Ер қонунига қарши президент, Эронга яқинлашаётган Душанбе ва жазоланган вазир – Марказий Осиё ҳафта ичида
Қирғизистон президенти парламентнинг ерларни тортиб олиш имконини берувчи қонунига норозилик билдирди. Тожикистон эса Эрон билан савдосини 500 млн долларга етказмоқчи. Туркманистонда армияга чақирув ёши 30 га кўтарилиши мумкин. АҚШ Давлат котиби “Толибон” Афғонистонни тўлиқ идора қилолмаганини гапирса, афғонлар буни рад этди.
Банкрот бўлган турфирма сабаб қозоқлар Умрага боролмай қолди
70 дан ортиқ қозоғистонликлар ўзини банкрот деб эълон қилган турфирма сабаб Умра зиёратига боролмай, пулларига куйиб қолишди. Маълум бўлишича, Олмаота ва Чимкентда яшовда 70 дан ортиқ фуқаролар 20 феврал куни зиёрат ташкилотчилигидан ҳеч қанақа хабар бўлмагач, турфирма эшигини тақиллата бошлаган. Чунки улар режага кўра, 1 ҳафта аввал учиб кетиши керак эди. Зиёратчиларга Макка ва Мадинага тўғридан тўғри рейс ва энг яхши меҳмонхоналарда яшаш ваъда қилинган, лекин улар чемоданлари билан аэропортда қолиб кетишди. Одамлар эса ғазабланиб, юклари билан тўғри турфирма эшигига келишган. Айтилишича, турфирмалар одатдагидан анча арзон нарх айтган ва шунинг ортидан кўпчиликка пакет сотган. “Улар бизнинг ишончимиздан фойдаланиб, алдашди. Бугунгача биз уларга ишониб келдик. Фарзандларим менга бу саёҳатни совға қилганди, мен Кордайдан Олмаотага келдим ва 17 февралда учиб кетишим керак эди. Кеча эса компания ўзини банкрот деб эълон қилганини айтишди, шунинг учун сафар бекор қилинди”, - дейди Жамбил вилоятида яшовчи фуқаро.
Компания саёҳатларни ижтимоий тармоқларда реклама қилган. Жабрланганлар ичида биратўла бешталаб зиёрат пакетини харид қилганлар бор. 60 дан ортиқ зиёратчилар эса айнан мана шу турфирма сабаб Саудия Арабистонида қолиб кетмоқда, уларнинг зиёрати якунига етган, бироқ қайтиш чиптаси номаълумлиги сабаб қолиб кетишган. Маълум бўлишича, Умрага жўнатувчи бу компания мижозларидан камида 40 миллион тенге қарздор, бу 84 минг АҚШ доллари дегани.
Қирғизистон вазири Британия сафарида бирор натижага эришмади
Қирғизистон таълим вазири Буюк Британияга бекордан-бекорга бориб келгани учун жавобгарликка тортилди. Маълум бўлишича, вазир Доғдурқул Кендирбоева Буюк Британияга ташрифи якунлари бўйича президент администрациясига нотўғри хабарлар берган. Сафардан мақсад Қирғизистонда дарсликлар учун 400 минг доллар ва вазирликнинг бошқа мақсадлари учун маблағ топиб келиш эди. Бироқ вазир инглиз ҳамкасблари билан учрашар экан, уларни бунга кўндира олмаган. Делегация давлатга қайтгач британияликлар ҳаммасига кўнди дея нотўғри маълумот берган. Президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси аслида бундай бўлмаганини аниқлаган. Икки ташкилот қарорлари ижроси назорат бўлимидан Азамат Остонов маълумот бераркан, Британияда талабалар билан учрашув ва вазирлар билан кенгаш бирор натижа кўрсатмади, дейди. Унинг қўшимча қилишича, вазир сафарга кетишдан аввал ўринбосари Лира Самиқбоевани ҳам делегация таркибига қўшишни сўради. Чунки у инглиз тилини билади ва “Олтин қозиқ” таълим дастури ҳақида вазирдан яхшироқ маълумот бериши мумкин эди. Лекин администрация бунга рухсат бермаган ва вазир ўринбосари Британиядаги форумда қатнашмаган.
Тожикистон Эрон билан савдосини 500 миллион долларга етказмоқчи
Тожикистонга Эрон президенти давлат ташрифи билан келиб-кетгач Душанбе Эронга янада яқин бўлиш ҳаракатида. Икки давлат энди ўзаро савдо ҳажмини ярим млрд долларга етказмоқчи. Тожикистон бош вазири Теҳронга бориб, Эрон президенти Масъуд Пизишкиён билан кўришаркан, мулоқотда шу муҳокама қилинган. Душанбе ва Теҳроннинг ўзаро визасиз режимга ўтгани ҳам савдога таъсир қилди. Пизишкиён фикрича, визасиз режим форс-тожикларни янада яқинлаштириб, бирлаштирган. “Ховар” ахборотида келишича, Эрон Тожикистонга катта сармоя киритади, асосан энергетика ва транспорт соҳасига. Теҳронда 3-Каспий иқтисодий форуми бўлиб ўтаркан, бош вазир Коҳир Расулзода энергетик лойиҳалар ҳақида кўп гапирди.
