Жамият | 17:25 / 24.04.2025
13324
1 дақиқада ўқилади

Истанбулдаги зилзилада кучли қўрқув туфайли Ўзбекистон фуқароси вафот этди

Зилзила вақтида юқори қаватда турган фуқарода кучли қўрқув сабаб юрак етишмовчилиги содир бўлган.

Фото: Reuters

Истанбул шаҳрида яшаб келган Ўзбекистон фуқароси 23 апрел куни юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Истанбулдаги Бош консулхона хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ҳолат Истанбулда содир бўлган зилзила вақтида юқори қаватда турган фуқаронинг кучли қўрқув ҳолатига тушиши натижасида юз берган.

Таъкидланишича, Бош консулхона марҳумнинг жасадини ватанга юбориш бўйича зарур консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий чораларни кўрмоқда.

23 апрел куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида давомли ер силкинишлари кузатилди, улардан иккинчисининг магнитудаси 6,2 баллни ташкил этди. Соат 12:13 даги биринчи ер силкиниши кучи эса 3,9 магнитудага тенг бўлган. Икки зилзила эпимаркази ҳам Истанбулнинг марказий қисмидан 50 километр ғарбда, Мармар денгизи соҳилидаги Силиври шаҳри яқинида жойлашган.

Истанбул губернатори офисига кўра, камида 151 киши жароҳатланган, улар ер қимирлаши вақтида ваҳимага тушиб, ўзларини баланд жойлардан ташлашган.

 

Мавзуга оид