Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонда ўта хавфли касаллик, 10 йиллик визадан маҳрум қирғизлар ва русларга берилмайдиган паспорт
Қозоғистонда ўта хавфли касаллик – куйдирги тарқалди, икки қишлоқ карантинга олинган. Қирғизистон россияликларга фуқаролик беришни тўхтатди. Халқаро жиноий суд “ Толибон” етакчисини ҳибсга олишга ордер берди. Тожикистонга Қирғизистон президенти давлат ташрифи билан келиб, 13 та ҳужжатга қўл қўйиб кетди. Туркманистон ҳукумати 1 августдан эътиборан таътилга чиқиб, «Аваза»да дам олади. Қозоғистонда учувчиларнинг кўзига лазер туширганлар жиноий жавобгарликка тортилади.

Қозоғистонда куйдирги тарқалди
Қозоғистонда ўта хавфли бўлган касаллик – куйдирги тарқалди, икки қишлоқ карантинга олинган. Оғир юқумли касаллик одамларга касалланган ҳайвон, унинг гўшти ёки ахлати билан алоқада бўлиш орқали юқади. Маҳаллий нашр – “Tengrinews”га кўра, Қозоғистоннинг Оқмўла вилояти Отбосар туманидаги икки қишлоқ куйдирги касаллиги сабаб карантинга олинган.
Июн ойи охирида Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Отбосар туманида 4 киши куйдирги касаллигига чалингани ҳақида хабар берган эди. Беморларнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланган. Вазир уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётганини айтди. Эпидемияга қарши чоралар кўрилди. Шу билан бирга, Алназарова вилоятда карантин жорий этилмаслигини айтганди.
8 июл куни маълум бўлишича, Отбосарда карантин жорий этилган. Чеклов чоралари дастлаб куйдирги касаллиги аниқланган қишлоқларда жорий этилган. У ерда 19 кишида инфекция аниқланган, бир кишининг аҳволи оғир.
«У ерга чорва ва одамлар кирмаслиги керак. Биз ҳудудни ўраб олдик, тўсиқ қўйдик. Республика отряди дезинфекция, қайта ишлаш ва утилизация қилишни бошлади. Лаборатория натижаларини олишимиз билан 1 июлдан дарҳол карантин жорий қилдик. У ерда 19 бемор бор. Улар кузатув остида, ҳаммаси тузалиб кетмоқда, соғлиқни сақлаш тизими уларни кузатиб бормоқда», деди қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров ҳукумат брифингида.
Унинг сўзларига кўра, қишлоқларда карантин 15 кун давом этади. Шундан сўнг, синов учун янги намуналар олинади. Агар куйдирги борлиги тасдиқланмаса, карантин чоралари бекор қилинади.
Кейинроқ вазирлик Айдарбек Сапаров хато гапирганига аниқлик киритди. Матбуот хизмати маълумотларига кўра, 19 кишидан таҳлиллар олинган: еттита ҳолатда куйдирги касаллиги аниқланган, қолган 12 нафарида салбий натижа қайд этилган.
Куйдирги – оғир юқумли касаллик. Бу бактериялар одатда тупроқда яшайди ва ҳайвонларга таъсир қилади - ҳам уй, ҳам ёввойиларига. Одамларда касаллик ҳайвон ёки унинг ахлати билан алоқада бўлиш, яхши пиширилмаган гўштни истеъмол қилиш орқали учта шаклда пайдо бўлиши мумкин: тери, ошқозон-ичак ва ўпкада. Касаллик одамдан одамга юқмайди. Касалликдан ҳимояланиш учун гўштни фақат ишончли жойларда, ветеринария назорати остидаги дўконлар ва бозорлардан сотиб олиш тавсия қилинади.
Қирғизистон россияликларга фуқаролик беришни тўхтатди
Қирғизистон россияликларга фуқаролик беришни тўхтатди. Эндиликда туғилганлик ёки аждодлар орқали фуқаролик олишнинг энг қулай усуллари ҳам ишламайди. Бу ҳақда Қирғизистон паспортлари бўйича маслаҳатчи Михаил Жуховитский маълум қилди.
