“Геосиёсат” мулоқоти. Ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб олинг
Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастури экспертлари Камолиддин Раббимов ва Шуҳрат Расул бу гал жонли эфирда халқаро майдонда кечаётган жараёнлар ҳақида фақат томошабинлардан келиб тушган саволларга жавоб беришди.
Ливанда Ҳизбуллоҳ, Фаластин ерларида ҲАМАС йўқ бўлса ҳудудда тинчликка эришиш мумкинми?
— Камолиддин Раббимов: ҲАМАС билан Ҳизбуллоҳ, бу кейинги, яъни саксонинчи йилларда тузилган ташкилотлар. Яъни Иккинчи жаҳон урушидан кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қирқ бешинчи йилда тузилади ва қирқ еттинчи йилда Исроил давлати ташкил топади. Исроил давлати икки минг йил давомида бўлмаган, яъни тарихан Исроил давлатининг йўқ қилинишида Ислом цивилизацияси, мусулмонларнинг, арабларнинг роли йўқ. Аксинча ўрта асрларда яҳудийлар мусулмон дунёсида, мусулмон цивилизацияси ичида жон сақлаган, Марокашда, Бухоро амирлигида, Туркияда ва Эронда. Лекин христианлар яҳудийларга оғир босимлар қилган.
Исроил давлати ташкил топгандан сўнг. Фаластинга ажратилган ҳудудларда давлат тузишга имкон берилмади. Бу амалга ошмагани учун ташаббус халқнинг қўлига ўтди. Худди ёмғирдан кейинги қўзиқориндек, айнан етмишинчи йилларнинг охири, саксонинчи йилларда мана шундай Ҳизбуллоҳ ва бошқа ташкилотлар пайдо бўлиб бошлайди.
Демак, муаммо Ҳизбуллоҳ ёки ҲАМАСда эмас, бундай ташкилотлар пайдо бўлишдан олдин ҳам Исроил босқинчилиги давомли содир бўлган.
— Шуҳрат Расул: Ливанда яшаётган шиа мазҳабидаги араблар билан Ғазода яшаётган араблар ўртасида уларнинг ҳуқуқий мақомлари ўртасида ҳам катта фарқ бор. Ливан мустақил давлат, у ердаги Ҳизбуллоҳ шу арабларнинг партияси. У ердаги араблар қўшни мустақил давлатнинг фуқаролари ҳисобланади. Демак, Ғазо автоном мақомда, гарчи қирқ тўққизинчи йили давлат ташкил қилиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори бўлган бўлса-да, Исроил уларга мана шу мустақилликни бермай келяпти. У расмий равишда Исроил назорати остидаги автономиядир. Шу маънода, Ҳизбуллоҳ билан Ҳамасни бир хил кўриш мантиқан бироз нотўғри.
“Совуқ уруш” тушунчаси нима?
— Шуҳрат Расул: Иккинчи жаҳон урушидан кейин, бир томондан 1949 йили НАТО блоги тузилган ва 1955 йили унга қарши Варшава шартномаси давлатларнинг ҳарбий иттифоқи тузилди. Бу иккала тизим Ғарб демократияси ва коммунистик ғоя асосида ўзаро қарши гуруҳлар эди. Бу давр 1991 йил СССРнинг парчаланиши билан расман ниҳоясига етган.
— Камолиддин Раббимов: Бир томондан Совет Иттифоқи ва унинг социалистик лагери ва Америка Қўшма Штатлари коллектив Ғарб ўртасида уруш фавқулодда жуда ҳам юқори эди. Бир неча марта бир-бирига ядровий ҳужум қилиш ҳолатига бир бахя қолган. Яъни тинчлик келишуви йўқ, ҳар қандай ҳолатда уруш бошланиб кетиши мумкин эди. Муносабатлар ўта совуқ эди, лекин бу тўғридан-тўғри томонлар қонли катта урушни истамаган. Чунки иккита томондан ҳам ядровий арсенал жуда ҳам катта эди.
— Баъзи давлатларнинг қарзи ЯИМнинг 20-30 фоизи бўлса ҳам ташвишли. АҚШнинг давлат қарзи ЯИМнинг катта қисмини ташкил қилади. Умуман, қарзлар қачон хавотирли бўлади?
— Шуҳрат Расул: Жамоатчиликда қарзлар масаласида баъзан асоссиз хавотирлар бўлади.
