Жаҳон | 14:59 / 13.04.2025
12335
3 дақиқада ўқилади

Россия қўшини Суми марказига ракета зарбалари йўллади. Ўнлаб қурбонлар бор

30 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 80 дан ортиқ киши яраланган. «Аблаҳларгина шундай йўл тутиши мумкин», деди Зеленский.

Фото: AP / Scanpix / LETA

13 апрел тонгида россиялик ҳарбийлар Суми шаҳри маркази бўйлаб иккита ракета зарбаси берди.

Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг сўнгги маълумотларига кўра, ўққа тутиш оқибатида 34 киши ҳалок бўлган, шундан икки нафари болалар. Яна камида 117 киши жароҳатланган. Яраланганлар орасида — 17 нафар бола ҳам бор.

Oleh Voronenko / Suspilne Ukraine / JSC «UA:PBC» / Global Images Ukraine / Getty Images

Ҳужум оқибатлари ўрганилмоқда. Суми области ҳарбий маъмурияти ҳужумдан кейин шаҳар марказида олинган фото ва видеоларни тарқатмоқда. Кадрларда шаҳарда камида битта нотурар жой биноси шикастлангани, бир неча машина ёниб кетгани кўринган.

Бундан ташқари, маҳаллий телеграм-каналларда жойлаштирилган видеода шаҳар кўчаларидан бирида кучли ёнғин бўлаётгани акс этган.

Ижтимоий тармоқлардаги роликларда зарба оқибатида битта троллейбус ҳам шикастланганини кўриш мумкин.

BBC Украина хизматига кўра, Суми давлат университетининг Конгресс-маркази зарба остида қолган, бу ерда кўпинча болалар учун машғулотлар ўтказилган.

«Одамлар кўчанинг қоқ ўртасида, автомобилларда, жамоат транспортида кетаётганида, уйида ўтирганида жароҳат олган. Полиция зарба зонасига киришни чеклаб қўйди», – деди Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко. Ўққа тутилган жойда қутқарув ишлари ва ҳужум оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: AP / Scanpix / LETA

«Россия баллистикасининг Сумига даҳшатли зарбаси. Душман ракеталари оддий шаҳар кўчасига, оддий ҳаётга: уйларга, ўқув юртларига, кўчадаги машиналарга зарба берди... Ва бу одамлар черковга борадиган кунда, –  дея изоҳлади Украина президенти Володимир Зеленский. – Дастлабки маълумотларга кўра, гап тинч аҳоли вакиллари орасидаги ўнлаб қурбонлар ва ярадорлар ҳақида кетмоқда. Фақат аблаҳларгина шундай қилиши мумкин. Оддий одамларнинг ҳаётини олиб».

Зеленский АҚШ, Европа ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларини шаҳар ўққа тутилишига қатъий муносабат кўрсатишга чақирган. «Россия айнан шундай террорни ва бу урушни чўзишни истайди. Тажовузкорга босим ўтказмасдан тинчликка эришиб бўлмайди. Қуруқ гаплар ҳеч қачон баллистика ва авиабомбаларни тўхтата олмаган. Россияга террорчи муносиб бўлган муносабат кўрсатиш керак», — дея қўшимча қилган у.

Мавзуга оид