Қирғизистонни унутинг. Энди фуқаролик олиш имконсиз. Ҳеч қандай пул эвазига ҳам. Ҳеч қандай шартлар билан ҳам. 2025 йил 24 январдан кейин топширилган барча аризалар — сизни шунчаки алдашди.
«Мамлакатда аванс йиғиш жуда авж олган. Барча ижрочилар, воситачилар ва амалдорлар буни билишади — улар олдиндан алдов учун пул йиғмоқда», деди давлат паспортлари бўйича маслаҳатчи.
У 24 январдан кейин топширилган фуқаролик аризалари кўриб чиқилмагани ва энди кўриб чиқилмаслигини ҳам эълон қилди.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги бирорта ҳам шахсни маъқулламади ва маъқулламайди ҳам, дейди Жуховитский.
АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари сабабли россияликлар орасида Қирғизистон паспортини тўлиқ ёрдам билан олиш усули оммалашган эди. Бу бошқа мамлакатларда банк карталари очиш, виза олиш ва бизнес юритишга ёрдам берган.
Ҳатто «Авито» ва «Яндекс» рекламаларида паспорт сотиб олиш таклифлари пайдо бўла бошлади. Хизмат нархи 1 миллион рублгача етди, расмийлаштириш эса ярим йилгача чўзилади. Масалан, 2022 йилда 2 мингдан ортиқ киши Қирғизистон паспортини олган. Россиянинг айрим элитаси вакиллари ҳам Қирғизистон фуқаросига айланди.
Туркманистонда ҳукумат таътилга чиқади
Туркманистон ҳукумати 1 августдан эътиборан таътилга чиқади ва мамлакатнинг номдор курорт зонаси «Аваза»да дам олиб, даволанади. Бу ҳақида президент Сардор Бердимуҳаммедов топшириқ берган.
Туркманистон президенти ҳукуматнинг биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида қатнашиб, 1 августдан бошлаб қишлоқ хўжалиги комплекси ва вилоят ҳокимларидан ташқари раҳбарларга 1 августдан меҳнат таътилига чиқиш ва уни мамлакат санаторийлари ва «Аваза» миллий туристик зонасида ўтказишга рухсат берилишини маълум қилди.
4-8 август кунлари «Аваза»да БМТнинг денгизга чиқиш имконияти йўқ ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси ўтказилиши режалаштирилган. Президент бу форумни ўтказиш учун ташкилий ишларда барча етакчилар қатнашиши зарурлигини айтган.
Президент Бердимуҳаммедов 13 июл куни Туркманистон халқи Миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов раислигида «Аваза» миллий туристик зонасида бўлиб ўтадиган ташкилий давлат қўмитаси йиғилишида барча иштирок этиши кераклигини эслатди. Унда «Аваза»даги конференцияга тайёргарлик муҳокама қилинади. Президентнинг қўшимча қилишича, халқаро тадбир Туркманистоннинг нуфузини ошириб, Ашхобод бетараф сиёсатини бундан буён ҳам изчил давом эттиришини кўрсатиши керак.
ХЖС «Толибон» етакчисини ҳибсга олишга ордер берди
Халқаро жиноий суд «Толибон» етакчисини ҳибсга олиш бўйича ордер берди. Маълум бўлишича, Халқаро жиноий суд 8 июл куни «Толибон» етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода ва Афғонистон Олий суди раҳбари Абдул Ҳаким Ҳаққонийни аёлларни таъқиб қилишда айблаб, уларни ҳибсга олишга ордер берган. Бу ҳақида CNN хабар берди.
Бу икки етакчи «Толибон»нинг гендер сиёсатига «мос келмайдиган» аёл ва қизларга «буйруқ бериш, ундаш ёки даъват қилиш»да айбдор деб топилган.
«Толибон»нинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охунзода ва гуруҳ бош судяси Абдул Ҳаким Ҳаққоний 2021 йил 15 августдан бери гендер асосида таъқиблар амалга оширгани учун жиноий жавобгарликка тортилди», дейилади Халқаро жиноий суд баёнотида.
