Жаҳон | 08:17 / 08.04.2025
4941
2 дақиқада ўқилади

Tesla акциялари рекорд даражада пасайди — Bloomberg

Фото: Merkur.de

7 апрель, душанба куни Илон Маскнинг Tesla компанияси акциялари қиймати кескин тушиб кетди ва савдолар аллақачон психологик чегарадан пастда амалга ошмоқда, деб ёзмоқда Bloomberg.

Бундан аввал АҚШ савдо вазири Ҳовард Латник бундай ҳолат ҳеч қачон рўй бермаслигини тахмин қилган эди. Аммо савдолар бошланиши биланоқ Tesla Inc. акциялари кескин пасайишни давом эттирди.

Хусусан, улар 10 фоиздан зиёдроққа — 214,80 долларгача тушган. Бу ҳолат АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан эълон қилинган божлар сабаб жаҳон бозорларида юз берган таҳлиллар фонида содир бўлди.

Эътиборли томони шундаки, Трамп сайловда ғалаба қозонганидан сўнг Tesla акциялари нархи кескин ошган эди. Бироқ Илон Маскнинг сиёсий тортишувлари туфайли қиймат пасая бошлади. Нашр маълумотига кўра, бу айрим автомобил харидорларини чекинишга мажбур қилди ва компанияга қарши норозиликларни келтириб чиқарди.

«Хитойликларнинг Трампнинг бож сиёсатига ҳамда унинг Маск билан алоқадорлигига нисбатан негатив реакциясини етарлича баҳоламасликнинг иложи йўқ. Бу ҳолат хитойлик истеъмолчиларни маҳаллий маҳсулот харид қилишга янада кўпроқ ундайди», — деди Wedbush Securities таҳлилчиси Дэниел Айвс.

Мавзуга оид