Ўзбекистон | 23:08 / 24.04.2025
9486
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга Швейцария ва Белгиядан Гулнора Каримовга тегишли жами 290 млн доллар қайтарилиши мумкин

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, Гулнора Каримова Швейцарияга ноқонуний олиб чиқиб кетган маблағлардан 131 млн доллар қисмини Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишувга эришилган. Шундан 97 млн доллари БМТнинг кўп томонлама траст жамғармаси ҳузуридаги “Ишонч” жамғармасига келиб тушган. Ушбу маблағнинг 87 млн доллар қисми Ўзбекистоннинг таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига тенг тақсимланган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган активларини мамлакатга қайтариш бўйича ушбу мамлакат ҳукумати билан келишувлар имзолангани ҳақида бир неча бор хабар берилган эди.

24 апрел куни Олмалиқ шаҳридаги матбуот анжуманида маблағларнинг қанчаси Ўзбекистонга қайтарилгани ва нималарга сарфланаётгани, жараён қандай кечаётгани тўғрисида маълумот берилди.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов Гулнора Каримова Швейцарияга ноқонуний олиб чиқиб кетган маблағлардан 131 млн доллар қисмини Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишувга эришилганини айтиб ўтди. Шундан 97 млн доллари БМТнинг кўп томонлама траст жамғармаси ҳузуридаги “Ишонч” жамғармасига келиб тушган. Ушбу маблағнинг 87 млн доллар қисми Ўзбекистоннинг таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига тенг тақсимланди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистондаги 231 та туғруқ муассасалари учун 23 турдаги 5 минг 841 дона замонавий тиббий ускуна сотиб олинган. 11 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари ўқитилган. Иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан яна 1 минг 400 дан ортиқ тиббий жиҳозлар олиб келиниши кўзда тутилган. Бундан ташқари, таълимга ажратилган 43,5 млн АҚШ долларининг салкам ярмига ахборот технологиялари ва таълим имкониятларини ошириш лойиҳаси ишга туширилган.

Иккинчи компонентимиз, йигирма уч яримни айтдик. Кейин йигирма миллион АҚШ доллар миқдоридаги компонентимиз қолаяпти. Ушбу компонентимиз доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Бирлашган Миллатлар ташкилотлари билан биргаликда мактабларда яшил ва гендер тамойилларига асосланган санитария-гигиена тизимини модернизация қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда” – дейди Отабек Фозилкаримов.

Расмийга кўра, ажратилган маблағларга нима, қанчага сотиб олингани назорат қилиб борилади. Шунингдек, у келгусида Швейцария ва Белгиядан олиниши кутилаётган маблағларга ҳам тўхталди.

Алоҳида веб-сайт яратилган, ишончли, ҳаволалар ҳам берилган ва бундан кейин амалга оширилган ишларнинг ҳисоботи ҳам ўша сайтимизда эълон қилиб борилади. Демак бизнинг биринчи траншимиз $131 млн. Кейинги траншимиз эса $182 млн. Бундан ташқари, Белгия ҳукумати билан ҳам ҳозирда қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда. У ердаги маблағ $108 млн. Бу бўйича ҳам қўшимча ахборот бериб борамиз. Ҳали аниқ эмас. Ҳозир музокаралар олиб борилмоқда” – дейди Фозилкаримов.

Kun.uz мухбири Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенскийдан мамлакатда музлатиб қўйилган бошқа маблағлар ҳақида сўради.

Шундай қилиб, биз аввал тилга олган $313 миллион. Швейцарияда Гулнора Каримова иши доирасида музлатиб қўйилган маблағларнинг бир қисмидир. Бу маблағлар узил-кесил мусодара қилинган. Чунки аввал маблағлар музлатилади, сўнгра анъанавий ҳуқуқий жараён бошланади.

Агар ушбу жараён натижасида маблағлар ноқонуний экани аниқланса, улар мусодара қилинади ва кейинчалик қайтарилиши мумкин.

Демак, $313 миллион мусодара қилинган ва қайтаришга тайёр. Қолган маблағлар бўйича ҳозирча бир нарса дейишим қийин, чунки суд жараёнлари давом этмоқда. Айтишим мумкинки, Швейцария ва Ўзбекистон мусодара қилинган барча маблағлар Ўзбекистон халқи манфаати учун қайтарилиши керак, деган тамойилни қабул қилган. Бизнинг ҳолатда Швейцария бу маблағларнинг ҳеч қандай қисмини ўзида сақлаб қолмайди, фақат жараён харажатларини қоплайди, холос. Бу эса табиий ҳол. Қайтариш жараёни мусодара қилинган барча мавжуд маблағларга тааллуқли бўлади”- деди у.

Анжуман давомида перинатал марказлардаги эски тиббий асбоб-ускуналар тақдири ҳақида ҳам маълумот берилди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситханова ўтган 30 йил давомида туғруқ комплексларига жиддий эътибор берилмаганини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистонда 30 йил давомида туғруқ комплексларининг реанимацион бўлимлари, операцион хоналари ва чақалоқлар реанимацияси борасида жиҳозлашга имконият бўлмаган. Биз давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз. Шу фонд пуллари айнан перинатал хизматга, яъни чақалоқлар ва ҳомиладорлар хизматига йўналтирилган. Буларнинг ўрнида эски ёки эскириб қолган аппаратлар йўқ. Кўплари биринчи марта келмоқда. Оналар ва гўдаклар ўлимини қисқартириш учун 3 та омил керак бўлади. Булар - кадрлар салоҳияти, моддий техника базани мустаҳкамлаш ва албатта жамиятнинг оналарга бўлган муносабати” – дейди Боситхонова.

Вазир ўринбосари қайд этишича, “Ishonch – 2030” жамғармаси орқали барча туғруқ муассасалари таъмирланган.

Ўзбекистонда таъмирга муҳтож барча туғруқ комплексларимизни таъмирладик. Ҳатто, Чирчиқдаги янги туғруқ комплекси тўлиқ эксплуатацияга топширилди. Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва Сурхондарёдаги туғруқ комплексларимизнинг таъмири якунланиш арафасида” – дейди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда йилига 3 мингга яқин чақалоқлар тўлиқ ривожланмай, чала туғилмоқда.

5 ойликда ҳам туғилади, 22 ҳафталик бўлган чақалоқ ҳам. Агар у 500 граммдан ошиқ бўлса, агар унда бирор ҳаёт белгиси кўринса, тирик туғилган чақалоқ ҳисобланади. Бундай чақалоқлар бизда йилига 3 мингга яқин туғилади. Буларнинг ҳаммаси ҳаётини қўллаб-қувватлаш учун барча чорани кўришимиз керак. Агар чақалоқнинг вазни 500 грамм бўлса, 30 %, 1,5 кгдан юқорилари 70%, 2 кгдан юқорилари 95-100 % ҳолатда ҳаёти сақлаб қолинмоқда” – дейди Боситхонова.

Мавзуга оид