Сурияда яксон бўлган ҳарбий база, Украина шаҳарларига кетма-кет ҳужумлар ва Трампга жавоб қайтарган Хитой — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроил Суриядаги ҳарбий объектларни яксон қилди
Исроил Ҳама ва Дамашқдаги ҳарбий объектларга авиаҳужум уюштирди. Ҳужум Суриядаги «Т4» авиабазасига Туркия қизиқиш билдиргани ҳақидаги хабарлардан сўнг амалга оширилган.
Палмира яқинидаги ушбу базани Исроил аввал ҳам нишонга олган эди. Бу сафар ҳам ҳужумни «миллий хавфсизлик манфаатидаги огоҳлантириш», деб атади.
Сурия Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумни кескин қоралаб, «асоссиз эскалация» деб баҳолади. Ҳамадаги аэродром деярли йўқ қилинган, камида тўрт ҳарбий ҳалок бўлган.
Исроил Мудофаа вазири Исраэл Кац ҳаводан босим давом этишини ва буфер ҳудудларда позиция сақланишини билдирди. Ўтган йилнинг 8 декабрида Асад режими қулагандан бери Исроил Суриянинг бир қисмини эгаллаб олиб, юзлаб ҳужумлар уюштирган.
Сурия томони эса бу амалиётларни мамлакатни беқарор сақлаш уриниши, деб атамоқда. Сурия аҳолиси ҳам Исроил ҳужумларига қарши норозилик намойишлари ўтказмоқда.
Дараъ, Сувайдо, Ҳама ва Ҳалаб вилоятларида сурияликлар Исроилнинг ҳужумларига қарши кўчаларга чиқишди. Намойишчилар Ғазога қўллаб-қувватлов билдириб, аксилисроил шиорларини бақиришди.
Кривий Риг баллистик ҳужумга учради
4 апрель куни кечқурун Россия армияси Украинанинг Кривий Риг шаҳридаги турар жой кварталига баллистик ракета билан зарба берди. Ҳужум оқибатида 19 киши ҳалок бўлгани, 61 нафар инсон, жумладан 12 бола яралангани айтилмоқда.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳужумни кескин қоралаб, бу оддий шаҳарга қарши қасддан қилинган баллистик зарба эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлардан 6 нафари болалар бўлган.
Зарба болалар майдончаси яқинида содир бўлган. Шаҳарда 20 дан ортиқ кўп қаватли уй, ўнлаб автомобиллар ва ижтимоий объектлар зарар кўрган. Энг кичик жароҳатланган бола 3 ойлик экани айтилмоқда.
Ҳозирда қутқарув ишлари давом этмоқда. Украина расмийлари буни навбатдаги фожиали теракт сифатида баҳоламоқда.
Россия армияси 3 апрел куни кечқурун Харкивнинг Новобаварский районига дронлар билан ҳужум қилган эди. Дронлар зарбалари оқибатида кўп қаватли уйлар зарар кўрган. Уч киши ҳалок бўлгани ва 32 киши, жумладан, бир бола яралангани маълум қилинган эди.
4 апрелга ўтар кечаси Днипрога ҳам Shahed дронлари билан ҳужум қилинди. Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти бошлиғи Сергей Лисак уч нафар қурбон ҳақида маълум қилди.
Трамп Путинга сукут билан жавоб бермоқчи
АҚШ президенти Доналд Трамп ўз маслаҳатчилари тавсиясига биноан Россия президенти Владимир Путин билан янгидан мулоқот қилмасликка қарор қилди. Бу қарор Кремль тўлиқ ўт очишни тўхтатмагунча амалга оширилади.
Трамп аввалроқ Путинга қўнғироқ қилиш нияти борлигини айтганди, аммо Оқ уй буни «ўринсиз ғоя» деб ҳисобламоқда. Икки мамлакат етакчилари охирги марта 18 март куни суҳбатлашган.
Ўша мулоқотда Россия украин энергетика тизимига ҳужумларни 30 кунга тўхтатишга рози бўлганди, аммо бу келишув бажарилмади.
Трамп Путиннинг Украинада вақтинча бошқарув ўрнатиш таклифига кескин қарши чиққан ва Россия нефтига қўшимча божлар солиш билан таҳдид қилган. Кремл эса бу таҳдидни жиддий қабул қилмаяпти.
Европа нега Трампга жавоб беришга шошилмаяпти?
АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан жорий этилган 20 фоизлик божлардан сўнг Европа Иттифоқи ўз жавоб чораларини муҳокама қилмоқда. Франция президенти Эммануэл Макрон компанияларни АҚШдаги инвестицияларни музлатиб қўйишга чақирди.
Унинг сўзларига кўра, Трампнинг божлари Европа бизнесига таҳдид солади, шу боис Брюссел бунга нисбатан кескин жавоб қайтариши керак. Макрон Европа бозорини ҳимоя қилиш ва АҚШнинг йирик технология компанияларига қарши санкциялар жорий этишни таклиф қилди.
Шу билан бирга, Евроиттифоқ ўзига зарар етказмаслик учун эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда. АҚШ Европа учун муҳим бозор бўлиб қолмоқда — Германия Америкага автомобиллар экспорт қилади, Франция — самолётлар, Италия эса люкс маҳсулотлар.
Еврокомиссия алоҳида музокаралар олиб бормоқда. Агар Вашингтон ортга чеккинмаса, Европа Иттифоқи муроса қилиш ёки собиқ иттифоқчи билан савдо урушига киришишдек оғир танлов қаршисида қолади.
Хитой АҚШга 34 фоизлик бож қўллайди
