Урушларнинг ўзгарган мотиви: ташқи таҳдид эмас, ички сиёсий мақсадлар
Иккинчи жаҳон урушидан кейин, инсоният урушлар борасида жуда жиддий хулосалар қилган, уруш олови билан ўйнашмасликка қасам ичган эди. Лекин мана, орадан 80 йил ўтиб, жаҳон ОАВда яна урушлар билан боғлиқ хабарлар одатий ҳолга айланиб қолди. Уруш борасидаги глобал сиёсий тафаккур ўзгарди.

Хўш, ҳозирги урушлар олдинги урушлардан нима мотивлар билан фарқланади? Урушнинг социологияси қандай, қай томон ўзгарди?
Бу саволга жавоб излаш учун, 20-асрдаги энг йирик биринчи ва иккинчи жаҳон урушларига тўхталишимиз зарур бўлади.
Биринчи жаҳон урушида мафкура йўқ эди. 1914-1918 йиллардаги уруш бирон бир кучли ғоя ёки мафкуравий бўлинишлар асосида кечмади. Европадаги қудратли давлатлар, шунчаки, ўзаро муносабатларга аниқлик киритиш, таъсир доираси ва ҳудудларга талашиб, урушишди. Бу урушнинг бошланиши ҳам, ҳеч ким илғамаган битта ходисадан бошланди ва кун сайин кенгайиб борди. Бу урушда иккита йирик команда бор эди. Бир томондан Антанта: Британия, Франция ва Чор Россияси. Иккинчи томондан Германия, Австрия-Венгрия ва Усмонли Турк империяси. Биринчи жаҳон урушига бешта монархия кирган бўлса, фақат биттасида монархия сақланиб қолди – Британия. Россияда подшолик йиқилиб, ҳокимиятга болшевиклар келди. Усмонли Турк подшолиги йиқилиб, Туркия Республикаси пайдо бўлди. Германияда ҳам Кайзер монархияси йиқилди. Австрия-Венгрияда нафақат монархия йиқилади, балки бу давлат парчаланиб кетади. Франция эса олдиндан республика эди, республикалигича қолади.
Иккинчи жаҳон урушини иккита тоталитар давлат биргаликда бошлайди, булар – Германия ва СССР. Иккисида ҳам бир партиявий тизим, тоталитар мафкура, якка шахс лидерлиги. Лекин бу икки тоталитар давлатнинг битта принципиал фарқи бўлади. Германия – миллатчи, немис миллатининг улуғворлигига асосланган тоталитар давлат эди. СССР эса, интернационал – кўпмиллатли тоталитар давлат эди. Бу иккиси 1941-44 йилларда ўзаро урушади. 1944 йилда иккинчи фронт очилиб, унга АҚШ қўшилади ва уруш бир томондан тоталитаризм, иккинчи томондан либерализм ўртасидаги мафкуравий аҳамият касб этади
Баъзи экспертлар “совуқ уруш”ни дунёдаги учинчи жаҳон уруши деб таснифлашади. Иккинчи жаҳон уруши тугаши билан, бу урушда ғалаба қозонган кучлар икки қутбга бўлинишади. СССР ва АҚШ дунёда ўз мафкураси ва таъсир доираси учун планетанинг барча нуқталарини қамраб олувчи тизимли курашни, рақобатни бошлаб юборишади. Бу икки давлат ўзаро бевосита тўқнашувдан қўрқишади, қочишади. Чунки бу икки давлат урушса, ядровий тўқнашув бўлиш хавфи жуда юқори эди. Ядровий тўқнашув эса бу иккала давлатни кафолатли йўқ қилиб юборар эди. Шу сабаб, Москва ва Вашингтон 40 йил давомида прокси урушлар олиб боришади. Вьетнамда социалистлар ҳокимиятга келмаслиги учун АҚШ бу давлатга кириб келади, ва СССР ёрдами натижасида, АҚШ қақшатгич зарба олади. Афғонистонда эса АҚШ ва Покистон ҳарбий базалари бўлмаслиги учун бу давлатга СССР бостириб киради ва АҚШ ҳамда унинг иттифоқчилари ёрдамида, СССР ютқазади.
Совуқ уруш даврида дунёда учта мафкура, глобал лойиҳа ўртасида кураш кетаётган эди: бозор иқтисодиётига асосланган демократик либерализм, социализм ва учинчи дунёнинг “қўшилмаслик ва учинчи тараққиёт йўли” модели. Бироқ, СССРнинг қулаши ортидан нафақат социализм ўйиндан чиқди, балки учинчи тараққиёт модели ҳам дунё саҳнасидан кетди. Хитой Халқ Республикаси режалаштирилган иқтисоддан бозор иқтисодиётига ўта бошлади. Натижада, дунёда ғарбга ва бозор иқтисодиётига муқобил бўлган бошқа модел шаклланмади. Ғарб ва унинг қарашлари монополистик характерга эга бўлди.
