Жамият | 14:46 / 01.04.2025
16695
5 дақиқада ўқилади

“Етим қолган невараларим кўзига қарай олмаяпман” — Попда оёғи синиши билан операция қилинган бемор вафот этди

Наманган вилояти Поп туманида 36 ёшли Ҳожиакбар Қирғизов далада ишлаётиб йиқилиб тушади ва шу куниёқ туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинади. Текширувга кўра, чап оёқ сон қисми сингани аниқланади. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз якунланиб, бемор иккинчи марта яна жарроҳлик амалиётини ўтайди. Бу гал Фарғонадан мутахассис чақирилади. Бироқ амалиёт яна кутилган натижа бермайди. Шифохонага синган оёғини ҳисобга олмаганда соппа-соғ, яхши кайфиятда кириб кетган бемор аҳволи оғирлашиб, комага тушиб қолади ва бир неча кундан кейин жони узилади.

Kun.uz мухбири ўлим ҳолати билан боғлиқ ҳодисани ўрганиш учун Поп туманида бўлиб марҳум Ҳожиакбар Қирғизовнинг яқинлари ва беморни операция қилган шифокорлар билан суҳбатлашди.

Марҳум Ҳожиакбар Қирғизов (суратда чапдан биринчиси)

Ҳожиакбар Қирғизов 1989 йилда туғилган. 3 нафар фарзанднинг отаси. “Қирғизбой ота асаларичи” фермер хўжалигини бошқариб келган. Наманган вилояти Поп туманининг Чинор маҳалласида истиқомат қилган.

Маълум бўлишича, у шу йилнинг 13 март куни далада минерал ўғит юклаётиб йиқилиб тушади ва шу куниёқ Поп тумани тиббиёт бирлашмасининг шошилинч қабул бўлимига олиб келинади. Унга чап оёғи сон қисми суягини синиши ташхиси қўйилади. Марҳумнинг отаси Муҳаммаджон Қирғизов бемор ўғлини аввалига туман шифокорларига ишонмай вилоят марказий шифохонасига олиб бормоқчи бўлади.

Муҳаммаджон Қирғизов, марҳумнинг отаси

Бироқ шу туманнинг травматологи Икромжон Хўжаназаров жарроҳлик амалиёти енгил ўтиши ва бундай ҳолатдаги жароҳатлар операцияси улар учун жуда осон кечишига отани ишонтиради.

Охир-оқибат Поп туман шифохонаси травматологи Икромжон Хўжаназаров ва туман тиббиёт бирлашма бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Бунёд Юнусовлар жарроҳлик амалиётига бош-қош бўлишади. Бунёд Юнусов синган оёққа темир қўйиш учун бемор яқинларидан 1 000 АҚШ доллари сўрайди. Сўраган пулни Бунёд Юнусовга беморнинг укаси Аҳмаджон Қирғизов олиб бориб беради. Бундан ташқари шифокорлар марҳум Ҳожиакбар Қирғизовнинг яқинларидан яна 200 АҚШ доллари сўрашади. Кейинги сўралган пул ҳам берилади.

Марҳумнинг фарзандлари

Биринчи жарроҳлик амалиёти 16 март куни ўтказилади. Амалиёт кутилганидек ўтмайди. Шундан кейин бемор кейинги бўлажак операцияни вилоят марказий шифохонасида ўтказиш кераклиги, Попда шифокорлар уни ўлдириб қўйишларини айтиб отасига илтимос қилади. Бироқ биринчи операцияни амалга оширган Икромжон Хўжаназаров ва Бунёд Юнусовлар бу сафар ҳам келгуси амалиёт яхши ўтишини айтиб бемор яқинларини ишонтиришади. Бу сафар Фарғонадан Бобур исмли шифокор ёрдамга чақирилади. Жарроҳлик столига яхши кайфиятда, соппа-соғ кириб кетган Ҳожиакбар Қирғизовнинг иккинчи амалиётдан кейин аҳволи ёмонлашиб комага тушиб қолади. Бир неча кун комада ётган бемор 27 март куни вафот этади.

Ўлим ҳолати бўйича изоҳ олиш учун Поп тумани тиббиёт бирлашмасида бўлиб марҳумни операция қилган Бунёд Юнусов ва Икромжон Хўжаназаров билан суҳбатлашдик. Шифокорларнинг айтишича, бемор нима сабабдан ўлгани суд тиббий экспертиза хулосасидан кейингина аён бўлади. Уларнинг қўшимча қилишича, операция жараёни ҳар доимгидек барча тиббий талаблар асосида амалга оширилган. Кутилганидек, айбни ҳеч бир шифокор ўз бўйнига олгиси келмаяпти.

Бунёд Юнусов, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари
Икромжон Хўжаназаров, травматолог

Шифокор Бунёд Юнусов нима учун марҳум яқинларидан 1000 АҚШ доллари сўралгани ҳақида сўровимизга аниқ жавоб бера олмади.

Поп тумани тиббиёт бирлашмаси ҳудудида Даврон Ғуломов исмли беморни учратдик. Унинг айтишича, бир қўли синиб шифохонага келган пайтда унга травматолог шифокор қўлини тузатиш учун 300 АҚШ доллари сўраган.

Даврон Ғуломов

Шундан кейин у Наманган шаҳридаги вилоят тез тиббий марказида қўлини бепулга гипс қилдирган. Унинг қўшимча қилишича, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси травматология бўлимида кейинги пайтда кўплаб кўнгилсиз ҳолатлар кузатиляпти. Шифокорлар нотўғри операция қилиши оқибатида бир нечта беморлар мажруҳ бўлиб қолган.

Айни пайтда ўлим ҳолати бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид