Ўзбекистонда хусусий университетлар устидан назорат кучайтирилади. Бу борадаги режалар чоршанба куни президентга тақдим этилди. Унга кўра, икки босқичли лицензиялаш тизимига ўтиш, таълим дастурларини махсус аккредитациядан ўтказиш ва ҳар 5 йилда комплекс давлат аккредитациясини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Таълим сифатини назорат қилиш учун ташқи баҳолаш билан шуғулланувчи мустақил ташкилот тузиш ҳам режа қилинган.
Қайд этиш лозим, бу каби ташаббусларга иқтисодчилар давлатнинг иқтисодиётга ортиқча аралашуви нуқтайи назаридан баҳо беради. Айниқса, таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш, оддийроқ айтганда, ниманидир ўқитишдан олдин амалдорлардан рухсат олиш кераклиги ва бошқа бюрократик талаблар коррупцион омилларни юзага келтиради, бу эса университет очиш ниятидаги инвесторлар назарида соҳанинг жозибадорлигини пасайтиради. Юқори рисклар шароитида етарлича инвестицияларнинг кириб келмаслиги эса бозорда рақобат ортиб боришини чеклайди, чекланган рақобат шароитида таълим сифати ҳам кутилганидек бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, охирги бир неча йилда хусусий олийгоҳ лицензиясини олиш қийинлашиб кетгани, айниқса юридик ёки тиббиёт йўналишида хусусий ОТМ очишга сунъий тўсиқлар борлиги айтиб келинади. Расмийлар буни бир неча бор рад этган. Аввалроқ хусусий университетлардан ноқонуний равишда пул талаб қилиш ҳолатлари кўзга ташланганди.
Мигрантлар масаласи: рус элчиси ТИВга чақирилди
Ўзбекистон Россиядаги фуқароларининг ҳуқуқлари бузилаётгани бўйича хавотир билдирди. Ташқи ишлар вазирлигининг шанба кунги хабарига кўра, вазирликда рус элчиси билан учрашув бўлиб ўтган, унда расмий Тошкент Россиядаги ўзбекистонликларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳолатлари кўпайиб бораётганига эътироз билдирган.
Бу учрашув Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия армияси билан шартнома тузган 1100 нафар ўзбекистонлик ҳақидаги маълумотларни Украина томонидан эълон қилиши ортидан рўй берди. Рўйхатда Ўзбекистон фуқаролари экани айтилаётган шахсларнинг исм-шарифи, туғилган санаси, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган санаси, ҳарбий хизматдаги шахсий рақами келтирилган. Қайд этилишича, бу – асир тушганларнинг рўйхати эмас, Россия томонида туриб, Украинага қарши урушган ёки урушаётганларнинг рўйхати. 1100 кишидан 109 нафари жанг майдонларида тирик қолмаган. Ўлганлардан энг ёши ҳали 22 га кирмаган, яна бири РФ Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганидан 8 кун ўтиб ҳалок бўлган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, бу маълумотлар ваколатли органлар томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра тегишли чоралар кўрилади. Вазирлик бошқа давлатларнинг ҳарбий тузилмаларига ёлланиш Ўзбекистон қонунчилиги бўйича жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатган.
Ҳафта давомида, шунингдек, Москвада меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон ва Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон томонидан Бош прокуратура, ДХХ ва ТИВ вакиллари қатнашди. Йиғилиш якунида икки мамлакат бош прокурорлари ўринбосарлари қабул қилинган қарорлар акс этган баённомани имзолади.
Ҳужжатга асосан, Россия Бош прокуратураси ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назорат ва кузатувни кучайтириш мажбуриятини олди. Худди шундай, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам Ўзбекистондаги россиялик мигрантларнинг ҳуқуқларини таъминлашга кафолат берган. Расмий хабарга кўра, имзоланган баённома ижроси Ўзбекистон ва Россия Бош прокуратуралари томонидан алоҳида назоратга олинади.