1991 йилда Саддам Ҳусайн Ироқи Кувайтга бостириб киради. АҚШ ва унинг араб иттифоқчилари Саддам армиясига қарши 120 соатлик урушда тўлиқ ғалаба қозонади, Саддам армияси 5 кун ичида тўлиқ тор-мор этилади. Шундан сўнг ғарб ўзининг ҳарбий қудратига катта умидлар юклаб бошлайди. Сабаби, энди СССР ёки бошқа муқобил кучлар йўқ эди.
Совуқ уруш давридаги урушларда стратегик хавфсизлик асосий мотив бўлар эди, яъни душманнинг таъсири очиқ-ойдин ошиб бориши фонида, бошқа тарафларда уруш қилишдан бошқа чора қолмас эди. Бироқ, кейинги даврлардаги урушларда ички сиёсий мотивлар асосий сабаб бўлмоқда.
Бугунги кундаги урушларни олайлик. Россия–Украина уруши. 2014 йилда Қрим аннекциясидан кейин Кремлнинг рейтинги ошиб кетди. Аннекцияга қадар Путинга 60-70 фоиз аҳоли ишонган бўлса, аннекциядан кейин унинг шуҳрати 80-85 фоизгача етди. Путин ва унинг атрофидагилар Украинага уруш қилиб, “уч кунда Киевни оламиз, ва ўзимизнинг сиёсий вазиятимизни узоқ йилларга янада мустаҳкамлаймиз!” деган қарашда бўлгани ҳақидаги тахминлар жуда кучли ва асосли. Лекин, бу уруш чўзилиб кетди.
Ёки, Исроилнинг Ғазодаги қирғинбарот уруши. Тўғри, 2023 йилнинг октябрида Ҳамас Исроилга ҳужум қилди, лекин савол пайдо бўладики, нега Исроил нопропорционал қирғинбарот қиляпти? Нега нишонга Ҳамас эмас, оддий фаластинликлар, бегуноҳ болалар ва аёллар олиняпти? Бунга сабаб – Нетаняҳу ўзининг ҳокимиятини ушлаб туриш учун, Исроил ичидаги суд жараёнларидан ва халқаро майдондаги судлардан қочиш учун ҳам, урушни тўхтатиш ниятида эмас. Нетаняҳу ва унинг ашаддий миллатчи ҳарбий кабинети учун, уруш қанча чўзилса – шунча яхши.
Шу кунларда Ҳиндистон–Покистон тирашуви яна авжида. Расмий хабарларга кўра, Жамму-Кашмир минтақасида бир номаълум террористик гуруҳ теракт уюштирган ва ишда Ҳиндистон Покистонни айбламоқда. Бироқ, бу теракт на Покистонга, ва на Ҳиндистондаги мусулмонларга керак эмас. Моди – миллатчи партия вакили, у исломофоб. Ҳиндистон – кейинги йилларда Исроил ва АҚШ билан яқин ҳарбий-стратегик ҳамкорлик қилаётган давлат. Бу теракт фонида Моди ҳукумати учун АҚШ ва Исроил билан, бир томондан Хитойга ва Покистонга, иккинчи томондан, ислом ва мусулмонларга қарши ҳамкорликни кучайтириш учун қулай мафкуравий мотив пайдо бўлди. Ёки пайдо қилинди. Яъни Кашмир атрофидаги зиддиятларда ҳам Покистондан бўлаётган реал таҳдид эмас, ички сиёсий ва минтақавий геосиёсий мотивлар устунлик қилаётгандек.
Дунёда урушлар стандартлашиб улгурди. Қолаверса, дунёда кучлар нисбати ўзгаряпти. Кучлар нисбати бир-бирига яқинлашганда, ёки олдинги энг қудратли давлатнинг монополияси йўқолганда, у ёки бу томон доим янги консенсус яратишга ёки эски консенсусни тиклашга уринган. Бу – катта урушлар дегани. Мана шу фонда биз учун аҳамиятлиси – Марказий Осиё давлатларининг, туркий дунёнинг стратегик ҳамкорлиги, бирлиги ва жипслиги ҳисобланади. Ўзаро ҳарбий ёрдам ва умумий мудофаа масалалари ҳам шулар жумласидан.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид

17:33 / 31.05.2025
Россия «буфер зона» яратиш учун Суми областига ҳужум қилмоқда. Бу амалга ошадими?

16:55 / 31.05.2025
Россия Запорожие йўналишида ҳужум бошлади – Сирский

08:43 / 31.05.2025
Оқ уй келаси ҳафта Россия ва Украина тўғридан тўғри музокаралар ўтказишига умид қилмоқда

08:01 / 31.05.2025