“Тожикистон қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 98 фоизидан Каспий денгизи ҳавзаси мамлакатларига яшил энергия экспорт қилишга тайёр”, — деди у.
Туркманистонда чақирув ёши ўзгариши кутилмоқда
Туркманистон ҳукумати армияга чақирув ёшини 30 ёшгача оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Тurkmennews мамлакат хавфсизлик идораларидаги манбасига таяниб, хабар бермоқда. Таъкидланишича, фармон лойиҳаси аллақачон тайёр ва президентнинг имзолаши кутиляпти.
Энди муддатли ҳарбий хизматдан қочиш учун чет элга ўқишга кетган туркманлар 30 ёшга тўлгунга қадар у ерда қолишга мажбур бўлади, деб ёзади нашр. Ҳозир чақирувнинг максимал ёши 27 бўлиб қолмоқда. Ўзгартиришлар тўғрисидаги фармон аллақачон ишлаб чиқилган, аммо мамлакат президенти Сердар Бердимуҳаммедов уни ҳали имзоламаган. Туркманистонда эркаклар ҳамма жойда ҳарбий гувоҳномага эга бўлишга мажбур: ишга киришда, уй-жойни хусусийлаштиришда, рўйхатдан ўтишда ва ҳоказоларда. Шундай қилиб, ҳарбий рўйхатга олиш ва рўйхатга олиш идораси орзу қилинган ҳужжатни бермагунча, фуқаро ўзининг барча ҳуқуқларидан фойдалана олмайди.
Аскарларнинг етишмаслиги ўзини бетараф деб эълон қилган Туркманистон армиясининг сурункали муаммосидир. Нашрга кўра, муддатли ҳарбий хизматни ўташ қоидалари ёки ҳарбий гувоҳнома бериш тартибини ўзгартириш орқали армиядаги ҳарбийлар тақчиллигини тўлдиришга уринилаётган бўлиши мумкин. Бироқ бундай усуллар ёшларнинг армияда хизмат қилишни истамаслигини янада кучайтиради. Масалан, ҳозирги кунда йигитлар армияга кетишдан бор кучлари билан ўзларини олиб қочишади, чунки улар армия шунчаки расмиятчилик экани, келажак фаолиятда бирор фойда келтирмаслигини яхши билишади. Turkmen.News давомли эълон қилган мақола ва материалларида кўринишича, туркман армияси нафақат ҳарбийлар, балки яхши қурол-аслаҳа ва ўқ-дори билан ҳам таъминланмаган. Бироқ бу муаммолар ҳарбий қонунчилик ёки молиялаштиришга бориб тақалмайди. Ҳамма муаммо ажратилган пулларнинг еб юборилишида, деб ёзилади хабарда.
Қозоғистонликлар қишлоқларни оммавий тарк этмоқда
Қозоғистон қишлоқлари йилдан йилга камайиб, аҳоли шаҳарда яшашни маъқул кўрмоқда. Маълум бўлишича, қўшни давлатда охирги 2 йилда 80 та қишлоқлар бутунлай харитадан ҳам ўчирилган, бу ҳудудларда яшовчи қозоқлар тўлиқ шаҳарларга кўчиб кетди. Айнан шу 80 та қишлоқларда бугун ҳеч ким яшамайди. Парламент депутати Жигули Даирабаев давра суҳбатида шу ҳақида чиқиш қилди. Унинг айтишича, 1 октябр ҳисоб-китобига кўра, қозоғистонликларнинг 70 фоизга яқини аллақачон шаҳарларда яшамоқда, 37 фоиз аҳолигина қишлоқларда қолган, бироқ йилдан йилга қишлоқлар бутунлай йўқ бўлиб, кимсасиз ҳудудга айланиб бормоқда.
“Бу кўрсаткич ҳар йили камайиб бормоқда. Бугунги кунда Қозоғистонда 6208 та қишлоқ мавжуд бўлса, 2023 йилда 6286 та бўлган эди. Шундай қилиб, бор-йўғи икки йил ичида 80 қишлоқ йўқ бўлиб кетган. Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, Қозоғистон қишлоқларида аҳолининг миграция салдоси ўтган йили минус 111 кишини ташкил этган, дейди депутат. Маълум бўлишича, бу сўнгги 25 йилдаги қишлоқ аҳолиси сони бўйича антирекорд. Эслатиб ўтамиз, охирги 10 йил ичида Қозоғистонда 600 га яқин қишлоқлар йўқ бўлиб кетган. Бугун республикада жами 21 миллионга яқин аҳоли яшайди.
