Жаҳон | 20:45 / 22.04.2025
1507
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Адлия вазирлиги Googleʼдан Chrome браузерини сотишни талаб қилмоқда

АҚШда Googleʼнинг қидирув тизимлари бозоридаги ҳукмронлиги устидан антимонополия суд жараёни бошланди.

Фото: Bloomberg

АҚШ Федерал суди Googleʼнинг онлайн қидирувдаги монополияси бўйича суд жараёнини бошлади. Мамлакат Адлия вазирлиги судни компанияга нисбатан қатъий чоралар кўришга ва унинг бизнесини бўлиб юборишга чақирмоқда, деб ёзади The Wall Street Journal.

Қайд этилишича, суд мажлисини илгари Google монополиясини ноқонуний деб тан олган судя Амит Мехта олиб бормоқда. Адлия вазирлиги вакили Девид Далквист суд интернетнинг бутун бир авлод томонидан шаклланган ҳукмронлигига чек қўйиши мумкинлигини таъкидлади.

Ушбу амалиётга барҳам беришнинг асосий воситаси сифатида Адлия вазирлиги Chrome браузерини мажбурий сотишни талаб қилмоқда. Шунингдек, компаниядан рақобатчиларга фойдаланувчи маълумотларига кириш ҳуқуқини бериш ҳам сўраляпти.

2024 йил 5 август куни АҚШнинг Колумбия округи суди федерал судяси Амит Мехта Google компанияси онлайн қидирув тизими бозоридаги монополиясини сақлаб қолиш учун ноқонуний фаолият юритгани тўғрисида қарор чиқарганди. Шундан сўнг Адлия вазирлиги Google’ни бўлиб юбориш бўйича талаб қўйиш имкониятини фаол кўриб чиқа бошлади. 

Суд қарорида келтирилишича, Google’га эгалик қилувчи Alphabet компанияси бошқа технологик гигантларга ўз қидирув тизими смартфон ва браузерларга стандарт вариант сифатида ўрнатилиши учун 26 миллиард доллар тўлаган, бу орқали компания рақобатчиларининг бозорда муваффақиятга эришишига имконият қолдирмаган.

Аввалроқ АҚШ суди Googleʼни онлайн реклама бозорида монополист деб топганди. Судянинг сўзларига кўра, компаниянинг реклама биржалари ва серверлар бозоридаги монополияси Шерман номли антимонополия қонунини бузади.

Мавзуга оид