Жаҳон | 11:43
4278
11 дақиқада ўқилади

Чегара можаросига нуқта, Wizz air'дан норози туркман ва Душанбеда совет аскари стелласи – Марказий Осиё ҳафта ичида

Якунига етган ҳафтада минтақа хавфсизлиги ва тинчлиги учун катта қадам қўйилди, қирғиз-тожик чегара келишуви имзоланди. Икки давлат дипломатияси можароларга нуқта қўймоқда. Қозоғистонлик аёл Олмаота ҳокимиятида аёл кадрлар йўқлигидан нолиб, шикоят қилди. Туркманистон фуқароси сарсон бўлгани ортидан Wizz Air устидан туристик порталга ёзди. Афғонистон эса АҚШдан товон пули талаб қилмоқда.

Раҳмон ва Жапаров ер талашувига нуқта қўйди

Якунига етган ҳафтада Марказий Осиё ва ундаги давлатлар тинчлиги учун энг катта қадамлардан бири қўйилди десак бўлади. Минтақа интеграцияси ёки бирдамлиги ҳақида гап кетганда доимий тилга олинадиган асосий муаммолардан биттаси – чегара масалалари эди. Қирғизистон ва Тожикистон эса узоқ йиллар давомида муросага келолмади, ваниҳоят президент Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров қўшма ҳужжатга имзо чеккан. Бу билан қирғиз-тожик чегара можаросига нуқта қўйилмоқда, ҳар ҳолда икки томон ҳам шундан умидвор. 12-13 март кунлари Имомали Раҳмон давлат ташрифи билан Қирғизистонга келди, уни юксак эҳтиром билан қарши олишди. 1994 йилда президент лавозимини эгаллаган Раҳмон бир неча бор Бишкекка сафар билан келган, уларнинг аксарияти ишчи ташрифлари эди. Унинг катта расмий сафари 1998 йилда Аскар Акаев президентлиги даврида бўлган. 13 март куни ўтган асосий музокараларда икки давлат 2021 йилдан бери ёпган икки чегара ўтказиш пунктини қайта очадиган бўлди.

Бундан ташқари, 14 мартдан бошлаб Бишкекдан Душанбе ва Хўжандга рейслар йўлга қўйилди.

Қирғизистон президенти ўз нутқида икки давлатнинг чегара келишуви Марказий Осиё тинчлиги, хавфсизлиги, барқарорлиги учун тарихий қадам бўлганини гапирди. Раҳмон ҳам бу фикрга қўшилди. Ҳужжат имзоланганидан кейин 2021 йил ёпилган «Қизил-Бел» ва «Қайрағоч» назорат ўтказиш пунктлари қайта очилиш маросимида икки раҳбар онлайн қатнашди. Тожик ва қирғизлар бир бирининг ерига ўтиб, чегара очилганидан хурсандлигини яширмади. Йиғлаганлар ҳам бўлди.

Энди Душанбе ва Бишкек ўзаро савдони ривожлантирмоқда, келишувга мувофиқ яқин орада улар товар айланмаси ҳажми 500 млн долларга етмоғи керак. Шунингдек, Марказий Осиё-Жанубий Осиё-1000, экспертлар тилида CASA-1000 электр сотиш лойиҳасини ҳам тезлаштириш ҳақида фикр билдирилган.

Эндиги қадам эса Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегаралари туташ нуқтаси бўйича битимни имзолаш. Раҳмонга кўра, бу 31 март – катта эҳтимол билан Рамазон ҳайити куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида амалга оширилади. Буни Ўзбекистон томони ҳам тасдиқлаган. Қисқа хулоса шуки, чегара муаммолари ўнлаб йиллар давомида бу давлатларнинг жаҳондаги сиёсий имижига ҳам салбий таъсир ўтказиб келаётганди, минтақа тинчлигига хавф солиб, ҳар йили қандайдир тўқнашувлар инсонлар ўлимига сабаб бўлаётганди. Чегара келишувига тинч эришиш бу – қўшнилар дипломатияси ютуғи. Президент Жапаров энди Марказий Осиё давлатлари ҳам ўзаро визасиз режимни жорий қилиш масаласини ўйласа бўлишини ёзди. БМТ бош котиби Антонио Гутерриш эса чегара келишувига эришилгани билан икки давлатни табриклаган.

