Янги “иномарка”лар савдоси 2 баробардан кўпроққа камайиб кетди
Ўзбекистонга хориждан олиб келинган енгил автомобилларнинг бирламчи бозорида сотувлар бир ой ичида 2 баробардан кўпроққа тушиб кетди. Бу кетма-кет киритилган нотариф тўсиқлар ортидан, импорт кескин қисқаргани фонида юз бермоқда. Бозорни олдинда яна бир зарба кутяпти: 1 майдан электромобиллар учун утилизация йиғими кескин оширилади.

Фото: Kun.uz
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон автомобил бозорининг феврал ойи бўйича таҳлилини тақдим этди.
Таҳлилларга кўра, ўтган ойда бирламчи ва иккиламчи автомобил бозорларидаги фаоллик ўртача пасайган.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси барқарор сақланиб қолган бўлса, хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси икки баробардан кўпроққа камайган.
Электромобиллар сегментида ой якунлари бўйича фаоллик пасайганига қарамай, ўтган йилга нисбатан таққослаганда ўсиш бор.
Бирламчи бозор
Енгил автомобиллар бозорида сотувларнинг умумий пасайиши кузатилмоқда, бу асосан хорижий автомобил сегментидаги фаолликнинг пасайиши билан боғлиқ.
Феврал ойида енгил автомобиллар савдоси ўтган ойга нисбатан 14,5 фоизга камайди ва 67,2 мингта автомобилни ташкил этди.
Ой давомида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сотуви деярли ўзгармади ва 21,7 минг донани ташкил этган бўлса, янги хорижий автомобиллар сегментида сотувлар 2 баробардан ортиқроққа камайди.
Иккиламчи бозор
Енгил автомобилларнинг иккиламчи бозорида ҳам фаоллик пасайди.
Феврал ойида 43,3 минг дона автомобил олди-сотдиси қайд этилди. Бу жорий йилнинг январига нисбатан 16 фоизга кам.
Электромобиллар бозори
Янги енгил электромобиллар сегменти фаолликнинг пасайишини кўрсатмоқда. Феврал ойида сотувлар 2,9 мингта электромобилни ташкил этди, бу ўтган ойга нисбатан 11 фоизга кам.
Шу билан бирга, йиллик нисбатда олганда, яъни 2024 йилнинг феврали билан таққослаганда, фаоллик икки баравардан кўпроққа ошган.
Енгил автомобил импорти қисқармоқда
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, январ-феврал ойларида автомобиллар импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 4 баравар – 17 396 тадан 4 369 тагача қисқарган.
Бензинда юрувчи автомобиллар импорти – 12 233 тадан 2 745 тага (4,5 баравар), электромобиллар 3 489 тадан 1 555 тага (2,3 баравар), гибрид автомобилларники 1 674 тадан 69 тагача (24 баравар) камайган.
Импорт қисқариши ва бозордаги фаолликнинг пасайиши нотариф чекловлар фонида юз бермоқда.
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб импорт қилинган автомобилларни божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги полигонда техник синовлардан ўтказиш бошланганди. Автополигоннинг мавжуд қуввати реал талабдан бир неча баробарга камлиги импорт ҳажмининг кескин қисқаришига таъсир қилаётган бўлиши мумкин.
Шунингдек, ноябрдан машиналар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви ҳам жорий қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 майдан бошлаб, электромобиллар учун утилизация йиғими миқдори кескин оширилади. Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун БҲМнинг 120 баравари (45 млн сўм) миқдорида утилизация йиғими ундирилади. Бу – амалдаги йиғим миқдори (30 БҲМ, 11 млн 250 минг сўм)дан 4 баробарга кўп.
Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган электромобиллар учун эса утилизация йиғими миқдори БҲМнинг 210 баравари (78,75 млн сўм) деб белгиланади. Бу – амалдаги йиғим миқдори (90 БҲМ, 33 млн 750 минг сўм)дан 2,3 баробарга кўп.