Дунёда қайси автомобиллар энг кўп сотиляпти?
2024 йилда сотилган ҳар 100 та автомобилдан 10 тасини Toyota ишлаб чиқарган. Бу компанияга тегишли 3 та модел – Corolla, RAV4 ва Camry энг кўп сотилган автомобиллар топ ўнталигидан жой олди. Ўтган йили ҳам энг оммабоп модел – Tesla Model Y бўлди. Бу электромобилдан 1,15 млн дона харид қилинган. BYD бозордаги ўрнини шиддат билан мустаҳкамлаб боряпти.
2024 йилда глобал миқёсдаги автомобиллар сотуви 88,2 миллион донани ташкил этди. Бу 2023 йилга нисбатан 2,7 фоизга кўп. Хўш, ўтган йили автомобил саноатида қандай ўзгаришлар юз берган? LMC Automotive, Jato вa Focus2move каби етакчи таҳлилий компанияларнинг ҳисоботлари бўйича бу тенденцияни таҳлил қиламиз.
2024 йилдаги халқаро автомобил савдосининг учдан бир қисми Хитойда амалга оширилган. Бу борада иккинчи ва учинчи ўринларни АҚШ ва Ҳиндистон эгаллаган.
Енгил автомобиллар сотуви бўйича етакчи мамлакатлар
Ўтган йили енгил автомобил савдоси Япония, Германия, Франция каби мамлакатларда қисқарган бўлса, Хитой, Ҳиндостон ва Бразилия каби мамлакатларда кескин ошган.
Энг кўп сотилган автомобил брендлари
Ўтган йилда BYD автомобилларининг сотуви қарийб 27 фоизга ошган. Шунингдек, Chevrolet (+8,2 фоиз), Mercedes (+5,8 фоиз) ва Toyota (+3,4 фоиз) сотувларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган. Ўз навбатида, Ford (-3,7 фоиз), Honda (-2,1) ва Volkswagen (-0,6) сотуви камайган.
Энг кўп сотилган автомобил моделлари
2024 йилда жаҳонда энг кўп миқдорда Tesla Model Y сотилган. Ушбу электромобилдан 1,15 млн дона харид қилинган.
Иккинчи ўринни Toyota Corolla эгаллаган. Ўтган йил давомида 1,13 млн дона ушбу моделдаги автомашина сотиб олинган. Эътиборли жиҳати, Toyota’нинг яна 2 модели топ-10 таликка кирган. Хусусан, 2024 йилда Toyota RAV4 модели учинчи ўринда (сотув –1,02 млн дона), Tayota Camry эса саккизинчи ўринда (сотув –580 минг) қайд этилган. 2024 йилда сотилган ҳар 100 та автомобилдан 10 таси Tоyota томонидан ишлаб чиқарилган.
Тўртинчи ва бешинчи ўринларни Ford F-Series (сотув – 900 минг дона) ва Honda CR-V (сотув – 740 минг дона) моделлари эгаллаган.
Сўнгги 10 йилликдаги автомобиллар сотуви
Охирги 10 йилликдаги энг кўп автомобил сотуви 2017 йилда кузатилган – 94,5 млн дона. Ўтган йилда ҳам автомобил савдоси сезиларли даражада ўсаган бўлса-да, бу кўрсаткич пандемиядан олдинги даврга нисбатан камлигича қоляпти.
- 2014 йил – 85,2 млн дона;
- 2015 йил – 86,9 млн дона;
- 2016 йил – 93,1 млн дона;
- 2017 йил – 94,5 млн дона;
- 2018 йил – 94 млн дона;
- 2019 йил – 90,1 млн дона;
- 2020 йил – 77,6 млн дона;
- 2021 йил – 81,1 млн дона;
- 2022 йил – 80,4 млн дона;
- 2023 йил – 85,9 млн дона;
- 2024 йил – 88,2 млн дона;
Ўзбекистон автомобилсозлик саноати
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда 424 минг 808 дона енгил автомобил ишлаб чиқарилган. Бу борада энг кўп ишлаб чиқарилган моделлари қуйидагилар:
- Cobalt – 164 887 дона;
- Damas – 101 902 дона;
- Tracker – 45 918 дона.
Ўтган йилда мамлакатда сотилган автомобиллар миқдори эса 402 минг 391 донани ташкил этган. Ҳисобот даврида UzAuto Motors 353 минг 730 дона, ADM Jizzakh 30 минг 329 дона, BYD Uzbekistan Factory 17 минг 132 дона, Asaka Motors 489 дона, Jizzakh Auto 394 дона, SamAuto 317 дона автомобилни харидорларга етказиб берган.
2024 йилда корхоналарнинг ички бозордаги улуши қуйидагича:
- UzAuto Motors – 87,9 фоиз;
- ADM Jizzakh – 7,5 фоиз;
- BYD Uzbekistan Factory – 4,3 фоиз;
- Jizzakh Auto – 0,1 фоиз;
- Asaka Motors – 0,1 фоиз;
- SamAuto – 0,1 фоиз.
Энг кўп сотилган автомобил – Cobalt. Ўтган йил 127 минг 240 дона ушбу моделдаги автомобил сотилган. Кейинги ўринларда Damas (106 001 дона) ва Tracker (37 903 дона) қайд этилган.