Олмаоталик фуқаро ҳокимиятда аёллар ишламаслигидан норози

Олмаота ҳокими фуқаролар билан учрашув ўтказди. Унда қатнашган аёллардан бири сўзга чиқаркан, ҳокимликда аёл кадрлар йўқлигидан шикоят қилди. Маҳаллий нашр – Теngrinews эълон қилган мақолада келишича, шаҳарнинг Бостандиқ туманида яшовчи аёл охирги 2 йил ичида коттеж қуриш масаласи бўйича маҳаллий ҳокимликларга 200 дан ортиқ мурожаат йўллаганини айтди. Фуқаронинг айтишича, на ҳокимиятда, на бошқа идораларда халқни ҳеч ким эшитмайди.

Мен қарорлар қабул қилишда аёлларнинг вакиллиги масаласини кўтармоқчиман. Қаранг, ҳокимлигингизда ишлаётган деярли ҳамма – эркаклар, аёллар умуман йўқ. Балки шу омил ишнинг самарадорлигига таъсир қилаётгандир, деган олмаоталик аёл.

Ҳоким Ерболат Досаев эса шикоятчининг саволига жавоб қайтарар экан, мен эркаклардан кўра, кўпроқ аёлларга ишонаман деди. У сўзини давом эттираркан, Олмаота ҳокимияти энг ноёб давлат ташкилотларидан, менда аёл раҳбарлар анча, дея таъкидлади.

Олмаота ҳокими Досаев тез-тез одамлар билан мулоқот қилиши айтилади. Аввалроқ бир фуқаро ундан томорқасига йўл очиб беришни сўраган эди, Досаев эса давлат қурилиш режаси биринчи ўринда экани, уни ҳоким ҳам бузолмаслигини айтиб, узр сўраган.

Тожикистонда қизил армия аскарлари мангу хотираси учун стелла қўйилди

Ўтган ҳафта Қирғизистон маданият вазирлиги делегацияси Москвага бориб, 9 майни қандай нишонлаш масаласини муҳокама қилганини хабар бергандик. Бу ҳафта эса Тожикистонда Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳалок бўлган Қизил армия аскарлари шарафига қўйилган, аввал олиб ташланган стелла қайта тикланди. У Душанбедаги православ қабристонининг Шон-шараф хиёбонида жойлашган. Маҳаллий нашр Asia plus Tajikistan’нинг ёзишича, 10 март куни Улуғ Ватан уруши йилларида Сталинобод, яъни Душанбе эвакуация госпиталларида ҳалок бўлган Қизил армия аскарлари ва қўмондонлари хотираси учун стелланинг очилиш маросими ўтказилган.

Тадбирда Россия элчихонаси ходимлари, Россотрудничество, аккредитациядан ўтган дипкорпус вакиллари, Тожикистондаги уруш фахрийлари, аскарлар, ёш армия аъзолари қатнашган. Стелланинг реставрация қилиниши ва атроф ободонлаштириши харажатларини Россия элчихонаси бўйнига олган. Бу қабристонда дафн қилинган уруш иштирокчилари ва қўмондонлари исмлари стеллага ёзиб чиқилган. Тадбирда сўзга чиққан тожик фаоллари ва тарихчилари бу ишни олқишлай-олқишлай стелладаги квадратчаларга қолиб кетган ҳамманинг исмини ёзиш кераклигини гапиришган. Тадбирдан олинган расмларда кўринишича, Ўзбекистон элчиси ҳам унда қатнашган.

Россиянинг Тожикистондаги элчиси эса 2025 йил МДҲда “Ғалабанинг 80 йиллиги, нацизмга қарши курашда тинчлик ва бирдамлик йили” эканини эслатган. Элчи 9 май тантаналарида Тожикистон президенти бевосита қатнашишини ҳам маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 13 феврал куни Тожикистон ва Россия ТИВ кўришганда Раҳмон 9 май куни Москвага боришга рози эканини билдирган.

Йиғилганлар президент Раҳмондан уруш йилларида эвакуация музейини ташкил қилиш, Душанбедаги ғалаба боғида совет иттифоқи қаҳрамонлари хиёбонини ташкил этишни илтимос қилиб сўрашган.

Туркманистон фуқароси Wizz Air устидан шикоят қилди

Туркманистон фуқароси Wizz Air устидан туристик порталга шикоят йўллади. Маълум бўлишича, компания ички қонун-қоидаларини рўкач қилиб, Абу-Дабидан Грузиянинг Кутаиси шаҳрига учаётган Туркманистон фуқаросини рейсга қўймаган. Turkmen news эълон қилган мақолада келишича, Wizz Air ходимлари йўловчининг паспортини кўриб, уни ушлаб қолган, рейсга қўймаган.