Европа иккиланиб турганида Хитой АҚШнинг энг йирик рақиби бўлмиш Хитой Доналд Трампнинг тариф урушига жавобан АҚШ товарларини Хитойга етказиб беришга худди шу каби қўшимча божлар жорий этишини билдирди.
Хитой давлат кенгаши таркибидаги Тариф комиссияси баёнотига кўра, АҚШ халқаро савдо қоидаларини бузмоқда, Хитойнинг қонуний манфаатларига зарар етказмоқда ва бир томонлама босим ўтказишни амалга оширмоқда.
Трамп бу жавобни «ваҳима» деб атади ва Хитой «бундай хатога йўл қўймаслиги керак эди», деди. АҚШ президентига кўра, Хитой товарларига аввалги 20 фоизлик бож устига яна 34 фоиз қўшилган, жами 54 фоизга етказилган.
Қайд этиб ўтиш жоизки, ўтган 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 688 миллиард доллардан ошган эди.
Америкалик аскарлар Литвада ҳалок бўлди
Литванинг Пабраде шаҳри яқинидаги торфли ботқоқда АҚШ ҳарбий техникаси ғарқ бўлиши оқибатида тўрт нафар америкалик аскар ҳалок бўлди. М88 Hercules бронемашинаси машқ пайтида ботқоққа ботиб қолган.
Аскарларнинг жасадлари икки кундан сўнг топилди. Улар Делавэр штатидаги Довер шаҳрига юборилади. Вилнюс шаҳри маркази орқали мотам юриши ўтказилди, икки давлат байроқлари билан аскарларга ҳурмат бажо келтирилди.
Литва президенти Гитанас Науседа уларнинг ўлимини «оғриқли йўқотиш», деб атади.
Айни пайтда Литвада мингдан зиёд америкалик ҳарбий хизматчи ротация асосида жойлаштирилган. Мамлакат Россия таҳдидидан хавотирда.
Эронда Наврўз таътилларида 838 киши қурбон бўлди
15 мартдан 3 апрелгача Наврўз байрами муносабати билан Эронда 838 киши йўл-транспорт ҳалокатларида ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат йўл полицияси раҳбари Тимур Ҳусайний маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, шу оралиқда умумий 97 мингдан ортиқ йўл ҳодисаси қайд этилган, шундан 698 таси ҳалокат билан якунланган.
Автоҳалокатларда яна 19 мингдан зиёд киши тан жароҳати олган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Кирмон, Форс, Хуросон-Резавий ва Хузистон вилоятларида қайд этилди. Авариялар асосан юриш қоидаларига амал қилмаслик ва тезликни ошириш оқибатида юз берган.
Полиция маълумотларига кўра, байрам кунлари одатда Эронда шаҳарлараро йўлларда авариялар сони кескин ошади.
Сунъий интеллект бойларга хизмат қилмоқда
БМТнинг UNCTAD ҳисоботига кўра, сунъий интеллект ҳозирга келиб глобал меҳнат бозорининг 40 фоизи учун хавф солмоқда. Бу технология меҳнатга эмас, асосан капитал манфаатига хизмат қилмоқда. Натижада, бой ва камбағал мамлакатлар ўртасидаги фарқ ортиб бормоқда.
2033 йилгача СИʼнинг бозор қиймати 4,8 трлн долларга етиши мумкин. Аммо ундан кўриладиган иқтисодий фойда нотекис тақсимланмоқда: маблағлар асосан АҚШ ва Хитойдаги компанияларга тўғри келмоқда. Масалан, Apple ва Microsoft каби корпорацияларнинг бозор қиймати бутун Африка ялпи ички маҳсулотига тенг.
UNCTAD сунъий интеллект ривожланишида ривожланаётган мамлакатлар ҳам фаол иштирок этиши кераклигини таъкидламоқда. БМТ сунъий интеллектни инсонпарварликка мос йўналишда ривожлантириш учун халқаро ҳамкорлик ва шаффофликни кучайтиришни тавсия этмоқда.
Тавсия этамиз
Импортга чекловлар: масъул ва фаоллар ўртасида қизғин тортишув
Ўзбекистон | 22:40 / 08.04.2025
ЕЧЛда чоракфинал. «Реал» ва «Арсенал» ўйинида ким фаворит?
Спорт | 19:34 / 08.04.2025
Тошкентдаги қаҳвахонада тил билан боғлиқ ҳолат муҳокамаларни келтириб чиқарди
Ўзбекистон | 23:03 / 07.04.2025
Хитойлик тадқиқотчилар Осиёда янги зилзилалар кузатилишидан огоҳлантирди
Жаҳон | 21:46 / 06.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Octobank яна бир бор Ўзбекистонда рақамли тўлов ечимлари соҳасида етакчи деб топилди
Ўзбекистон | 16:00
-
8 тонна суюлтирилган газни сотувга ноқонуний чиқариш ҳолати аниқланди
Жамият | 15:45
-
«Ўзбекистон инвесторлари куни» яна 7 та шаҳарда ташкил этилади
Ўзбекистон | 15:34
-
Россия Украинанинг чегара ҳудудларида янги юриш бошлаган
Жаҳон | 15:32
Мавзуга оид

13:43
Ғазода истеҳкомлар қураётган Исроил, Украинада янги ҳудудларга ҳужум бошлаган Россия ва Хитойга 125 фоизли бож жорий этган Трамп — кун дайжести

13:37 / 09.04.2025
Тел Авивдаги намойишлар, Эрон ва АҚШнинг ядровий музокараси ва АҚШдан Хитойга 104 фоизли бож — кун дайжести

12:58 / 08.04.2025
«Ўлим зонаси» яратаётган Исроил, Кремлдан оташкесим учун шартлар ва божлар заруриятини тушунтирган Трамп — кун дайжести

13:37 / 07.04.2025