«Толибон» ҳибсга олиш ордерларини «бемаънилик» деб атаб, ХЖСни тан олмаслигини маълум қилди. Шунингдек, суд «соф ислом динига душманлик ва нафрат» кўрсатаётгани қўшимча қилинган.
ХЖСга кўра, «Толибон» 2021 йил август ойида Афғонистонни ўз назоратига олганидан бери аёллар ва қизларга нисбатан «зуғум» ўтказиб келган. Ҳаттоки, жамоат жойларида аёллар овозини «бостирган».
Афғонистонда қизларга олтинчи синфдан кейин таълим олиш тақиқланган. Аёллар жамоат жойларида ёпиқ кийимларда юриши лозим. Шунингдек, улар билан қариндош бўлмаган эркакларга қараш ман этилган.
«Толибон» аҳолига умумий қоида ва тақиқлар қўйган бўлса-да, аёлларни асосий ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилган», дейилади ХЖС баёнотида.
Ҳибсга олиш ордерлари БМТ Бош ассамблеясининг Афғонистондаги вазият бўйича резолюцияси қабул қилинганидан кейин берилган.
Учувчига лазер тутганлар жазоланади
Қозоғистонда лазер билан самолёт учувчилари кўзини қамаштирганларга жазо белгиланади. Бу ҳақида маҳаллий қозоқ нашрлари хабар берди. Маълум бўлишича, йўловчи самолётлари экипажларининг кўзини лазер қурилмалари билан қамаштириш ҳолатлари кўпайган. Энди жиноят кодексига ўзгартириш киритилиб, аниқ жазо белгиланади.
Одатда, бундай безорилик самолётларнинг қўниши ёки учиши пайтида содир этилади. Бу каби хатти-ҳаракатлар ҳаво кемаларидан фойдаланиш хавфсизлигига таҳдид солади, дейди Республика Адлия вазирлиги вакили.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг ўзида учувчиларнинг кўзини лазер қурилмалари билан қамаштириш бўйича 60 та ҳолат қайд этилган. Шулардан 35 таси бўйича иш судга ҳам оширилиб, судга қадар тергов ҳаракатлари ҳам олиб борилган.
Учувчининг кўзига лазер туширганлик – жиноят деб баҳоланиб, «безорилик» моддаси асосида иш қўзғатилган. Бироқ 33 та иш жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли тўхтатилган, 2 та иш бўйича эса тергов жараёни тўхтатиб қўйилган.
Энг кўп ҳолатлар Олмаота шаҳри халқаро аэропортида қайд этилган. 6 йил давомида учувчиларнинг кўзини қамаштириш билан боғлиқ 98 та ҳолат рўйхатга олинган. Дунёда бундай ҳаракатлар учун жиддий жавобгарлик белгиланган.
«Австралия, Германия, Янги Зеландия, Канада ва АҚШда бундай ҳаракат лазерли ҳужум сифатида жиноят деб тан олинади. 2016 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексига ҳам «Ҳаво кемасидан фойдаланиш пайтида лазер нури билан тўсқинлик қилиш» деган янги модда киритилди. Жазоси 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан белгиланган.
Германияда бундай қилмиш учун 315-модда «темирйўл, сув ёки ҳаво транспорти ҳаракатига хавфли аралашув» бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган. 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган. Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти лазер нурларининг ҳаво ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солишини тан олади, дея изоҳ берди Қозоғистон Адлия вазирлиги.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда Ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида лазер нурини йўналтириш орқали халақит берганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 116−1-моддасида жавобгарлик назарда тутилган.
Бунда БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазоси қўлланади.
