Жаҳон | 18:29 / 09.04.2025
962
2 дақиқада ўқилади

Британияда маълумотлар таҳлили асосида «қотилликларни башорат қилувчи» тизим ишга туширилади

Мамлакат Адлия вазирлиги ушбу тизим орқали потенциал қотилларни аниқлаш фуқароларни ҳимоя қилишга ёрдам беради, деб ҳисобламоқда.

Фото: REUTERS

Қандайдир сабабларга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборига тушган шахсларнинг шахсий маълумотларини махсус алгоритмлар ёрдамида ўрганиш, уларнинг қайси бири қотилик содир этишга қодирлигини олдиндан аниқлаш имконини беради. Буюк Британия Адлия вазирлиги «қотилликларни башорат қилиш» дея таърифланаётган шу каби дастурни ишга туширмоқда, деб хабар беради The Guardian нашри.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳага собиқ бош вазир Риши Сунак ҳукумати даврида старт берилган. Бундай дастур мавжудлигидан хабар топган Statewatch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ ҳукуматга тегишли сўров юборган.

Дастур паспорт маълумотлари билан бирга шахснинг соғлиғи, эҳтимолий қарамликлари, ногиронлик мавжудлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки тиббиёт муассасаларида ҳисобда туриши, ҳар қандай ҳуқуқбузарликлар бўйича қўлга олиш ҳолатлари сони, жиноий ишлар сони, қурол сақлаш ҳолатлари, тажовузкор хатти-ҳаракатлари, бошқа фуқароларни таъқиб қилиш ҳолатлари, ўзига етказилган шикастланишларига оид маълумотларини ҳам таҳлил қилади.

Бундан ташқари, алгоритмлар жиноятлар ёки маиший зўравонликдан жабрланган шахсларнинг шахсий маълумотларини, шунингдек, уларнинг биринчи марта полициядан ёрдам сўраган ёшини ҳам таҳлил қилади.

Адлия вазирлиги потенциал қотилларни аниқлаш фуқароларни ҳимоя қилишга ёрдам беради, деб ҳисобламоқда ва дастур фақат илмий-тадқиқот мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлаган. Бироқ мутахассислар бу дастурни «қўрқинчли ва нохуш» деб атаб, шунга ўхшаш олдинги «башорат қилувчи» тизимлар кутилган натижани бермагани, аксинча, ирқий ва молиявий аҳвол асосида камситишларни кучайтирганини эслатиб ўтган.

Мавзуга оид