«Жалолиддин Мангуберди» тезюрар поезди 2026 йилдан ишга туширилади
Тезюрар поезд Тошкент ва Хивани боғлайди, йўл 14 соатдан 7 соат 40 дақиқага қисқаради. Шавкат Мирзиёев Хоразмда янги вагонларни кўздан кечирди, жамоатчилик билан бирга поездда Урганчдан Хивага борди.

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи давомида темирйўл инфратузилмасини кўздан кечирди.
Қайд қилинишича, бугунги кунда 465 километрлик «Бухоро-Урганч-Хива» темир йўли электрлаштирилиб, ҳимоя тўсиқлари ўрнатилган ва зарур иншоотлар қурилган. Бу йўналиш учун Жанубий Кореянинг «Hyundai Rotem» компаниясидан юқори тезликдаги 6 та электропоезд харид қилиниб, келгуси йилдан «Жалолиддин Мангуберди» номи остида Тошкент-Хива йўналишига қўйилади.
Натижада йилига 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилади. Ҳозир Тошкентдан Хивага 14 соат ҳаракатланадиган поезд мазкур йўналишда ҳаракатга қўйиладиган электропоезд имкониятлари туфайли 7 соат 40 дақиқада етиб боради.
Шунингдек, юк поездлари ўтказувчанлиги қарийб 6 миллион тоннага етади. Ҳозир бу кўрсаткич 1 миллион тонна.
Таъкидланишича, президент Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги вагонларни ҳам кўздан кечирди. Келгуси икки йилда йўловчи вагонлари сони 70 тага етказилиб, эски турдагиларидан босқичма-босқич воз кечилади. Натижада йилига бир миллион нафардан ортиқ қўшимча йўловчини ташиш имконияти яратилади.
Президент ушбу янги поездда жамоатчилик билан бирга Урганчдан Хивага борди. Йўл бўйлаб жойлардаги ободончилик, дала четларида экилган кўчатларни кузатиб борди.
Қайд қилинишича, вилоятда ўтган йили «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 10 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилган. Йирик саноат корхоналари томонидан «яшил белбоғ»лар барпо этилган.
Мавзуга оид

19:35
Шавкат Мирзиёев Венгрия ва Словенияга ташриф буюради

20:52 / 15.05.2025
Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президенти билан учрашди

17:41 / 15.05.2025
Таълим соҳаси раҳбарларини таълим билан боғлиқ бўлмаган мажлисларга чақириш тақиқланди

17:38 / 15.05.2025