Ўзбекистон | 20:20 / 31.03.2025
4914
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари Хўжанд қалъасини томоша қилди

Давлат раҳбарлари уч мамлакатнинг ҳунармандчилиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва миллий таомлари кўргазмасини кўздан кечириб, бадиий чиқишларни томоша қилди.

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги саммит маданий дастури доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хўжанд қалъасига ташриф буюриб, унинг тарихи билан танишди.

Қайд қилинишича, бу ноёб мажмуанинг қурилиши милоддан аввалги IV-V асрларга бориб тақалади. Археологик қазишмалар натижасида ўша даврда биринчи қалъа бунёд этилганлиги аниқланган.

1999 йилда қайта таъмирлаш ишларидан сўнг қалъа ёнида 28 мингдан ортиқ экспонатни ўз ичига олган ўлкашунослик музейи очилди.

Сўнгги реставрация ишлари жараёнида қалъа деворлари, арки ва дарвозалари қайта тикланди, маъмурий бино, ҳунармандчилик дўконлари қурилди, Хўжанднинг қадимий ҳовлилари намуналари яратилди.

Ҳудудда тожик халқи тарихи ва маданиятига оид 5 та кўргазма залидан иборат мажмуа барпо этилган. 8 та ҳовлида ҳунармандлар хаттотлик, рассомчилик, адрас тўқиш, сўзана тикиш, тош ўймакорлиги, темирчилик ва кулолчилик билан шуғулланмоқда.

Давлат раҳбарлари уч мамлакатнинг ҳунармандчилиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва миллий таомлари кўргазмасини кўздан кечириб, бадиий чиқишларни томоша қилди.

Мавзуга оид