Исроилга қарши суд эшитуви, Ҳиндистон ҳужумини кутаётган Покистон ва Украинада 9 май оташкесими — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

БМТ судида Исроилга қарши эшитув бошланди
БМТ Халқаро суди Исроилнинг Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга гуманитар ёрдам кўрсатиш мажбуриятларини муҳокама қилишни бошлади. Бу жараён БМТ Бош Ассамблеясининг мурожаати ортидан бошланди. Асосий сабаб — Исроилнинг UNRWA агентлиги фаолиятини тақиқлаши ва Ғазога ёрдам киритишни чеклаши бўлди.
БМТ март ойидан бери ёрдамнинг тўхташи Ғазода ҳалокатли оқибатларга олиб келаётганини билдириб, Исроилни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирди.
7 октябрдан буён Ғазода ҳалок бўлганлар сони 52 минг 314 кишига етди. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги сутка ичида 71 киши ҳалок бўлиб, 153 киши яраланган.
Исроил 18 мартдан қайта бошлаган ҳужумлар натижасида 2222 фаластинлик ҳалок бўлган, 5751 киши жароҳат олган. Жаҳон ҳамжамияти Ғазодаги вазият юзасидан жиддий ташвиш билдирмоқда.
Покистон Ҳиндистон ҳужумига тайёрланмоқда
Покистон мудофаа вазири Ҳавожа Асиф Ҳиндистон армиясининг Покистон ҳудудига бостириб киришини «муқаррар» деб атади. Reuters агентлигига берган интервьюсида у мамлакат кучлари мустаҳкамланганини ва стратегик қарорлар қабул қилинганини маълум қилди.
Асифнинг сўзларига кўра, Покистон армияси ҳукуматни эҳтимолий ҳужум ҳақида олдиндан огоҳлантирган. Ҳозирда Исломобод Хитой, Форс кўрфази давлатлари, Буюк Британия ва АҚШ билан алоқада эканини ҳам қайд этди.
22 апрел куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатидаги теракт ортидан икки давлат ўртасида кескинлик янада ошган. Ҳиндистон Покистонни айблаган ва чегарани ёпган. Покистон эса ҳарбий тайёргарликни кучайтирди.
Икки давлат ҳам ядровий қуролга эга бўлиб, Ҳавожа Асиф ядро қуроли фақат тўғридан-тўғри таҳдид ҳолатида қўлланишини таъкидлади. Ҳиндистон эса кескинлик шароитида ракета синовларини амалга оширган.
Путин Украинада қисқа оташкесим эълон қилди
Россия президенти Владимир Путин 9 май — фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Украинада қисқа муддатли оташкесим эълон қилди. Кремл маълумотига кўра, Россия қўшинлари 7 май ярим тундан 10 май ярим тунгача ҳарбий операцияларни тўхтатади.
Баёнотда таъкидланишича, бундай қарор инсонпарварлик нуқтаи назаридан қабул қилинган. Кремл Украина томонини ҳам шундай ўт очишни тўхтатиш режимига амал қилишга чақирди. Шу билан бирга, агар Украина шартларни бузса, Россия Қуролли Кучлари «шунга мос ва самарали жавоб» қайтаради.
Кремл Россия томони «ҳеч қандай дастлабки шартларсиз» тинчлик музокараларига тайёр эканини яна бир бор таъкидлади. Москва халқаро ҳамкорлар билан конструктив ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Аввалроқ, Путин Пасха байрами муносабати билан ҳам ўт очишни тўхтатган эди, аммо кейин томонлар бир-бирини шартларни бузганликда айблаган эди.
Янукович сиртдан 15 йилга ҳукм қилинди
Киевнинг Подолск район суди Украина собиқ президенти Виктор Януковични сиртдан 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. У 2014 йилда Россияга қочиш пайтида одамларни ноқонуний равишда давлат чегарасидан ўтказиш ва дезертирликка ундашда айбдор деб топилди.
Януковичнинг собиқ хавфсизлик хизмати бошлиғи Константин Кобзар ҳам худди шу иш бўйича 10 йиллик қамоқ жазосини олди. Суд хулосаларига кўра, улар ҳаво йўли орқали камида 20 нафар хавфсизлик ходимини ноқонуний равишда Украинадан Россияга олиб ўтган.
Бу Янукович учун Украинада чиқарилган иккинчи сиртдан ҳукмдир. 2019 йилда у давлатга хиёнатда айбланиб, 13 йилга қамалган эди. Янукович 11 йилдан бери Россияда яшириниб юрибди.
Подолск суди таъкидлашича, Януковичнинг ҳаракатлари Украина суверенитетига ва давлат чегараларига қарши жиддий қонунбузарлик сифатида баҳоланган.
Германия Трампнинг Украина режасини танқид қилди
Германия мудофаа вазири Борис Писториус АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг Украинага ҳудудий ён беришлар орқали тинчликка эришиш таклифини кескин танқид қилди. У Tagesschau нашрига берган изоҳида бу ташаббусни «Украинанинг капитуляцияси» деб атади.
Писториуснинг таъкидлашича, агар шундай йўл тутиладиган бўлса, Украина бир йил олдиноқ таслим бўлган бўлар эди. У Украина барқарор тинчликка эришиш учун муайян муваққат йўл бериш эҳтимолини тушунаётганини, аммо бунга ишончли хавфсизлик кафолатлари ҳамроҳ бўлиши зарурлигини урғулади.
