Тел Авивдаги намойишлар, Эрон ва АҚШнинг ядровий музокараси ва АҚШдан Хитойга 104 фоизли бож — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ғазода фожиа давом этаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, минтақада тинч аҳоли тўхтовсиз қурбон бўлмоқда, Фаластин эксклавига ёрдам эса бир ойдан бери киритилмаяпти.
«Ғазо қатл майдонига айланди, аҳоли беадад ўлим даврида яшаяпти», – деди у БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши олдидан. У Ғазога ҳуманитар ёрдам — озиқ-овқат, дори-дармон, ёнилғи ва савдо маҳсулотларини олиб кириш мутлақо тўхтаганини таъкидлади.
Гутерриш оташкесим вақтида ёрдам етказиш ва гаровдагиларни озод қилиш мумкин бўлганини айтди. Унга кўра, Исроил оккупант давлат сифатида халқаро ҳуқуқ ва 4-Женева конвенциясига биноан ўз бурчларини бажариши шарт.
Бу орада Исроил пойтахти Тел Авивда Ғазодаги урушга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Кўчаларга чиққан минглаб исроилликлар қисқа фурсат ичида ҲАМАС билан келишувга эришиш, гаровдагиларни озод қилиб, Ғазодаги урушни тўхтатишни талаб қилмоқда.
Улар Бинямин Нетаняҳу сиёсатини танқид қилиб, унинг Вашингтонга сафари гаровдагиларни озод қилишга ёрдам бермаслигини таъкидлади. Намойишчиларга кўра, ҳукумат ички инқироздан эътиборни чалғитиш учун дипломатик ҳаракатлар билан овора бўлмоқда.
Эрон ва АҚШ ядровий музокара бошлайди
Эрон ва АҚШ шанба куни ядровий дастур юзасидан музокара бошлашга келишиб олди. Доналд Трамп бу учрашув бевосита бўлишини айтган бўлса, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий музокаралар Ўмон воситачилигида ўтишига ишора қилган.
Трамп музокаралар «жуда юқори даражада» бўлишини билдириб, келишувга эришишни «катта ютуқ» деб атади. Ароқчий эса бу музокаралар «имконият ҳам, синов ҳам» эканини таъкидлади.
Икки давлат вакиллари сифатида Стив Уиткофф ва Аббос Ароқчий Ўмон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари воситачилигида мулоқот олиб боради. Трамп аввал Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаийга янги келишув бўйича икки ой муддатли талабномани юборган эди.
Янги шартлар 2015 йилдаги Обама давридаги келишувдан анча кескин бўлиши кутилмоқда: Эронга уран бойитиш, ядровий қурол ва ракета ишлаб чиқариш имкониятига йўл қўйилмайди.
Москвада Эрон ядровий дастури муҳокамалари
Эрон, Россия ва Хитой дипломатлари Москвада Эрон ядровий дастури, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2231-сонли резолюцияси ва санкциялар масаласини муҳокама қилди. Бу учрашув Пекиндаги илгариги келишувлар асосида ташкил этилган.
Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободийнинг айтишича, музокаралар самарали ва конструктив руҳда ўтган. Томонлар яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишган.
Россия ТИВ вакили Мария Захарова учрашувни тасдиқлаб, Ғарбнинг ноқонуний босимлари туфайли минтақадаги вазият ёмонлашиб бораётганини таъкидлади.
Бу орада Россия Эронга қарши АҚШ томонидан агрессия кўрсатилган тақдирда, ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олмагани тўғрисида баёнот янгради. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко маълум қилди.
Унга кўра, икки давлат ўртасида январ ойида имзоланган ҳамкорлик битими ҳарбий иттифоқ эмас ва унинг доирасида бундай мажбурият кўзда тутилмаган. Бироқ Руденко ҳар қандай можарода Москва тинч йўл билан ҳал этиш ва кескинликни камайтириш учун ҳаракат қилишини таъкидлади.
