Ўзбекистон | 14:13 / 21.09.2024
2471
2 дақиқада ўқилади

Давлат харидларида 4 йилгача муддатга ҳадли келишув тузишга рухсат берилмоқда

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгаришларга кўра, кичик қийматдаги харид учун соддалаштирилган тартиб, марказлашган давлат харидлари ва ҳадли келишув каби янги тартиблар жорий қилинмоқда.

21 сентябр куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун кўриб чиқилиб, сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонунда икки босқичли давлат харидлари, кичик қийматдаги харид учун соддалаштирилган тартиб, марказлашган давлат харидлари ва ҳадли келишув каби янги механизмлар жорий қилиниши назарда тутилган.

Давлат харидлари «барқарорлик» принципи билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, давлат буюртмачилари қисқа, ўрта ва узоқ муддатли иқтисодий, экологик ва ижтимоий таъсирларни ҳисобга олган ҳолда барқарор давлат харидларини амалга ошириши назарда тутилмоқда.

Давлат буюртмачиси, шу жумладан, бюджет буюртмачиси заруратга кўра, энг яхши таклифларни танлаш ёки тендер натижалари бўйича 1 йилдан 4 йилгача бўлган муддатга ҳадли келишув тузиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Қонун билан электрон дўкон ҳамда аукцион савдоларида захира ғолиби бўлиш мумкинлиги, агар ғолиб томонидан шартнома тузиш рад этилган ҳолларда уларга шартнома тузиш таклифи берилиши кўзда тутилмоқда.

Давлат харидлари соҳасида шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик асослари қонунда аниқ кўрсатилмоқда.

«Мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлат харидлари тизимини такомиллаштириш орқали очиқлик ва шаффофлик таъминланишига, соҳада рақобат муҳитининг янада кучайтирилишига, давлат буюртмачилари учун қулай имкониятлар яратилишига ҳамда давлат харидлари жараёнига тадбиркорларни кенг жалб қилишга хизмат қилади», — дейилади Сенат хабарида.

Мавзуга оид