Мана, масалан, Япония, Испаниянинг қарзлари 200-250 фоиз ялпи ички маҳсулотига тенг. Энди бу ерда қарз олувчи томон ва қарз бераётган томонларнинг ўзаро бир мақомини аниқлаб, кейин шу қарз олувчи томоннинг қарзларини қайтара олиш қобилиятини баҳолаш учун халқаро рейтинг агентликлари бор. Масалан, Fitch, Moody's, S&P каби халқаро агентликлар мавжуд. Улар давлатлар ва трансмиллий компанияларнинг қарзга оид кредит олиш ва кредитларни қайтариш қобилияти бўйича рейтингларни эълон қилиб туради.
Ўзбекистоннинг рейтинги, охирги 5-6 йилдан бери, «ББ-» даражасида ўзгармай турибди, бу 12 та даражадан биридир. Ҳозир Ўзбекистонда қарз миқдори кўтарилиб кетди. Шунга мос равишда ижтимоий тармоқларда баъзи иқтисодчи экспертлар ва халқимизнинг бир қисми ҳам хавотир билдиряпти. Ўзбекистон қарз мажбуриятларини бошқариш бўйича қонун ишлаб чиққан. У ерда бу қонунга кўра, Ўзбекистон қарзларни 60 фоизгача кўтаришини норма деб ҳисоблайди. Умуман олганда, Халқаро валюта фондининг тавсияларига кўра, қарзлар ЯИМнинг 40 фоизидан ошмаса, уларни қайтариш эҳтимоли баланд ҳисобланади. Мана шу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон ҳали Халқаро валюта фондининг чегарасидан чиққани йўқ. Ҳозирги кунда Ўзбекистон 2024 йилни доллар билан якунлади. Номинал бўйича, Ўзбекистоннинг жами 40 миллиард долларлик қарзи шу қийматнинг 35 фоизини ташкил қилади. Яна 5 миллиардлик захира бор, Ўзбекистон ўзи қабул қилган қарзни бошқариш конституциясига мувофиқ, яъни олтмиш фоизгача қарз олишимиз мумкин; бу қонун билан белгилаб қўйилган. Ҳали бу маънода яна 20 миллиард долларлик қарз олиш ҳуқуқимиз ва имкониятимиз бор. Энди қарздорлик керакми, деган савол туғилади. Ўзбекистон бугунги кунда ўз иқтисодини модернизация қилмоқда, модернизация қилиш керак, структуравий ўзгаришлар, институционал ўзгаришлар қилиш керак. Мана, шу жараёнда бозор иқтисодиётига ўтиш кетмоқда.
Ўзбекистон 2026 йил июн ойигача Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиши керак. Ўзбекистон эшикларини очмоқда; очиқ эшиклар сиёсатини эълон қилди. Шу маънода, Ўзбекистонга қарзлар кириб келиши, кредит бозорининг ҳам очилиши, халқаро кредиторларнинг қизиқиши табиийдир.
Бизлар шаҳарсозликка оид агломерация бўйича ишлашимиз керак, халқнинг бир қисмини шаҳарларга жалб қилишимиз лозим. Шаҳарлар иқтисодий драйверлар, шуларни тезроқ кўпайтиришимиз зарур. Аҳолиси биздан икки баробар кам бўлган Қозоғистонда учта миллионлик шаҳар бор, Ўзбекистонда ҳали Тошкентдан бошқа миллионлик шаҳар йўқ. Бу соҳанинг ривожи учун зарур.
— Камолиддин Раббимов: Америкаларнинг ялпи ички маҳсулоти 28 триллион бўлса, қарзларининг миқдори 35 триллион, яъни 28 дан каттароқ. Қарзлар масаласини ўрганганимда, дунёнинг бой давлатлари катта қарзни яхши кўради: Япония, Европа, Америка. Нима учун? Чунки юқорида айтдим, арзон қарзлар бўлади. Мисол учун хизмат ҳақи 2-3 фоиз бўлса, уни иқтисодга олишади ва бир йил давомида худди дрожжидек бўлиб, ҳаттоки 5-10 фоиз даромад беради. Ўша 2 фоизда қайтаради, 8 фоиз унга даромад қолади. Жуда катта қулай пул ҳисобланади.
