Ўзбекистон | 15:54 / 24.04.2025
14343
4 дақиқада ўқилади

Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган маблағларидан 95 млн доллар Ўзбекистонга қайтарилган

Швейцария билан имзоланган битим доирасида Ўзбекистонга қайтарилган 131 миллион доллар маблағнинг бир қисмига республикадаги 230 та перинатал марказ учун 23 турдаги 5 минг 841 дона замонавий тиббий ускуна сотиб олинган. БМТ бу лойиҳа билан мамлакатда болалар ўлимини камайтиришга эришишни мақсад қилган.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Ўзбекистон Швейцариядан Гулнора Каримованинг музлатиб қўйилган 131 млн долларлик биринчи траншидан 95 миллион долларлик активларини қайтарган. Бу ҳақда 24 апрел куни Олмалиқ шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов маълум қилди.

Швейцария ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний активлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтирилаётгани қайд этилган.

2022 йил 16 августда Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида тегишли битим имзоланган. Мазкур битим доирасида Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида БМТнинг кўп томонлама траст жамғармаси ҳузурида «Ишонч» жамғармаси ташкил этилган. Унинг маблағларини йўналтириш учун Стратегик қўмита ва Фуқаролик жамияти маслаҳат кенгаши тузилган.

Битим доирасида биринчи транш учун 131 миллион доллар маблағни қайтариш бўйича келишувга эришилган. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида республикамиздаги 230 та перинатал марказ учун 23 турдаги 5 минг 841 дона замонавий тиббий ускуна сотиб олинди. Иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан яна 1 минг 400 дан ортиқ тиббий жиҳозлар олиб келиниши кўзда тутилган.

«Шу билан бирга, БМТ ташкилотлари томонидан 11 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари ўқитилди. Туғуруқ муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича 29 та миллий протокол ва қўлланмалар жаҳон стандартлари асосида янгиланди», – дейилади расмий хабарда.

Шунингдек, «Ишонч» жамғармаси ҳисобидан таълим соҳасига мўлжалланган ишлар иккита компонентга бўлинган ҳолда амалга оширилаётгани хабар қилинди.

«Биринчиси бўйича ахборот технологиялари ва рақамли ечимларни кенгайтириш орқали таълим имкониятларини ошириш лойиҳаси ишга туширилган. Иккинчи компонентга асосан, халқаро ташкилотлар билан биргаликда мактабларда санитария-гигиена тизимини яхшилаш, иситиш тизимини модернизация қилиш, мактабларни бошқаришга жамоатчиликни жалб этишга қаратилган лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган», – дейилади хабарда.

Вазирлик баёнотида Швейцария ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний маблағлар Ўзбекистон халқи манфаатлари йўлида қайтарилганини олқишлаб, бу келишувга ва ижтимоий лойиҳаларга ҳисса қўшаётган барча халқаро ташкилотлар вакилларига миннатдорлик билдирган.

Маълумот учун, Каримовадан мусодара қилинган маблағлар эвазига йўлга қўйилган ушбу лойиҳанинг мақсади 30 ой ичида мамлакатда 600 минг нафар аёл ва янги туғилган чақалоқларни қамраб олиш ва кам вазнли чақалоқларнинг омон қолиш даражасини ҳозирги 75 фоиздан 90 фоизга оширишдан иборат. Бу лойиҳа Гулнора Каримовадан мусодара қилинган 131 млн долларлик маблағнинг 43,2 млн долларига амалга оширилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг Uzbekistan Vision 2030 кўп-шериклик траст жамғармаси Гулнора Каримованинг Швейцариядаги жиноий активларини Ўзбекистонга қайтариш мақсадида 2022 йил ёзида ташкил этилган эди. Ўшанда Ўзбекистон ва Швейцария ҳукуматлари мусодара қилинган 131 млн доллар маблағни қайтариш бўйича якуний келишувга эришган, реституция битимида пуллар ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва тиббиётга йўналтирилиши, буни Швейцария томони ва БМТ қошидаги фонд назорат қилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид