Ўзбекистон | 21:15 / 15.03.2025
2112
10 дақиқада ўқилади

Париждаги келишувлар, 800 миллионлик бож ва таглик текшируви — ҳафта дайжести

Ўзбекистон ва Франция муносабатлари стратегик шериклик даражасига чиқди. Қирғизистон ва Тожикистон чегара масаласида келишиб олди. Болалар тагликлари учун мажбурий сертификат киритилгани импортни қийинлаштириб, нархларни оширяпти. Божхоначилар эҳтиёт қисмлардан тайёр машина йиғиш жараёнини кўрсатиб берди. Амалдорлар Mercedes-Benz'лардан воз кечмоқда. Kun.uz'да – Ўзбекистон ҳафтаномаси.

Франция – стратегик шеригимиз

Дунёнинг еттинчи энг йирик иқтисодиёти, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, қайноқ демократия ва жўшқин либерализм бешикларидан бири бўлмиш Франция Республикаси – энди стратегик шеригимиз. Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи вақтида бу ҳақдаги декларация қабул қилинди.

36 та банддан иборат ҳужжатда кўплаб йўналишларда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳақида сўз боради. Мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик қилиш, хавфсизликка доир ва ҳарбий-сиёсий мазмундаги стратегик мулоқотлар, энергетика ва фойдали қазилмалар каби йўналишлар шулар жумласидан. Ҳужжатда томонлар дезинформацияга қарши туриш мақсадида сўз эркинлигига содиқ қолишини тасдиқлаган.

Елисей саройидаги юзма-юз музокаралар ва ҳужжатларни имзолаш тадбирларидан кейин, Франция президенти Эммануэл Макрон ўзбекистонлик ҳамкасбини Фахрий легион ордени билан мукофотлади. Оқшомда эса томонлар мулоқотни дастурхон атрофида давом эттиришди. Унда мезбон мамлакат раҳбари меҳмонларга ўзбек тилида мулозамат кўрсатди: “Яшасин Ўзбекистон, яшасин Франция! Яшасин Франция–Ўзбекистон дўстлиги!” – деди у қабул маросимидаги нутқида.

Шавкат Мирзиёев Эммануэл Макронга атоқли француз ёзувчиси Виктор Ҳюгонинг ўзбек тилига таржима қилинган “Кулаётган одам” романининг илк нусхасини совға қилди. Макрон эса XIX асрда француз фотографи Пол Надар томонидан Жиззахда олинган фотосуратни ҳадя қилди. Франция томони тақдим этган видеода Шавкат Мирзиёев совғадан мамнун бўлиб, “бу менинг ватаним” дея ҳамкасбини бағрига босиб қўйганини кўриш мумкин.

Имзоланган ҳужжатларга қайтсак. Стратегик шериклик декларациясидан ташқари, энг йирик битимлардан бири, кутилганидек, Франциядаги АЭСлар учун уран таъминотига оид бўлди. Француз нашрлари ҳам ташрифни ёритишда асосий урғуни уранга қаратди. “Навоийуран” давлат корхонаси, Французларнинг Orano гуруҳи ва Япониянинг ITOCHU корпорацияси ўртасида тузилган битимга асосан, йил охиригача Навоий вилояти Томди туманидаги “Жонкелди” конида уран қазиб олиш бошланади. Дастлабки 3 йилда лойиҳага 214 млн доллар йўналтирилиши кўзда тутилган. Кондаги захиралар 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида, йилига 700 тоннагача миқдорда уран қазиб олиш имконини беради.

Маълумот учун, Францияга уран етказиб бериш ортиши билан, охирги 2 йилда Ўзбекистоннинг бу мамлакатга экспорти 10 баробардан кўпроққа ошди. Макроннинг 2023 йилда Самарқандга ташрифидан кейин, 2024 йилда ўзаро савдо ҳажми илк марта 1 млрд долларга етган.

Россия билан мулоқотлар

Ўзбекистон президентининг Ғарбдаги бирор йирик давлатга ташрифи тугар-тугамас, Россиядан Тошкентга қараб делегация йўлга чиқиши ҳолати яна кузатилди. Париждан қайтган Шавкат Мирзиёевни Тошкентда Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин кутаётганди. У эртасига давлат раҳбарининг қабулида бўлди. Расмий хабарда айтилишича, меҳмон Ўзбекистон раҳбарига Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган. Учрашувда кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди, дейилади расмий ахборотда. Володин бошлиқ делегация Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида ҳам бўлди, бирор ҳужжат ёки келишув ҳақида хабарлар бўлгани йўқ.

Ҳафта давомида, шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ҳам Россияга борди. Унда ҳукуматлар ўртасида иқтисодий мавзулар, хусусан Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида ўзаро бозорларга кириш масаласи кўриб чиқилган. Бош музокарачи Азизбек Ўруновнинг сўзларига кўра, Россия томони билан бу борадаги “ҳал этилмаган масалалар” муҳокама қилинган. Москвадагилар, жумладан, Ўзбекистон энергетика инфратузилмасига оид лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигига урғу берган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳозирга қадар ЖСТга кириш бўйича АҚШ, Хитой каби муҳим аъзо-давлатлар билан музокараларни якунлаган, Россия эса ҳозирча келишувга эришилмаган саноқли давлатлар қаторида қолмоқда.

Болалар тагликларини мажбурий сертификатлаш бошланган

Ташқи савдо мавзусини давом эттирамиз. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёни билан параллел равишда, импортга турли нотариф чекловларни жорий этишда давом этяпти. Шу ҳафта маълум бўлишича, болалар тагликлари учун мажбурий сертификат жорий этилганидан кейин, тагликлар импорти кескин камайиб кетган. Бу эса, табиийки, нарх-навода ўз аксини топяпти.

Мажбурий сертификат талаби Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил августдаги қарорига асосан киритилган. Бу қарорга кўра, болалар учун кийим-кечаклар, сўрғичлар, тагликлар, шунингдек, барча турдаги тиш чўткалар “хавф даражаси юқори товарлар” рўйхатига киритилган. Бу рўйхатдаги товарлар давлат рўйхатидан ўтказилиши, шундан кейин ҳар бир партияси учун мувофиқлик сертификати олиниши керак. Kun.uz суҳбатлашган тадбиркор буни “бюрократия ва сунъий тўсиқлар билан рақобатни чеклаш” деб атади. “Импортёрлар учун узун навбат юзага келган, бу текширувлар тадбиркорларга қўшимча харажат юкламоқда”, дейди таглик импорти билан шуғулланувчи тадбиркор.

Импортёрлар айтаётган қийинчиликлар расмий рақамларда ҳам ўз аксини топяпти. Божхона маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-феврал ойларида “аёллар ва болалар учун гигиеник прокладка ва тагликлар” тоифасидаги товарлар импорти физик ҳажмда салкам 2 баробарга, қиймат жиҳатдан салкам 3 баробарга камайган.

Божхонада йиғилган самосвал

Ўзбекистонга импорти кескин камаяётган товарларнинг яна бир тоифаси – автомобиллар. Божхона қўмитаси очиқлаган статистикадан маълум бўлишича, 2025 йилнинг феврал ойида Ўзбекистонга енгил автомобил импорти қиймат жиҳатдан 3,5 баробарга, миқдор жиҳатдан эса 2,8 баробарга қисқарган. Бу пасайиш ҳам импортга ўтган йили жорий этилган бир қатор нотариф тўсиқлар ва божхонада сунъий равишда юзага келтирилган навбатлар ортидан рўй беряпти.

Ҳафта давомида протекционизм ва маҳаллийлаштириш бошқа бир воқеа сабабли ҳам тармоқларда яна муҳокама мавзусига айланди. Жума куни Божхона қўмитаси юк машинасини бўлакларга бўлиб олиб киришга уриниш фош этилгани ҳақида хабар тарқатди. Хабарга илова қилинган видео кўпчиликни ҳайратда қолдирди: унда атиги бир неча киши, бевосита божхона омборининг ўзида, оддийгина техникаларни қўллаган ҳолда, бутун бошли юк машинасини эҳтиёт қисмлардан йиғиб, тайёр ҳолатга келтирганини кўриш мумкин. Бу ҳолат тармоқларда: “Машина йиғиш учун умуман завод қуриб овора бўлиш шарт эмас экан-ку!” деган истеҳзоли изоҳларга сабаб бўлди.

