Давлат харидларида рақобатсиз савдоларга барҳам берилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг навбатдаги йиғилишида давлат харидларида қоррупциянинг олдини олиш, рақобатсиз савдолар ҳамда тўғридан тўғри шартномалар асосида амалга оширилаётган битимларни қисқартириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобат қўмитаси мутасаддилари иштирокида эшитув ташкил қилинди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга ҳамда рақобатли савдоларни амалга оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Савдоларда электрон тендер тизимига ўтилиши савдо жараёнларини онлайн тарзда ўтказиш, харажатларни камайтириш ва коррупцияга карши курашиш имконини бермоқда. «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилингани тендер жараёнларини халқаро стандартларига мослаштириш, рақобатнинг очиқ шаклларини жорий этиш, шунингдек, тўғридан тўғри шартномалар тузиш имкониятларини чеклаш, савдода иштирок этувчи алоқадор ва афилланган шахсларни рўйхатга олиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Соҳада шаффофлик ва очиқликни таъминлаш мақсадида барча тендер савдоларининг режалари, натижалари ва шартнома баҳолари ОАВда эълон қилинмоқда. Бу эса жамоатчилик томонидан мазкур соҳада назорат ва мониторингни амалга ошириш учун имкониятлар яратмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар кейинги йилларда юртимизда фуқароларда давлат маблағларининг қандай сарфланаётганига нисбатан бефарқлик ҳисси йўқолиб, давлат харидлари устидан жамоатчилик назорати кучайиб бораётганини эътироф этди. Буни давлат органлари, вазирликлар, маҳаллий ҳокимиятлар ёки давлат улушига эга ташкилотлар томонидан асоссиз, қиммат ёки коррупция эҳтимоли юқори бўлган харидлар амалга оширилганига оид хабарлар ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётганидан ҳам кўриш мумкин. Халқ вакилларининг фикрича, тендер савдоларида рақобатнинг кучайиши нархларни 20-30% га пасайтириш ҳамда бюджет маблағларини оқилoнa сарфлаш имконини беради.
Халқ вакиллари давлат харидлари тизимини тартибга солувчи қонунчилик базасини янада такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилингани ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик нормалари киритилгани соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда ўз натижаларини бераётгани эътироф этилди.
Шу билан бирга, йиғилишда давлат харидларига оид камчилик ва муаммолар танқидий руҳда муҳокама қилинди. Хусусан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда молиявий маблағлардан самарасиз фойдаланиш, тендер савдоларида рақобат ва холисликнинг сустлиги ҳамда коррупцияга йўл қўйилаётган ҳолатлар ҳам депутатларнинг асосли танқидига сабаб бўлди. Давлат буюртмачилари томонидан харидларни рақобатли усулларни четлаб ўтган ҳолда, қонун ҳужжатларга зид равишда тўғридан тўғри шартномалар тузиш, харидларни юқори нархларда амалга ошириш, уларни қисмларга бўлиш, очиқлик ва шаффофлик принципига риоя этмаслик ҳолатлари бўйича депутатларнинг саволларига масъул вазирлик ва идораларнинг жавоблари олинди.
Ҳисоб палатасининг аудит тадбирларида жами 5,4 трлн сўмлик давлат харидларини ва амалдаги бошқа қонунчилик талабларини бузиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Бундан ташқари, 3,6 трлн сўмлик харидлар тўғрисидаги шартномалар бўйича маълумотлар махсус ахборот порталига жойлаштирилмаган.
Таҳлилларга кўра 2024 йилда давлат харидларининг 56,8 фоизи (80,3 трлн сўм) тўғридан тўғри тузилган шартномалар асосида амалга оширилган. Бунда, бюджет буюртмачиларининг 55,2 фоизи ва корпоратив буюртмачиларнинг 58,7 фоизи тўғридан тўғри шартномалар асосида ўтказилган харидларда иштирок этган. Умумий қиймати 2,7 трлн сўмлик тўғридан тўғри тузилган 6 241 та шартнома давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган ҳолда расмийлаштирилган, 61 та давлат буюртмачисининг 122,8 млрд сўмлик 405 та тўғридан тўғри шартномалари қонунчиликка риоя этмаган ҳолда манфаатлар тўқнашуви мавжуд ҳолатда ёки аффилланган шахслар иштирок этган савдолар орқали тузилгани маълум бўлган.
Шу ўринда халқ вакиллари «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларининг тўғри қўлланиши устидан давлат назоратини қонунчиликка мувофиқ янада кучайтириш бўйича ўз таклифларини бердилар. Ушбу қонуннинг 76-моддасига мувофиқ харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назорати олиб борилиши белгиланган бўлиб, депутатлар давлат харидларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилишларининг олдини олиш ва уларни аниқлаш ҳамда давлат буюртмачиларини, ваколатли давлат органларини аниқланган қоидабузарликлар ҳақида хабардор қилиш борасида ишлар талаб даражасида эмаслигига эътибор қаратди.
Йиғилишда депутатлар давлат харидлари соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасида бир қанча таклифларни илгари сурди. Хусусан, масъул вазирлик ва идоралар томонидан молиявий назорат тадбирларини амалга оширишда халқаро стандартларни қўллаш, давлат харидларини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш ва соҳада инсофли рақобат муҳитини яратишга оид таклифлар билдирилди.
Шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 2025 йил 5 март куни ўтказилган йиғилишида давлат раҳбарининг тўғридан тўғри шартномалар асосида амалга оширилаётган давлат харидларини икки карра қисқартириш бўйича берилган топшириқлари ижросидан келиб чиқиб, ушбу масалалар юзасидан масъул вазирлик ва идораларнинг таклифлари атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга халқ вакиллари ягона етказиб берувчилар реестрига киритилган ягона етказиб берувчи билан давлат харидини амалга ошириш, давлат харидларида рақобатли савдо турларини чекловчи тўғридан тўғри шартномалар ва бошқа битимлар тузилишини назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ташаббус билан чиқиш амалиётини қатъиян тақиқлаш бўйича ўз фикрларини билдирди.
Муҳокама якунида депутатлар давлат харидлари соҳасидаги ислоҳотларни янги сифат босқичига олиб чиқиш, бу борада коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича халқаро тажрибадан кенг фойдаланиш, тендер савдоларида шаффофлик ва рақобат эркинлиги принципларига қатъий амал қилишга оид таклифлар ва тавсияларини билдирди.
Йиғилиш якуни бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.