Жаҳон | 14:29 / 03.05.2025
1933
2 дақиқада ўқилади

Британияда ўнг популистлар маҳаллий сайловларда ғалаба қозонди

Найжел Фаражнинг Reform UK партияси илгари лейбористлар ёки консерваторлар бўлган сайлов округларида ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Унинг матбуот котиби бошпана сўровчиларни меҳмонхоналарга эмас, балки чодирларга жойлаштириш кераклигини айтди.

Фото: Joe Giddens/AP Photo/picture alliance

Буюк Британияда ўнг партияларнинг машҳурлиги ошишининг умумевропа тенденцияси давом этди. 1 май куни бўлиб ўтган муниципал сайловларнинг дастлабки дастлабки натижаларига кўра, британиялик депутат Найжел Фараж бошчилигидаги ўнг популистик Reform UK партияси бошқа барча партиялар бирлашганидан кўра кўпроқ мандат олади, деб хабар берди 2 май, жума куни BBC Рус хизмати.

Унинг таъкидлашича, Reform UK илгари лейбористлар ёки консерваторлар партиясини сайлаган сайлов округларида ғалаба қозонишга муваффақ бўлган ва экспертлар бу натижани икки партиявий тизимга жиддий таҳдид деб атаган.

Бутун мамлакат бўйлаб 1600 дан ортиқ муниципал кенгаш аъзолари ва кўплаб мэрлар сайланди. 2024 йил июнь ойида ўз ўрнини йўқотиб, Reform UK партиясига ўтган собиқ консерватив депутат Андреа Женкинс Линколншир мэри учун пойгада ғолиб чиқди. Бундан ташқари, унинг партияси округ кенгашидаги кўпчилик ўринларни қўлга киритди. Муваффақиятни шарҳлар экан, Женкинс «юмшоқ Британия»га барҳам беришини ва мамлакатда бошпана сўровчиларни меҳмонхоналарда эмас, балки чодирларда жойлаштириш кераклигини айтди.

Олти йил муқаддам "Брекзит" партияси асосида тузилган Reform UK жорий сайловлар ҳукмрон лейбористлар ва мухолифатдаги консерватив партиялардан ташкил топган кўп асрлик икки партиявий сиёсий тизимнинг «қулашини бошлашига» умид қилмоқда. Унинг етакчиси, "Брекзит"нинг асосий шахсларидан бири Найжел Фараж иммиграцияга қарши сиёсат олиб боради ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг дўсти саналади, деб хабар бермоқда Reuters.

Мавзуга оид