Божхона қўмитасига кўра, “Сирғали” постида аниқланган бу ҳолатда, хориждан келтирилган 11 турдаги авто эҳтиёт қисмлари аслида бир бутун ҳолдаги товар – самосвал бўлиб чиққан. “Транспорт воситасини қисмларга ажратиб гўёки авто эҳтиёт қисм ниқоби остида олиб киришга уриниш орқали юк эгаси 800 млн сўмлик божхона тўловларини “тежамоқчи” бўлган”, дейилади расмий хабарда.

Воқеа тармоқларда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Иқтисодчилар бу ҳолат маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоялаш учун жорий этилган юқори божларнинг оқибати эканини айтди. Дарҳақиқат, битта юк машинасини олиб кириш 800 млн сўмдан кўпроққа тушишининг сабаби – айнан божлар. Ўзбекистонда самосваллар учун нақ 70 фоизлик, қўшимчасига ҳар бир куб мотор ҳажми учун 3 долларлик божлар ўрнатилган. Бу божларнинг сабаби эса, албатта, маҳаллийлаштиришга бориб тақалади: Самарқандда юк машиналарини йиғиш йўлга қўйилган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Қирғизистон ва Тожикистон чегара масаласида ниҳоят келишиб олди. Икки давлат раҳбарлари 13 март куни Бишкекда чегара тўғрисидаги шартномани имзолади. Қирғиз–тожик чегарасида 2021 йили ёпилган иккита ўтказиш пункти очилди, ўзаро авиақатновлар ҳам тикланди. Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон 31 март куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ҳам учрашади, у ерда Шавкат Мирзиёев ҳам бўлади. Бундай уч томонлама форматдаги илк учрашувда президентлар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегаралари туташган нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаши кутилмоқда.

Президент топшириғидан кейин, кўплаб амалдорлар хизмат автомобилларини алмаштира бошлади. Ўтган ҳафтадаги селекторда давлат раҳбари мансабдорларнинг хизмат машинасида юришини кескин қисқартириб, миллий автомобил ва миллий мебелга ўтиш кераклигини айтган эди. Шунга асосан, амалдорлар Mercedes-Benz'лардан воз кечиб, “Ўзавтосаноат” корхоналари сотадиган автомобилларга: Chevrolet Malibu ва BYD'ларга ўтмоқда. Шу билан бирга, нархи миллиард сўмдан ошадиган Tahoe'ни танлаётганлар ҳам оз бўлса-да йўқ эмас.

Шахси сир қолаётган ўзбекистонлик Корея пойтахти Сеулдан 5 млн долларга квартира сотиб олди. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, қимматбаҳо квартира шаҳардаги элит турар-жой мажмуасида жойлашган бўлиб, майдони 244 квадрат метрга тенг. Харидор – 41 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлиб, унинг манзили сифатида Тошкентдаги Корея–Ўзбекистон анъанавий тиббиёт клиникаси кўрсатилган. 5,1 млн долларлик олди-сотди битими 2024 йил охирида тузилган, тўлов нақд пулда амалга оширилган.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасида овоз бериш босқичи бошланди. Ўзбекистонликлар 20 мартгача “Очиқ бюджет” порталида овозга қўйилган лойиҳалардан бирини танлаб, овоз бериши мумкин. Республика бўйлаб ташаббускорлар ўз лойиҳаларига овоз йиғиш учун қизғин тарғибот кампаниясини олиб боряпти. Бу жараёнда, афсуски, бюджет ходимларини мажбурлаш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда. Шундай ҳолатлардан бирида, ўқитувчилар ойлигидан 700 минг сўмдан ушлаб қолмоқчи бўлган Қува туманидаги мактаб директори ишдан олинди.

Мавзуга оид