Тошкент ва Москва ўртасида музокаралар кетаётган яна бир масала – йирик атом электр станцияси қурилиши. Саноат кўргазмаси доирасида Тошкентга келган “Росатом” раҳбари Алексей Лихачев душанба куни президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлиб, Ўзбекистон гўёки катта АЭС қуришга қарор қилиб бўлган, лойиҳани бошлаш фақатгина вақт масаласи бўлиб тургандек баёнот берди. “Агар эмас, қачонки Ўзбекистон раҳбарияти катта АЭС мавзусига қайтса, бизда нафақат бўлажак объектларнинг шакли бўйича, балки шу ерда, Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва катта кўламдаги ишларни ўз ичига олувчи молиявий ва ташкилий масалаларда ҳам тайёр таклифларимиз бўлади”, деди Лихачев. Ўзбекистон томонининг расмий ахборотида, учрашувда ядро технологияларини қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда қўллаш, Тошкентдаги “МИФИ” филиалида кадрлар тайёрлаш каби масалалар кўриб чиқилгани айтилади.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ҳокими тадбиркорнинг биносини ноқонуний буздириб ташлади. У туман прокурори ва бошқа масъуллар билан бирга, воқеа жойига автогрейдерни олиб борган ва ҳайдовчига “Бос! Тозала!” дея топшириқ берган. Тадбиркорнинг бинодаги техникаларини олиб чиқиш учун 2 соат вақт сўраб қилган илтижоси ҳавода қолди. Бу қонунсизликка прокурорнинг томошабин бўлиб тургани ҳайратланарли. Ўша куни 10 суткага қамаб қўйилган тадбиркор, Kun.uz суриштирувидан кейин, озодликка чиқарилди. Бедодлик тафсилотлари билан батафсил YouTube каналимиздаги репортаж орқали танишишингиз мумкин.
Прокурорлар, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторлар бўйича вазифалардан озод этилди. Президент фармонига кўра, бундан буён секторлар ишига бош вазир ўринбосарлари ва Маҳаллалар уюшмаси масъул бўлади. Ушбу фармонда, шунингдек, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялашга оид қонун лойиҳасини май ойида тайёрлаб тугатиш вазифаси белгиланган. Бундан ташқари, эндиликда вазир ва ҳоким лавозимига номзодлар депутатлар тасдиғидан ўтиш учун коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режасини тақдим этиб, ҳимоя қилиши керак бўлади.
Картадан картага катта миқдорда пул ўтказишда қўшимча ҳимоя чоралари киритилади. Сешанба куни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтган қонун лойиҳасига кўра, жисмоний шахслар ўртасида катта миқдордаги пул ўтказмаларини қўшимча биометрик ва бошқа ҳимоя чораларини қўллаган ҳолда назорат қилиш йўлга қўйилади. Кетма-кет уч ёки ундан ортиқ пул ўтказмалари назорати автоматлаштирилади. Бу ўринда “катта миқдордаги ўтказмалар” деганда қанча миқдор ҳақида гап кетаётгани, шунингдек, “кетма-кет ўтказмалар” деганда қанча вақт оралиғи назарда тутилаётгани ҳозирча маълум эмас.
Ўзбекистонда электрон сигареталар тақиқланади. Чоршанба куни бу ҳақдаги қонун Сенатда маъқулланди. Унга кўра, никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари ва улар учун суюқликларни олиб кириш, ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Маъмурий чора 37,5 млн сўмдан 70 млн сўмгача жарима, жиноий жазо эса 12 йилгача озодликдан маҳрум этишдан иборат. Маҳсулот ихтиёрий равишда пайдо бўлган ва ихтиёрий топширилган тақдирда, шахс жавобгарликдан озод этилади. Киритилаётган тақиқ тамакини қиздириш тизимлари, стиклар ва носвойга тааллуқли бўлмайди.
Ўзбекистон матбуот эркинлиги индексида 148-ўринда қолди. “Чегара билмас мухбирлар”нинг 2025 йилги рейтингида мамлакатимизнинг 180 та мамлакат ичидаги ўрни ўзгармаган, шу билан бирга, баҳолаш индикаторларининг барчаси бўйича Ўзбекистоннинг баллари ёмонлашган. Муаллифларга кўра, ҳозир глобал миқёсда сўз эркинлиги энг паст даражага тушган. Бунга асосий сабаблардан бири – таҳририятларнинг молиявий шароити ёмонлашмоқда, чунки мустақил журналистика – автократлар учун тикан, дейди “Чегара билмас мухбирлар” раҳбари Аня Остерхаус.
Мавзуга оид

09:39
АҚШ билан виза музокараси, Россиянинг талаблари ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести

22:41 / 24.05.2025
Ўзбекистоннинг ликвид захиралари жорий йилда энг юқори чўққисига чиқиб, кейин камайиб боради — S&P

09:00 / 18.05.2025
“Ижтимоий тармоқлар қонуни” ва грин-картадаги лидерлик — ҳафта дайжести

17:27 / 16.05.2025