Ўзбекистон | 00:20 / 01.04.2025
5631
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга амалий ташрифи якунланди

Олий даражадаги тадбирлар доирасида Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон билан музокара ўтказди, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарларининг қўшма учрашувида иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари уч мамлакат маданият ва санъат усталарининг концертида қатнашди. Шавкат Мирзиёев ўз сўзида биродар халқларни баҳорий янгиланиш байрами Наврўз ва муборак Рамазон ҳайити билан чин дилдан қутлади.

«Бугун халқларимиз учун ҳақиқатан ҳам катта ва узоқ кутилган байрам. Биз уч давлат чегараларининг туташ нуқтаси ҳақидаги тарихий шартномани имзоладик. Бундан буён чегаралар – биродарлик чизиқлари, янги имкониятлар, бунёдкорлик ва ҳамкорлик маконидир», — деди президент.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Музокараларда ишбилармонлик ва маданий алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиш, тўғридан-тўғри парвозлар сонини кўпайтириш, чегараолди ҳудудлардаги шаҳарлар ўртасида янги автобус йўналишларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилгани қайд этилди.

Маданий тадбирлар, ижодий фестиваллар, ёшлар форумлари, спорт мусобақаларини мунтазам ўтказиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.

«Санъат чегара билмайди, унинг буюк вазифаси одамларни бирлаштириш. Уч мамлакатнинг истеъдодли санъат усталари ижросидаги бугунги концерт ҳам маданиятларимизнинг бойлиги, ранг-баранглиги ва муштараклигини яна бир бор намойиш этади», — деди сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан Ўзбекистон президентининг Тожикистонга амалий ташрифи якунланди.

Олий даражадаги тадбирларга бой дастур доирасида Хўжанд шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев президент Имомали Раҳмон билан музокара ўтказди, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарларининг қўшма учрашувида иштирок этди.

Дўстлик стеласининг очилиш маросими ва уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши бўлиб ўтди.

Аэропортда Шавкат Мирзиёевни Тожикистон президенти кузатиб қўйди. Давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.

Мавзуга оид