Қирғизистон президенти Тожикистонда
Шу ҳафта Қирғизистон президенти узоқ йиллик танаффусдан кейин давлат ташрифи билан Тожикистонга келди, икки раҳбар 13 та ҳужжатга имзо чекди. Садир Жапаровнинг бу сафари Имомали Раҳмоннинг чегара келишмовчиликларига тўла барҳам беришни расмийлаштирган Бишкек сафарига жавобан ташкил қилинди. Маҳаллий тожик нашри Asia Рlus Tajikistanʼнинг ёзишича, чегара ҳудудларидаги вазиятни барқарорлаштириш ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун пойдевор қўйишга қаратилган ҳужжат – Ишонч чоралари тўғрисидаги битим асосий натижалардан бири бўлган. Икки давлат ўртасидаги иқтисодий кўрсаткичлар сезиларли ўсиши мумкин. 2025 йилнинг биринчи беш ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 6,35 миллион долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичлардан бир неча баробар кўп. Ташриф доирасида Тожикистон-Қирғизистон бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтди, унда ишбилармон доиралар энергетика, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилишган.
АҚШ қирғизистонликларга энди 10 йиллик виза бермайди
АҚШ Қирғизистон фуқароларига берилувчи 10 йиллик ноиммиграцион визани бекор қилди, энди бундай виза 3 ойгача муддатга бериладиган бўлди. Илгари қўлида Қирғизистон паспорти бор фуқаролар бир неча марта кириб чиқиш имкони билан 10 йиллик муддатга виза олишарди. 3 ойлик муддатга туширилган виза билан фақат 1 марта кириш имкони берилади.
АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, янги виза чекловлари президент Жо Байденнинг «АҚШни миллий хавфсизлик ва жамоат хавфсизлигига хорижий террорчилар ва бошқа таҳдидлардан ҳимоя қилиш» номли фармони билан боғлиқ. Ҳужжатда таъкидланишича, виза бериш жараёни Қўшма Штатларга келаётган чет эл фуқаролари эҳтимолий хавф туғдирмаслиги учун максимал кафолатлар бериши керак.
Ноиммиграцион визалар АҚШда сайёҳлик ёки бизнес, қисқа муддатли ишлаш, ўқиш ёки тиббий хизмат учун вақтинча қолишни режалаштирганлар учун мўлжалланган.
АҚШ Давлат департаменти яқинда бир қатор давлатлар фуқаролари учун виза муддати қисқартирилганини расман тасдиқлади. Бироқ баёнотда янги чекловлар қўйиладиган мамлакатларнинг аниқ рўйхати келтирилмаган.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу чоралар бир томонлама, Қирғизистон томонини олдиндан огоҳлантирмасдан қабул қилинганидан хавотир билдирди. ТИВ расмий баёнотида қайд этилишича, бундай ҳаракатлар дипломатик мулоқот ва давлатлараро ҳамкорлик доирасида тушунтиришларни талаб қилади.
Яқин орада ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев ва АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Лесли Вигери ўртасида учрашув бўлиб ўтиши кутилмоқда. Музокаралар чоғида томонлар чекловларни жорий этиш сабаблари, уларни юмшатиш бўйича мумкин бўлган чора-тадбирлар ва келажакда шу каби ҳолатларнинг олдини олиш чораларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Ҳиндистон давлат нефтни қайта ишлаш заводлари Россиядан нефт сотиб олишни тўхтатди
Жаҳон | 10:57
-
Лазер эпиляцияси тери саратонга сабаб бўладими? Мутахассислар жавоб берди
Аёллар дунёси | 10:51
-
Тошкентдан Чорвоққа янги автомобил йўли қурилади
Ўзбекистон | 10:44
-
Давлат харидлари тизими оператори фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди
Ўзбекистон | 10:34
Мавзуга оид

13:37 / 27.07.2025
Тожикистонда даҳшатли қотиллик иши, Қозоғистонда деразадан қулаган чақалоқ ва Қирғизистонда тақиқланган сим-карта «ўртакашлиги»

14:06 / 20.07.2025
Кўпайган сувда чўкишлар, руҳий «носоғлом» минтақа, шифокорларга ҳужум ва Роғун ГЭСидан 20 йиллик шартнома

12:28 / 29.06.2025
«Қотил» экология, машҳурлар ортига яширинган фирибгарлик ва амалдорларга мажбурий тил

14:05 / 22.06.2025