Зеленский Белгород областига ҳужумни тасдиқлади
Украина президенти Володимир Зеленский Киев биринчи марта Россиянинг Белгород областида ўз қўшинлари борлигини расман тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, Украина Россия ҳудудида, жумладан Белгород ва Курск областларида фаол операциялар олиб бормоқда.
Зеленскийнинг 8 апрелдаги видеомурожаатида айтишича, бу ҳарбий амалиётлар Суми ва Харкив йўналишларидаги босимни камайтириш ҳамда Донецкдаги фронтни енгиллаштириш мақсадида амалга оширилмоқда. У Белгороддаги ҳаракатлари учун 225-штурм полкини ҳам алоҳида мақтади.
Бу Киев томонидан Россия ҳудудидаги операциялар расман тан олинган биринчи ҳолатдир. Бундан аввал Украина фақат турли имо-ишоралар билан ўз қўшинлари борлигини билдирарди.
Белгиядан Украинага ёрдам
Белгия Украинага 1 млрд евро ҳарбий ёрдам ва тўртта F-16 ҳарбий учоғини тақдим этишини маълум қилди. Бу ҳақда Белгия Бош вазири Барт де Вевер ва Украина президенти Володимир Зеленский Киевдаги учрашувда эълон қилди.
Ёрдам маблағлари Украина мудофаа салоҳиятини ошириш ва янги қурол ишлаб чиқариш учун сарфланади. Белгия иккита F-16’ни жорий йилда, яна иккитасини келгуси йилда етказиб бермоқчи. Тақдим этиш муддатлари Белгиянинг АҚШдан F-35 самолётларини қабул қилишига боғлиқ бўлади.
Зеленскийнинг таъкидлашича, навбатдаги «Рамштайн» форматидаги учрашув Брюсселда бўлиб ўтади. Унда ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари, контингент жойлаштириш ва Украинада мудофаа саноатини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
АҚШдан Хитой импортига 104 фоизли бож
9 апрелдан бошлаб АҚШ Хитойдан келадиган товарларга 104 фоизли умумий бож жорий этади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт маълум қилди. Унга кўра, аввалги 20 фоизли божга қўшимча равишда яна 84 фоиз қўшилади. Қўшимча божлар Пекиннинг АҚШга нисбатан жавоб чораларига жавоб сифатида қўлланмоқда.
Вашингтон 7 апрелгача Хитойдан АҚШ маҳсулотларига жорий этилган 34 фоизли божларни бекор қилишни талаб қилган, аммо Пекин бунга рози бўлмади. Шундан сўнг АҚШ ўз чораларини кучайтирди.
Бу эълондан сўнг фонд бозорлари пасайишга юз тутди. Dow Jones ва S&P 500 индекслари куннинг иккинчи ярмида ўсиш суръатини йўқотди. Nasdaq ҳам секинлашди.
Хитой бу қарорни Жаҳон савдо ташкилотида кўриб чиқиш учун расман мурожаат қилди. Аммо мазкур ташкилотнинг апелляция органи 2019 йилдан буён фаолият юритмаяпти.
Трамп Европага шарт қўйди
Доналд Трамп Европа Иттифоқига АҚШдан 350 млрд долларлик энергия манбаларини сотиб олишни талаб қилди. Унга кўра, шундагина Америка божларини бекор қилиш мумкин.
«Европа бизга нисбатан жуда ёмон муносабатда бўлди. Энди улар биздан энергия сотиб олади, чунки уларга керак», — деди Трамп Оқ уйдаги баёнотида.
Бу баёнот Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг икки томонлама божларни бекор қилиш таклифига жавоб бўлди. Аммо Трамп буни «етарли эмас» деб баҳолади.
2 апрелда АҚШ Евроиттифоқ маҳсулотларига 20 фоиз, автомобилларга эса 25 фоиз бож жорий қилган эди. Европа айни дамда АҚШга қарши жавоб чораларини тайёрлаяпти. Божлар 16 майдан кучга кириши мумкин.
