Шавкат Мирзиёев жазо муддатини ўтаётган 488 нафар шахсни афв этди
Афв этилганларнинг 17 нафарини чет эл фуқаролари ҳамда 5 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фото: ИИВ
Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 488 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 100 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 268 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 34 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 86 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 17 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёл, 37 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 167 нафарини ёшлар (шулардан, 1 нафари вояга етмаган) ҳамда 5 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Мавзуга оид

00:20
Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга амалий ташрифи якунланди

20:20 / 31.03.2025
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари Хўжанд қалъасини томоша қилди

18:54 / 31.03.2025
Шавкат Мирзиёев Хўжандда Садир Жапаров билан учрашув ўтказди

12:58 / 31.03.2025