Энди қарз масаласида жамиятимизда фобия бор, уни айтиш керак. Бу фобия Каримов даврида, биринчи маъмурият даврида шаклланганди. Каримов қарз олишдан қаттиқ қўрқар эди, лекин охирги 6 йилда Каримов ўзининг қарз сиёсатини ўзгартирди. 2010 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10 фоиз эди. Лекин 2010 йилда ва 2013 да 10 фоизга тўғри келди. 2016 йилга келиб 20 га чиқди, яъни 6 йилда 10 фоиз ўсиш бўлди. Йиллик ўсиш тахминан 2 фоизга етар-етмас эди. Охирги пайтда Каримов ҳам давлат қарз сиёсатини кўриб чиқди.
Ҳозирги пайтдаги динамика шуни кўрсатадики, давлатнинг қарзи 2 фоизга яқин, йиллик ставкаси 2 фоиздан ошмайди. Ўзбекистоннинг олинаётган қарзларининг каттароқ қисми бугунги кунда корпоратив қарзлар, яъни Ўзбекистон банклари кўпроқ қарз олмоқда. Катта банкларимиз бор, уларнинг кредит ставкаси жуда юқори, лекин жамият кўтаради, шу сабаб олишмоқда.
Туркияда Акром Имомўғлининг ҳибсга олиниши сабаб юз бераётган намойишлар фонида ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаши мумкинми?
— Шуҳрат Расул: Мамлакатдаги намойишчиларнинг бир фронтга тўпланиши сабаби бу — Туркиядаги иқтисодий пасайиш деб ўйлайман. Сабаби мана шу Туркияда икки минг ўн учинчи йилдан то бугунга қадар турк лираси йигирма баробар қадрсизланган. Йигирма баробар! Эрдўған тарафдори бўлган диний қатламда ҳам унга нисбатан норозиликлар мавжуд, умуман мамлакатдаги вазият жуда чалкашиб кетди.
Агар 2028 йил ёки ундан аввал сайловлар ўтказилса, Имомўғлининг ғалабаси аниқ бўлиб қолгандек. Туркия замонавий ғарб демократиясини ўзлаштириб ўша йўналишдан юрган даврлар ҳам бўлди. Шунга қарамай, ҳозирги Туркия ҳақида бирор прогноз қилиш қийин.
— Камолиддин Раббимов: 2016 йилда Эрдўғанни йиқитиш учун ҳаракатлар бўлганида буни Эрдўған олдиндан билган дейдиганлар ҳам бор. Менимча ундай эмас. Чунки Эрдўған ҳақиқатда ўшанда қаттиқ қўрқиб кетди, бурчакка қисилиб олиб, телефон орқали мени қутқаринглар деб халққа мурожаат қилди. Халқ кўчага чиқди ва Эрдўған ўзининг легитим эканлигини ҳақиқатдан исботлай олди.
Чунки сиёсатнинг энг юқори нуқтаси бу халқни сўз орқали жунбишга, ҳаракатга келтира олиш қобилияти. Яъни инсон сиёсатчи авторитет бўлса ва унинг чақириқлари халқда садо берадиган бўлса ва халқ ҳаракатга келадиган бўлса, бу энг юқори натижа.
Лекин 2016 йилдан кейин, менинг назаримда, Эрдўған ҳарбийларнинг сиёсий қудратини тўлиқ демонтаж қилди. Ҳарбийлар куч орқали сиёсий ҳаракатлар қилишлари мумкинми деган саволга ҳеч ким 100 фоиз кафолат билан жавоб бера олмайди. Буни амалга ошириш қийин, чунки Эрдўған ҳарбийларнинг сиёсий қудратини улардан тортиб олди.
Шунингдек, сиёсатшунослар Россиянинг эҳтимолий нишони Қозоғистонга қаратилганда Туркий Давлатлар Ташкилоти ёки Туркия қандай йўл тутиши, АҚШнинг Эронга уруш очиш эҳтимоли, Туркияда ким президент бўлса Марказий Осиё учун қулайлиги, АҚШ Ф-22 самолётини нега ҳатто Исроилга ҳам сотмаслиги каби кенг геосиёсий мавзулар муҳокама қилинди.
Жонли эфирда ташкил этилган таҳлилий суҳбатни ҳозироқ YouTube’даги расмий саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид

19:37 / 30.03.2025
Путиннинг таклифи ва Европанинг риторик қатъияти – геосиёсий ҳафта таҳлили

15:43 / 25.03.2025
Туркияда Эрдўған эраси ва Имомўғли омили – сиёсатшунослар нигоҳида

15:00 / 23.03.2025
Урушни тиклаган Нетаняҳу, Путинга гапи ўтмаётган Трамп ва қамоққа олинган Имомўғли — геосиёсий ҳафта таҳлили

10:25 / 21.03.2025