“Чуқурларга тўла кўча” – Фарғона шаҳри марказидаги абгор йўл қачон таъмирланади?
Фарғона шаҳри Камолиддин Беҳзод кўчасидаги автомобил йўли неча йиллардирки ҳайдовчиларнинг эътирозини келтириб чиқармоқда. Сабаби марказни бошқа кўчалар билан боғловчи мазкур йўл чуқурларга тўла. Ҳайдовчилар йўлдан мажбурликдан ҳаракатланишади. Kun.uz мухбири ҳайдовчилар билан суҳбатлашиб ҳолатни ўрганди.

“Ўзимиз пул тўплаб асфалт қилайликми?”
“Бир кунда бу йўлдан нечта машиналар ўтади сўкиниб, бир-бири билан тортишиб. Неча марта ёзганмиз ҳокимиятга. Йўлни таъмирлаб беринглар ё ўзимиз пул тўплаб қилайликми деб, ҳеч иложи бўлмаяпти. Бошқа йўллар ҳаммаси асфалт бўлди, бу кўча неча йилдан бери ямоқлигича қолди.
Машина топиш қийин, битта баллон мунча сўм бўлса. Нима қилишимиз керак? Кимга мурожаат қилайлик? 50 йил олдин ремонт бўлган бу кўча. Мана қаранг, ҳамма ёғи “яма”-ку. Ямоқ. Бир йилда беш-олти марта “ходовой” қиляпмиз. “Запчастлар” қиммат бўлса”, – дейди Аҳмаджон Саидов.
“Чуқурлардан қочиш ҳам хавфли...”
“Бир кунда камида уч марта юраман шу кўчадан. Йўллар дабдала, “ғадир-будур”. Энг ёмони машинани чуқурдан олиб қочсангиз тўсатдан одам чиқиб қолиши мумкин, ҳаракатга хавф туғдиради-да. Шу, қачон йўлимиз текис чиройли бўлар экан.
Илтимос, масъуллар шу йўлларни чиройли қилиб беришсин, бемалол машина ҳайдайлик. Қишлоқ бўлса ҳам майли, шаҳар жойларда ҳаракат кўп. Иложи йўқ, тормоз берсангиз чуқурга тушасиз, майли у ҳам. Энди баъзида адашиб чуқурга туша олмай қолиб ё қарама-қарши томонга чиқиб кетиб қолсангиз-чи? Ким жабрланади унда? Пиёдаларга бўлади. Йўллар текис бўлса, хотиржам юрасиз”, – дейди яна бир ҳайдовчи.
“Ямашади холос”
“Бу кўчадан бир кунда 10 мартадан ошиқ юрсам керак, лекин йўллар жуда расво. Йўлларни кўриб бўлмайди, ҳамма ёғи “яма”. Полша бозорнинг йўли, турманинг йўли, “дом радио” кўчаси умуман талабга жавоб бермайди.
Кимларга қарашли бўлса, шу йўлларни чиройли қилиб асфалт қилиб беришса, ҳайдовчилар хурсанд бўламиз. Бу кўчага ҳеч ким эътибор қаратмаяпти. Нима қилиш керак, кимга мурожаат қилиш керак, бошимиз қотган. Доим чуқурчаларни ямашади холос. Асфалт қилишганини кўрганим йўқ”, – дейди Нодирбек Хожиев.
“Шаҳарга ярашмайди бу йўл...”
“Бу йўлдан бир кунда 10-15 марта ўтаман. Бу ҳам шаҳарнинг ичи. Нега энди шаҳарнинг ичидаги айнан шу кўча ажратиб қўйилади, эътибор берилмайди таажжубдаман. Қилиб қўйса бўлади-ю мутасаддилар, тўғрими? XXI аср, бундай йўллар билмайман энди XVIII асрга тўғри келадими? Бу фақатгина менинг фикрим эмас-у, Фарғона шаҳридаги мана шу кўчадан ҳаракатланадиган ҳар битта ҳайдовчи айтиши мумкин. Фарғона шаҳрига ярашмайди бу кўча. Эътибор қаратиш керак, тузатиш керак.
Ана қаранг, биттаси рулига уриб келяпти, ямага тушди-да. Сабаби машинани пешона терига қийналиб олган. Бу йўлдан бир ой қатнайдиган бўлса, машинаси ҳам тўкилиб кетади-ю”, – дейди Низомиддин Холжўраев.
Ҳайдовчилар эътирозига сабаб бўлаётган йўл қачон мукаммал таъмирдан чиқарилади? Бу ҳақда Фарғона шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси техник назоратчиси Нодир Мамажоновдан изоҳ олдик.

“Камолиддин Беҳзод кўчаси ҳақиқатан ҳам таъмирталаб, ҳайдовчиларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқаряпти. Шуни инобатга олиб, Ободонлаштириш бошқармаси, ҳокимлик ташаббуси билан 2025 йилнинг иккинчи чорагига жорий таъмирлаш кўзда тутилган.
Бошидан охиригача асфалт қопламасини янгилаш катта маблағ талаб қилганлиги сабабли Фарғона вилояти ёки Фарғона шаҳар ҳокимлигининг миқёсида ҳал қилинадиган иш бу. Ҳокимиятга бу масалада таклиф киритамиз”, – дейди Нодир Мамажонов.
Kun.uz ҳолатни кузатишда давом этади.
Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.
Мавзуга оид

17:02 / 15.05.2025
“Барибир шу ерга қурамиз”– Фарғона шаҳрида болалар майдончаси ўрнига “дом” қуриляпти

22:06 / 13.05.2025
Тошкентдаги кўчалардан бири автомобиллар ҳаракати учун 2 кунга ёпилади

13:36 / 03.05.2025
Фарғона ва Урумчи ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйиляпти

12:15 / 28.04.2025