Жаҳон | 21:49 / 25.04.2025
12455
4 дақиқада ўқилади

“Истанбул чўкса, бутун Туркия чўкади” – зилзиладан кейин истанбулликлар кўчаларда тунади

23 апрел куни Истанбул ва унинг атрофидаги ҳудудларда давомли зилзилалар содир бўларкан, аҳолини қўрқув босди. Расмийлар ва ҳокимият вакиллари одамларни уй ичида қолмасликка чақириб, ер қимирлаши қайталашидан огоҳлантирди. Қўрққанимиз учун оиламиз аъзолари билан масжидда тонг оттирдик, дейди бугун Истанбулда яшовчи юртдошимиз Отабек Тиллаев.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Туркия табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (АФАД) маълумотига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан соат 12:49 да Мармар денгизи ҳудудида, Истанбулнинг ғарбий чеккаларидан узоқ бўлмаган ҳудудда қайд этилган. Расмийлар кейинги соатлар мобайнида 50 дан ортиқ афтершок содир бўлганини маълум қилди. 6,2 магнитудали зилзилада ер 13 сония давомида қимирлаб турган. Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, 23 апрел Туркияда миллий байрам бўлгани учун аҳоли дам олишда бўлган ва маълум маънода бу истанбулликларнинг омади эди. Одамлар дарров кўчага отилди, даставвал ўзлари, уларнинг ортидан эса бирин-кетин кексалар чиқиб келишди, дейди Отабек Тиллаев.

“Кучли ер силкишини бўлди, ўшанда маҳаллий вақт билан соат 12:49 эди. Одамлар табиийки, кўчага отилди, ёши катталар эса бироздан кейин пастга тушишди. Зилзиладан кейин расмийлар дарров аҳолига мурожаат қилиб, афтершоклар бўлишидан огоҳлантирди. Кечга қадар турли жойларда вақт ўтказдик, лекин ер қимирлашидан кейин қайта ичкарига киришга кўпчилик қўрқди. Одамлар шунда кўчаларда чодир тикиб, тунашга қарор қилди” – Отабек Тиллаев

Суҳбатдошимизга кўра, сейсмологлар орасида ва зилзила бўйича қарашларда ҳам бўлинишлар бор. Телевидение орқали зилзила муҳокамаси давомий бўлмоқда, баъзи сейсмологлар буни кутилган зилзила деса, баъзилари асосий зилзилалар ҳали олдинда эканидан огоҳлантирмоқда. Босим йиғилиб бормоқда, олдинда содир бўлиши мумкин бўлган зилзила 7-7,5 баллгача бўлиши мумкинлиги айтилади, дейди юртдошимиз.

Расмийларга кўра, зилзиладан қўрқиб юқори қаватдан ўзини пастга отганлар сони 150 дан ортиқ ва улар шифохоналарда даволанмоқда. Туркия ҳозирга қадар зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ деса-да, зилзила қўрқувидан вафот этган Ўзбекистон фуқароси бор. Бу ҳақида давлатнинг Истанбулдаги консуллиги маълум қилган. У фуқаро жасади Ўзбекистонга жўнатилган.

Зилзила вақтида одамларнинг ҳаракати ва фавқулодда вазиятларга тайёрлиги муҳим. Туркия сейсмологик фаол ҳудудда жойлашгани боис аҳоли ҳаёти ва медиадаги кун тартибда зилзила доим асосий мавзулардан бўлади. Одамлар жуда тартибли ҳаракатланди, дейди Отабек Тиллаев.

“Зилзила бўлиши билан ҳамма ташқарига чиқаркан, одамларнинг бино йўқ текис бир жойга тўпланаётганига гувоҳ бўлдим. Одамлар тартиб билан ҳаракат қилишди, қўлларида зилзила халтаси билан чиққанларни ҳам кўрдим. Унинг ичида дори-дармон, сув, озиқ-овқат бўлади. Одамлар кучли қўрқувда эди, мана, секин-аста унутяпмиз. Менинг уйим 1-қаватда жойлашгани боис кечқурун уйда тунашга қарор қилгандик, бироқ кечқурун 00:00 дан ошгач ер яна қимирлади. Шундан кейин масжидда қолишга қарор қилдик” – Отабек Тиллаев

Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойларда расмийлар истанбулликларни кучли зилзиладан огоҳлантириб келаётганди. Хусусан, қирғоққа яқин шаҳарларда сиреналар, одамларни огоҳлантириш воситалар ўрнатилганди.

Мавзуга оид