Axios нашри маълумотларига кўра, Трамп режаси Қримни Россияники деб тан олиш, Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областларини Россия назоратида қолдиришни ўз ичига олади. Шунингдек, Харкив областининг босиб олинган қисми қайтарилиши ва Запорижжя АЭС расман Киевга ўтиши, аммо уни АҚШ бошқариши назарда тутилган.
Келишув амалга ошса, Трамп 2014 йилдан буён Россияга қўйилган барча санкцияларни бекор қилишга тайёрлигини билдирган.
Доналд Трампнинг рейтинги пасайиб бормоқда
Доналд Трамп январда Оқ уйга қайтганида сиёсий фаолиятидаги энг юқори қўллаб-қувватлаш даражасини қайд этганди. Аммо CNN сўровига кўра, бор-йўғи 100 кунда унинг рейтинги кескин пасайди. Апрел охирида Трампнинг иш фаолиятини қўллаб-қувватлаш даражаси 41 фоизгача тушиб кетган — бу 1950 йиллардан бери янги президентлар орасида энг паст кўрсаткичдир.
Ҳисоботга кўра, аёллар ва лотин америкаликлар орасида қўллаб-қувватлаш 7 фоизга камайган. Мустақил сайловчилар орасида эса рейтинг 31 фоизга тушиб, антирекорд янгиланди. Инфляция ва тариф сиёсати бўйича маъқуллаш даражаси 35 фоизга тушган, иқтисодий сиёсатда эса декабрдан бери 13 пункт йўқотилган.
Федерал бошқарув ва кадрлар сиёсати бўйича ишонч даражаси ҳам пасайган. Миграция сиёсатидаги кескин чоралар Америкада хавотир уйғотган, айниқса оммавий миграцияга учрайдиган штатларда.
Трампнинг ташқи сиёсатдаги Россияга нисбатан юмшоқ ёндашуви ва Украинага ёрдамларни қисқартиришини 60 фоиз аҳоли қўллаб-қувватламайди.
Европада кенг кўламли блэкаут юз берди
28 апрел куни Португалия, Испания ва қатор Европа давлатларида кенг кўламли электр узилиши рўй берди. Лиссабонда метро тўхтаб, йўловчилар вагонларда қамалиб қолди, Порту ва Фаруда аэропортлар захира генераторларига ўтди.
Испанияда ҳам вазият оғир бўлди: Мадриддаги Барахас аэропорти ёпилди, Барселона ва Мадрид метролари ишламай қолди. Свeтофорлар ўчди, мобил алоқа ва банк хизматларида узилишлар юзага келди. Темирйўл қатнови тўхтатилди.
Франция ва Германияда ҳам қисқа вақтда электр таъминоти узилди. Авариядан кейин давлатлар таъминотни тиклаш устида иш олиб борди.
Financial Times манбасига кўра, ҳодиса сабаби киберҳужум бўлиши мумкин. Бироқ, айрим манбаларга кўра Испанияда ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши — ноёб атмосфера ҳодисаси электр узатиш линияларида тебранишларни вужудга келтирган бўлиши ҳам айтилмоқда.
Ҳофиз Асаднинг жасади ўғирлаб кетилди
Суриянинг собиқ президенти Ҳофиз Асаднинг жасади қабрдан чиқарилиб, номаълум жойга олиб кетилди. Бу ҳақда Исроил матбуотига таяниб Interfax хабар берди. Ҳозирча жасад қолдиқларни айнан ким ўғирлагани аниқ эмас.
Аввал намойишлар пайтида Ҳофиз Асаднинг мақбараси таҳқирланган эди. Ижтимоий тармоқларда бу сафарги ҳолат вандализм эмас, балки уни таҳқирланишдан сақлаш мақсадида Башар Асад оиласи тарафдорлари амалга оширгани тахмин қилинмоқда.
Ҳофиз Асад 1971 йилдан 2000 йилда вафот этгунигача Сурияни бошқарган. У давлат тўнтариши орқали ҳокимиятга келган эди. Унинг ўғли Башар Асад отасидан сўнг мамлакатни бошқариб, 2024 йилда фуқаролар урушида мағлуб бўлиб, Россияга чиқиб кетган.
Ҳофиз Асад Сурия тарихида катта ўрин тутади ва унинг жасади атрофидаги бу воқеа мамлакатдаги сиёсий мураккабликни янада очиб бермоқда. Воқеа бўйича расмий изоҳлар ҳали берилмади.
Пекин савдо урушларидан ташвишда эмас
Хитой расмийлари АҚШнинг янги божлари мамлакат иқтисодиёти тикланишига таҳдид солмаслигини маълум қилди. Давлат ривожланиш ва ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари Жао Чэнсин ялпи ички маҳсулот ўсиш кўрсаткичлари 2025 йилда 5 фоизни ташкил этишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, биринчи чоракда эришилган натижалар йил давомида барқарор ўсиш учун мустаҳкам пойдевор яратган. Жао халқаро шароитдан қатъи назар, Хитой ўз тараққиёт мақсадларига содиқ қолишини қайд этди. Шу билан бирга, иккинчи чоракда янги иқтисодий чоралар эълон қилиниши кутилмоқда.
Шу пайтда Халқаро валюта жамғармаси ва йирик банклар — Goldman Sachs ҳамда UBS — Хитой бўйича ўз ўсиш прогнозларини пасайтирди. Улар савдо урушлари натижасида 2025–2026 йилларда ўсиш расмий мўлжаллардан паст бўлиши мумкинлигини билдирди.
Мавзуга оид

09:34
Америкалик профессор: «Фаластин масаласи - инсониятнинг умиди»

08:59
Исроил ҲАМАСдан АҚШнинг сулҳ режасини қабул қилишни талаб этмоқда

08:48
Трамп пўлат ва алюминийга божларни 50 фоизгача оширишга қарор қилди

08:43