АҚШ бойлари Трамп божларига қарши
АҚШда президент Доналд Трампнинг янги тариф сиёсати ортидан сармоядорлар орасида норозилик кучаймоқда. Машҳур миллиардерлар, жумладан Home Depot ҳаммуассиси Кен Лэнгон ва Tesla раҳбари Илон Маск Трампни қаттиқ танқид қилмоқда.
46 фоизли божлар Виетнам каби давлатларга нисбатан агрессив сиёсат сифатида баҳоланмоқда. Лэнгон буни «ҳеч қандай музокарага имкон қолдирилмаган, шошмашошарлик билан қабул қилинган қарорлар», деб атади. Маск эса АҚШ ва Европа ўртасида божсиз савдо ҳудуди зарурлигини таъкидлади.
Сармоядорлар 10 фоизли бир хил божни ва дипломатик ечимни таклиф қилмоқда. Бироқ ҳозирча Трамп сиёсатини қайта кўриб чиқиш ниятида эмас.
АҚШ мудофаа харажатларини оширмоқчи
АҚШ президенти Доналд Трамп ва мудофаа вазири Пит Ҳегсетт келаси йил учун мудофаа бюджети 1 трлн долларга етказилишини эълон қилди. Бу мамлакат тарихидаги энг йирик мудофаа харажати бўлади.
Трамп бу ҳақда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан матбуот анжуманида маълум қилди. Трамп армияни мустаҳкамлаш зарурлигини айтди, аммо маблағлар фақат Пентагонга тегишлими ёки бошқа агентликларни ҳам қамраб оладими-йўқми — аниқлик киритмади.
Ҳегсетт ижтимоий тармоқда: «Бу биринчи триллион долларлик мудофаа бюджети бўлади», — дея тасдиқлади. Конгресс жорий йилда 892 млрд доллар ажратган, янги таклиф эса тарихий ўсишни англатади.
Пентагон эса 8 фоизли ички харажатларни қисқартириб, модернизация ва тайёргарликка эътиборни кучайтиради. Бюджет ҳали Конгрессда келишилмаган.
Тавсия этамиз
“Gentra – қоронғилик тимсоли” – Миршакар Файзуллоев
Ўзбекистон | 19:25 / 20.04.2025
АҚШда бир ой ичида минглаб талабаларнинг визалари бекор қилинди
Жаҳон | 23:47 / 18.04.2025
Тошкент вилоятидаги баъзи йўлларда рухсат этилган тезлик 80 км/соатгача чекланди
Ўзбекистон | 23:28 / 18.04.2025
Орол денгизининг қуриган туби йилдан йилга кўтарилиб бораётгани аниқланди
Ўзбекистон | 19:14 / 18.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ватикан Рим папасининг ўлими сабаби ва унинг васиятини эълон қилди
Жаҳон | 01:05
-
Кремл АҚШни «катта битим»га жалб қилиб, Трампни қизиқтирадиган таклифларни қидирмоқда — ОАВ
Жаҳон | 00:45
-
Хитойда 9 ёшли қиз 25-қаватдан тушиб кетиб омон қолди
Жаҳон | 00:22
-
Орландода йўловчи самолётида ёнғин чиқди
Жаҳон | 23:54 / 21.04.2025
Мавзуга оид

13:55 / 17.04.2025
Инсонпарварлик ёрдамисиз қолган Ғазо, урушдан миллиардларни ишлаётган КХДР ва сулҳ имзолашга тайёр Арманистон — кун дайжести

13:28 / 16.04.2025
Ғазода тинчликка янги умид, Туркия таъсиридан хавотирга тушган Исроил ва Трампдан Путинга сўнгги муҳлат — кун дайжести

13:45 / 15.04.2025
Ғазодаги стратегияни ўзгартираётган Исроил, яна Зеленскийни айблаган Трамп ва АҚШдан божларни бекор қилишни сўраган Хитой — кун дайжести

13:23 / 14.04.2025