«БААда ўлимга ҳукм қилинган ўзбекистонликлар жазосини енгиллатиш борасида ҳаракатлар олиб бориляпти» – ТИВ
Туркиядаги халқаро адвокатлар БМТга, шунингдек, БАА ҳукуматига мурожаат қилиб, ушбу шахсларга чиқарилган ўлим ҳукмини сиёсий эмас, балки юридик мезонларга асосланган ҳолда қайта кўришни сўради.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган халқаро адвокатлик гуруҳи – Worldwide Lawyers Association (WOLAS) Ўзбекистоннинг БААда ўлим жазосига ҳукм қилинган уч нафар фуқаросининг халқаро ҳимояси борасида баёнот билан чиқди. WOLAS адвокатлари суд-тергов жараёнлари шаффоф ўтгани, суд мустақиллиги ва Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларига риоя қилинганига шубҳа билдирмоқда.
Ҳуқуқшунослар БАА Олий судининг жиноят ишлари бўйича коллегиясидан ўлим ҳукмини бекор қилиб, мазкур ишни сиёсий эмас, юридик мезонларга асосланган ҳолда қайта кўриб чиқишни сўраган.
Хусусан, «ишнинг махсус судда кўрилгани – шаффофлик ва етарли даражада юридик ёрдам мавжуд бўлмаганига, эҳтимолий қийноқлар орқали олинган иқрорлик, терроризмга қарши курашнинг рамзий белгиси сифатидаги оғир жазо, сиёсий босимлар ва БАА–Исроил муносабатлари илиқлашуви фонида ҳукм чиқарилган» бўлиши мумкинлигига эътибор қаратилган. Шунингдек, WOLAS баёнотида халқаро инсон ҳуқуқлари нормалари, хусусан, яшаш ҳуқуқи, қийноқлардан ҳимоя ва адолатли суд тамойиллари бузилиши муҳокама қилинган.
Бирлашган Араб Амирликлари қонунчилигига кўра, ўлим жазоси ҳукмлари устидан автоматик равишда апелляция қилинади ҳамда кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун Федерал Олий суднинг жиноят ишлари бўйича коллегиясига юборилади. Бундан ташқари, амирликда ҳар қандай ўлим жазосини ижро этишда – суд томонидан текширилгандан сўнг БАА президенти имзоси талаб қилинади.
WOLAS Ўзбекистон ҳукуматини фуқароларини ҳимоя қилишда фаолроқ бўлишга, БМТ органларини эса ҳолатни тергов қилишга чақирган. Адвокатлар ушбу мурожаатини Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги, БАА адлия ва ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари, Суддан ташқари ёки ўзбошимчалик билан қатл қилиш бўйича махсус маърузачи ҳамда Қийноқлар бўйича махсус маърузачига расман юборган.
Хусусан, Ўзбекистонга қуйидагилар таклиф қилинган:
- Дипломатик мажбуриятларни бажариш – фуқароларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва конституциявий мажбуриятларини адо этиш;
- Консуллик иштирокини кучайтириш – БАА расмийлари билан фаол мулоқот ўрнатиш ва консуллик ёрдамини таъминлаш;
- Фуқароларни ўлим жазосидан ҳимоя қилиш – улар учун барча қонуний воситаларни ишга солиш орқали жазони енгиллаштиришга ҳаракат қилиш.
- Жиддий чоралар кўриш – агар ҳаракатсизлик қилинса, бу бошқа давлатлардаги ўзбекистонликлар ҳаётини хавф остида қолдириши мумкинлиги таъкидланган.
Адвокатлар БАА ҳукуматига қуйидаги таклифларни берган:
- Ўлим жазоларини дарҳол бекор қилиш – ҳукм қилинган уч ўзбекистонликка нисбатан;
- Суд жараёнларини сиёсий эмас, ҳуқуқий мезонларга асосланган ҳолда олиб бориш – яъни сиёсий босим, ташқи алоқалар ёки рамзий кўрсатмалардан холи бўлиш;
- Суд мустақиллигини таъминлаш – Федерал Олий Суд текширувини фақат қонун асосида олиб бориш;
- Тўлиқ адолатли суд кафолатларини таъминлаш – жумладан, малакали юридик ёрдам, мустақил тиббий кўрик, оила билан учрашув имконияти;
- Қийноқлардан фойдаланишга чек қўйиш – тергов ёки суд жараёнида мажбурий иқрорликлар олинмаслиги лозим.
БМТ ва инсон ҳуқуқлари бўйича органларга қуйидаги чақириқлар берилган:
- Ҳолатни зудлик билан тергов қилиш – бу ишни ўрганиш ва баҳолаш;
- Учрашувлар ва мурожаатлар орқали босим ўтказиш – БМТ махсус ҳисоботчилари томонидан БААга расмий мурожаат юбориш;
- Ижро тўхтатилишини талаб қилиш – яъни Федерал Олий Суд кўриб чиқишни тугатмагунча ўлим жазоси ижро қилинмаслиги керак;
- Ушбу ишни йиллик тематик ёки мамлакат бўйича ҳисоботларга киритиш – яъни бу иш халқаро даражада назорат остида бўлиши зарур.
Баёнотда WOLAS адвокатлар гуруҳи ушбу 3 кишининг расмий адвокати сифатида иш юритаётгани ҳақида ёзмаган. Улар халқаро ҳуқуқшунослар бирлашмаси сифатида позиция билдириб, хавотирини кўрсатган. Улар ҳимоявий позицияда туриб, жазони бекор қилиш, адолатли суд жараёни, қийноқсиз тергов ва халқаро назоратни таъминлаш учун фаол ҳаракатни талаб қилмоқда.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, БААда ўлимга ҳукм қилинган фуқароларнинг жазосини енгиллатиш борасида дипломатик ҳаракатлар олиб борилмоқда.
«Бу масала Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг БААдаги элчихонаси томонидан доимий диққат марказида турибди. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, жазони енгиллатиш ва ватандошларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур дипломатик ва консуллик чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бундан ташқари, тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва маҳаллий органлар билан мулоқот олиб бориш ишлари ҳам амалга оширилмоқда», – дейилади ТИВ Kun.uzʼга тақдим қилган изоҳда.
Шунингдек, вазирлик Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар доим устувор вазифалардан бири бўлиб қолишини билдирди.
БААда исроиллик раввиннинг ўлими ва ўзбеклар масаласи