Президент парламентдаги қонунга қарши чиқди
Қирғизистон парламенти шу кунларда “Янги ер” лойиҳасини кўриб чиқмоқда. 13 феврал куни Жокоргу кенгеш бу кодекс лойиҳасини тасдиқлаган. Лекин президент Садир Жапаров ҳужжатга қарши эканини маълум қилди. Ер кодекси Жокоргу кенгешда 3 ўқишда қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамаси бу ҳужжат ташаббускори, лекин унинг айрим бандларидан жиддий норозиликлар бор. Масалан, ҳужжатда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун шахсий ерларни тортиб олишга рухсат берувчи банд бор. Президент ҳам шундан норози.
Мен хусусий ерларнинг тортиб олинишига қаршиман. Хусусий мулк дахлсиздир. Агар Қишлоқ хўжалиги ерларини қайта тақсимлаш жамғармасининг (ҚХФ) ижарага берилган ерлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бу бошқа масала. Ижарага олинган, аммо фойдаланилмаётган жойлар бегона ўтлар билан тўлиб-тошган. Бундай ерлардан мақсадли - қишлоқ хўжалиги учун фойдаланиш керак эди. Ўзи ҳар йили бутун дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги ерлари қисқармоқда. Аҳоли эса тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Масалан, бугун биз ўзимизни буғдой билан таъминлай олмаймиз. Эҳтиёжнинг 60 фоизи импорт ҳисобига қондирилади. Шунинг учун бир квадрат метр ер бўш қолмаслиги керак. Маҳаллий ҳокимият органлари шахсий ер участкаларини мунтазам равишда текширишлари лозим. Агар кимдир уларни қайта ишлай олмаса, давлат ёрдам берсин ва улардан фойдаланишни таъминласин. Агар мулкдор ўзи уддасидан чиқолмаса, давлат ерни ижарага олиб, ўзлаштирсин. Ечим топиш мумкин. Агар фойдаланилмаётган хусусий ерларни олиб қўйиш тўғрисида қонун лойиҳаси тушса, мен уни рад этаман, деди президент. Бир квадрат метрни ҳам бўш қолдирманг. Буғдой, арпа, картошка ва бошқа экинларни экинг, импортга қарам бўлмай, ўз-ўзимизни таъминлашга интилайлик, деди Жапаров ер эгаларига мурожаат қиларкан.
Марко Рубио: “Толибон” билан ИШИДга қарши ҳамкорлик қиламиз
АҚШ давлат котиби ИШИДга қарши курашда Вашингтон “Толибон” билан ҳамкорлик қилиши, лекин толибларга нисбатан Американинг қараши ўзгармай қолишини гапирди. Америка матбуотига берган интервюсида Марко Рубио Афғонистонда бу гуруҳлар устидан назоратнинг йўқлиги ва бу омил террористик гуруҳларга ўз фаолиятини кенгайтириш имкониятини беришини айтди.
“Менимча, баҳсли бошқарув жойлари мавжуд ҳамда ҳали ҳудудни тўлиқ бошқариш имкони йўқ ҳукумат бўлса, у ерда террористик гуруҳлар авж олади, бу улар учун яхши имконият”, деди Рубио.
АҚШ Давлат котиби, шунингдек, Америка хавотирлари фақат Афғонистон билан чегараланмаётганини таъкидлаб, Сурияни бошқа бир хавфсизлик таҳдиди сифатида тилга олди.
Маҳаллий афғон нашри Тоlo.News эълон қилган хабарда эса Рубионинг фикрлари қатъий рад этилган. Нашр Афғонистондаги сиёсатчи Моэн Гул Самканай фикрини олиб, давлат котиби гапларини хатога чиқаришга ҳаракат қилди. Бу асоссиз даъво, чунки сўнгги уч ярим йил давомида амалдаги ҳукумат Афғонистонда ўз нуфузини исботлади ва ўз ҳудудининг кичик бир қисми устидан ҳам назоратни қўлдан бой бермади. Уларнинг гапига ойдинлик киритиш керак, деди Самканай. Афғон сиёсий таҳлилчиси Ҳевад Зазий ҳам Рубионинг гапларини рад қилиб, “Толибон” дунё ёки қўшни давлатлар учун хавф туғдирмагани, бунга глобал далилни Америка кўрсатиб беролмаслигини айтди. Тоlo.News телеканалига баёнот берган “Толибон” ички ишлар вазирлиги Афғонистонда ИШИД аллақачон бостирилгани, ҳозир ҳеч қандай таҳдид йўқлигини гапирган.
Мавзуга оид

12:00 / 09.03.2025
Норози туркман деҳқонлари, Тожикистонда кузатувчиларсиз сайлов, аэропортдаги қаҳрамонлик ва “свет”сиз Кобул – Марказий Осиё ҳафта ичида

12:43 / 02.03.2025
Қозоғистонда ҳашамат солиғи, Афғонистонда қиммат интернет ва Туркманистонда тақчил ёғ - Марказий Осиё ҳафта ичида

15:59 / 16.02.2025
Маскни қўллаган Жапаров, қимматлаган ажрим ва қотил боғча тарбиячиси – Марказий Осиё ҳафта ичида

14:19 / 09.02.2025