Йўловчи эса бир неча кундан кейин Абу-Дабидан Тошкентга учмоқчи бўлган ва яна компания уни қўймаган. Сабаби сўралганда эса бу компания ички қонун-қоидаси талаби экани тушунтирилган. Нашрнинг ёзишича туркманистонлик фуқаро 3 марта билет алмаштиришга мажбур бўлган. Даставвал Уммоннинг Мускат шаҳрига учишни режалаган, бироқ рейс қолдирилган. Визасиз давлат бўлгани боис Грузияга учишга ҳозирлик кўрган, уни самолётга чиқаришмагач, Тошкентга билет олган, аммо компаниядагилар яна рад қилган.

Turkmen news’нинг ёзишича, Аби-Дабига борган фуқаро онлайн рўйхатдан ўтган бўлган. Кутаисига учиш чоғида унинг онлайн регистрациясини бекор қилишган ва ўзига Туркманистон фуқароларига хизмат кўрсатолмасликларини айтишган, йўловчини рейсдан олиб ташлашган. Транзит визаси муддати тугаётгани учун йўловчи Fly Dubai’нинг Тбилисига рейсидан чипта харид қилиб, муаммоларсиз учиб кетган. Эркак воқеадан ғазабда, у ўзининг топталган ҳуқуқларини тикламоқчи, ҳимоя қилмоқчи. Порталга йўллаган хатида Wizz Air’нинг мижозларга хизмат кўрсатиш бўлимига арз қилганини қўшган. Йўловчи Грузияга учмоқчи бўлганида бориш-келиш чиптаси, меҳмонхона банд қилингани ва ҳатто саломатлик суғуртасини ҳам аэропортда тақдим қилган.

Афғонистон АҚШдан товон пули сўрамоқда

Афғонистондаги генераллар, зобитлар ва мамлакат хавфсизлик кучларининг собиқ аскарлари иттифоқи раҳбари Шаур Гул Паштун АҚШдан товон пули талаб қилиб чиқди. Унинг чиқишида Ўзбекистон ҳам тилга олинган. Гул Паштун Афғонистонда икки миллион одам ўлдирилгани ва мамлакат қишлоқлари вайрон қилингани учун АҚШ товон пули тўлаши кераклигини айтмоқда. Бу хабарни маҳаллий нашр Tolo news эълон қилди.

Кобулдаги учрашувда Шаур Гул Паштун Ўзбекистонни ҳам гапириб, АҚШга еттита Бласк Ҳавк вертолётларини топширгани учун танқид қилган, қўшни давлатларни яхши қўшничилик муносабатлари ва халқаро қонунларни ҳисобга олган ҳолда масъулият билан ҳаракат қилишга чақирган.

"Улар миллионлаб қуролларимизни, икки миллион одамимизни ва қишлоқларимизни йўқ қилишди. Улар бизга товон тўлашлари керак", - дейди Шаур Гул Паштун.

Генераллар, зобитлар ва собиқ аскарлар уюшмаси раҳбари, шунингдек, БМТни ҳам афғон халқи ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди.

Инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ҳамжамият афғон халқи ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилиши керак, дейди у.

Шу билан бирга, бир қанча собиқ ҳарбий амалдорлар қўшни давлатлар, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистонни Ашраф Ғани ҳукумати қулаганидан кейин бу давлатларга қўнган барча афғон самолётларини қайтаришга чақирган.

"Бу ҳарбий активлар миллат ва халққа тегишли. Улар республиканинг миллий армия ва хавфсизлик институтларини ташкил этиш тузилмаси таркибига кирган", - дейди Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Афзал Аман.

Эслатиб ўтамиз, Доналд Трамп маъмуриятининг сўровига биноан Ўзбекистон 2021 йилда “Толибон” ҳокимиятга келиш даврида афғон учувчилари олиб ўтган 7 вертолётни Вашингтонга қайтарган. АҚШ элчихонаси ҳам буни тасдиқлаган. Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг сунъий йўлдош суратларига таяниб маълум қилишича, 2021 йилда Ўзбекистон чегарасида 45 дан ортиқ Афғонистон самолётлари кўринган. 

Мавзуга оид