Жаҳон | 23:14 / 03.04.2025
2210
3 дақиқада ўқилади

Украина Россия босқини оқибатида етказилган экологик зарарни 85 млрд долларга баҳолади

Ҳозирда Россиянинг экологик ҳарбий жиноятлари бўйича 247 та иш олиб борилмоқда — уларнинг 14 таси Украина Жиноят кодексига мувофиқ экоцид сифатида таснифланган.

Фото: Украина ФВВ

Украина ва Россия ўртасида уруш бошланганидан бери миллиондан ортиқ инсон ҳалок бўлди ҳамда яраланди. Украинадаги кўплаб шаҳар ва қишлоқлар бутунлай яксон этилиб, 20 мингга яқин бола Россияга мажбуран олиб кетилди ёки депортация қилинди. Келтирилган шунча кулфат ва вайроналарга қарамай, Украина, шунингдек, мисли кўрилмаган экологик талафотга дуч келмоқда.

Украина ҳукумати экоцид номли (экотизимнинг бузилиши, ўсимлик ёки ҳайвонот оламининг оммавий яксон қилиниши, атмосфера ёки сув ҳавзаларининг заҳарланиши) янги турдаги ҳарбий жиноятларга оид маълумотларни тўпламоқда. Ҳукумат мамлакат табиий ресурсларига етказилган умумий зарар 85 миллиард доллардан ошишини баҳолаган.

Ҳозирда Россиянинг экологик ҳарбий жиноятлари бўйича 247 та иш олиб борилмоқда. «Илгари ҳеч ким буни амалга оширмаган», — дейди Украина Бош прокуратурасининг экологик жиноятлар бўйича махсус маслаҳатчиси Максим Попов. Зарарнинг ўзига хослиги, масалан, флора ва фаунанинг оммавий йўқ қилиниши сабаб прокурорлар 247 та ишнинг 14 тасини Украина Жиноят кодексига мувофиқ экоцид сифатида таснифламоқда.

Қатор давлатларда экоцид жиноят ҳисоблансада, у ҳозирга қадар халқаро жиноят сифатида кўриб чиқилмаган эди. 2021 йилда юристлар жамоаси экоцидга расмий таъриф берган ва уни халқаро жиноят судида кўриб чиқиладиган тўрт асосий жиноят қаторига қўшишни таклиф қилган.

Украинада Россияни жавобгарликка тортиш имконияти кам, аммо расмийларнинг ҳисоблашича, барибир жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўрилиши керак. «Жиноят иши доирасида тўпланган далиллар ва суд қарорлари, ҳатто сиртдан чиқарилган бўлса ҳам, Украинанинг товон тўлаш масаласидаги позициясини мустаҳкамлайди», — дейди 2022-2024 йиллар давомида бош прокурор лавозимида мазкур ишлар билан шуғулланган Андрей Костин.

Қайд этилишича, The New York Times журналистлари тўрт ой давомида фронт чизиғига туташган ҳудудларга бориб, ҳарбийлар, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича экспертлар ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари билан мулоқотда бўлган. Таъкидланишича, энг катта экологик фалокат 2023 йил инюнда Каховка ГЭС тўғонининг портлатилиши бўлган. Шундан кейин улкан сув оқимлари Днепрдан заҳарли чўкиндилар ва чучук сувни шўр Қора денгизга олиб чиқиб, денгиз организмларининг кўпайиш даврида соҳил экотизимини вайрон қилан.

Тўғон томонидан ушлаб турилган сув омбори Украина жанубининг катта қисмини суғориш билан таъминлаб келган. Тез орада минтақадаги қишлоқ хўжалиги ерлари қуришни бошлаган. Маълумотларга кўра, 2024 йилда кунгабоқар ҳосили аввалги йилга нисбатан 10 баравар камайган.

Мавзуга оид