2024 йил 21 ноябр куни БААнинг Ал-Айн амирлигида Исроил ва Молдова фуқароси, БАА резиденти бўлган роҳиб Цви Коганнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилди. БАА Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг уч нафар фуқаросини жиноятда гумонлаб қўлга олган. Исроил нашрларига кўра, «Моссад» гумондорларни Эрон билан боғлиқ гуруҳга алоқадор деб ҳисобламоқда.
2025 йил 30 март куни Абу-Даби Федерал апелляция суди Давлат хавфсизлик палатаси Цви Коганни «террорчилик ниятида қасддан ўлдиришда айбдор», деб топилган ўзбекистонликларни ўлим жазосига ҳукм қилди.
Айбланувчиларга ёрдам берган тўртинчи судланувчи эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Вафотидан кейин унинг жасади БААдан депортация қилинади. Ушбу шахс қайси давлат фуқароси экани очиқланмаган.
Амирлик ички ишлар вазирлиги ўзбекистонликларнинг исм-шарифларини очиқлаган: Олимбой Тоҳирович (29 ёш), Маҳмуджон Абдураҳим (29 ёш) ва Азизбек Комилович (34 ёш).
Ушбу ҳолат ортидан Ўзбекистон фуқароларининг БААга кириши, меҳнат фаолияти ва виза олишида кўплаб муаммолар кузатилмоқда. Хусусан, ўтган йили 25 ноябр куни Ўзбекистоннинг Дубайда меҳнат қилаётган бир гуруҳ фуқаролари полиция томонидан олиб кетилганди. Кейинроқ уларнинг айримлари қўйиб юборилгани, айримлари депортация қилингани ҳамда яна 5 кишига нисбатан жиноий иш очилгани маълум бўлди.
2024 йил 26 ноябр куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроил элчиси билан учрашиб, Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирганди.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Миллиардер Уоррен Баффетт Berkshire Hathaway бош директорлигидан кетади
Жаҳон | 16:30
-
Ғалабани «ўғирлаган» Трамп, мақсади ўзгарган Россия – ҳафта дайжести
Жаҳон | 16:12
-
Покистон баллистик ракетани муваффақиятли синовдан ўтказди
Жаҳон | 16:01
-
“Ёпилган иш” ёхуд отган ўқи ўзига қайтган терговчининг иқрори
Жамият | 15:23
Мавзуга оид

00:31 / 28.04.2025
Ўзбекистон фуқароларининг БААга кириши тақиқлангани ҳақидаги хабарлар асоссиз — ТИВ вакили

12:30 / 22.04.2025
Бирлашган Араб Амирликлари қонунлар ёзишни сунъий интеллектга топширмоқчи

11:01 / 15.04.2025
БААда соҳилга нефт сизиб чиқди: туристлар ўзларини ёмон ҳис қилмоқда

07:48 / 01.04.2025