Норози туркман деҳқонлари, Тожикистонда кузатувчиларсиз сайлов, аэропортдаги қаҳрамонлик ва “свет”сиз Кобул – Марказий Осиё ҳафта ичида
67 ёшли эркак Олмаота аэропортида ходимни гаровга олиб, пичоқ ўқталди, кузатувчи эркак қаҳрамонлик кўрсатди. Тожикистонда 25 йил ичида биринчи марта ғарблик кузатувчиларсиз сайлов ўтказилди. Туркманистон деҳқонлари тракторлар ва ўғит йўқлигидан шикоят қилмоқда. Қирғизистон маданият вазирлиги делегацияси эса 9 майни маромида нишонлашни маслаҳат қилиш учун Москвага борди.
Туркманистоннинг икки вилоятида деҳқонлар трактор ва ўғитга зор
Баҳор келиб, далаларда экин экиш ишлари аллақачон бошланган. Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар аҳолисининг аксарият қисми ҳали-ҳануз қишлоқ хўжалиги билан банд. Лекин экологик муаммолар, сувнинг камайиши ва ҳаводаги заҳарли чиқиндилар ҳамда қатор бошқа омиллар деҳқонларнинг ишини орқага судрамоқда. Масалан, қўшни давлат Туркманистонда деҳқонлар қишлоқ хўжалиги техникалари ва ерни ўғитлаш учун кимёвий моддалар етишмаётганидан шикоят қилмоқда.
Асосан, давлатнинг Марй ва Аҳал вилоятларидаги фермерлар экиш вақти борган сари ўтиб кетаётгани, деҳқонлар эса кечга қолаётганини билдирган. Агар 15 мартга қадар ерларга ишлов бериб, экинлар экилмаса, ўрнига бегона ўтлар ерларни эгаллайди. «Туркменобахизмат» қишлоқ хўжалиги уюшмаси эса шикоятларни тинглаб, елка сиққан. Бу масала билан бригадирлар шуғуллансин деган. Шу йилнинг 13 январ куни президент Сердар Бердимуҳаммедов қишлоқ хўжалиги режалари ижроси юзасидан йиғилиш ўтказиб, унда вазирлар ва ҳокимлар ҳам қатнашганди.
Март ойининг бошига келган бўлсак-да, икки вилоят Марй ва Аҳалда одамлар далаларда ҳеч нима қилмаганидан расмийлар ҳам хабардор. Қолган 3 вилоятда пахта экишга тайёргарлик кўриш олдидан ерларни шудгорлаш, тирмалаш ишлари давом этяпти. Керакли техникалар «Обахизмат» тасарруфидаги деҳқон уюшмалари томонидан ажратилиши керак. Бирлашманинг тракторлари бор, лекин бу техникалар эскириб кетган, ҳар йили бузилади.
Марй вилоятидаги қишлоқ хўжалиги техникаларидан хизмат машиналаригача уюшма раислари, ҳоким, прокурор ва бошқа нуфузли одамлар шахсий юмушлари ҳамда уларга керакли соҳаларга жалб қилинади. Деҳқонларнинг ери охирги ўринда, деб ёзади Turkmennews. «Докунхимия» концерни эса фақат ўз участкалари учун пестицид, гербицид ва ўғитлар етказиб бериб туради, дейилади хабарларда.
67 ёшли эркак Олмаота аэропорти ходимини гаровга олди
Олмаота аэропортида пичоқ билан қуролланган шахс аэропорт ходимини гаровга олди. Воқеа 7 март куни, соат тахминан 11:45 ларда учишдан аввалги текширув жараёнида рўй берди. Маълум бўлишича, хавфсизлик хизмати ходимлари ундан ҳужжатларини тақдим этишини сўраган. Бунга жавобан шубҳали шахс аэропортнинг скрининг ходимаси сочидан ушлаб, қўлида пичоқ тутган ҳолда уни гаровга олган.
Бироқ воқеа содир бўлаётган залда бўлган яна бир йўловчи эса гаров эвазига уни олишини, аёлни қўйиб юборишини айтиб, ўз ихтиёри билан гаровга олинган. Видеода кўринишича, гаров алмаштирилганидан кейин ўша фуқаро пичоқни юлиб олишга муваффақ бўлган, ҳужумчи қуролсизлантирилган.
Олмаота аэропорти хабарига кўра, 7 дақиқа ичида воқеа содир бўлиб, у қуролсизлантирилган. Полиция маълумотларига кўра, ёрдамга келган шахс йўловчи ҳам эмас, кузатувчи бўлган холос. Қозоғистон ОАВ уни жасур инсон дея атади, қатор каналларда “Раҳмат сенга, жасур инсон” сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. Ҳужумчи эса ҳибсга олинган, у 67 ёшда ва Олмаотада яшаши аниқланган.
Маълум қилинишича, воқеадан президент Тўқаев ҳам хабар топган ва бу жасур инсонни давлат мукофотига тавсия қилишларини сўраган.
Тожикистонда ғарблик кузатувчиларсиз сайлов ўтказилди
Ўтган ҳафта, 2 март куни Тожикистонда парламент сайлови ўтказилди. Кутилганидек ҳукмрон партия яна ғалаба қозонди. Сайловларни кузатиш бўйича бирор ғарб миссияси аккредитация ололмаган ва бу охирги 25 йилда ғарб кузатувларисиз ўтган биринчи сайлов бўлди.
Тожикистон парламенти – Мажлиси Намоёндагон беш йиллик муддатга сайланадиган 63 депутатлардан иборат.
Мамлакат сайлов тизимига кўра, 41 депутат бир мандатли округлар орқали, 22 нафари эса миллий сиёсий партиялар рўйхатидан сайланади. Сайловларда тарихан устунлик қилиб келаётган Тожикистон Халқ демократик партияси президентнинг партияси бўлиб, 2,43 миллионта - 51,9 фоиз овозни ташкил этди ва партия рўйхатлари орқали мавжуд бўлган 22 ўриндан 12 тасини қўлга киритди. Тожикистон Аграр партиясига 986 минг ёки 21 фоиз овоз бериб, унга беш ўрин берган бўлса, Иқтисодий ислоҳотлар партияси 595 минг овоз тўплаб, учинчи ўринга эга бўлди, бу 12,7 фоизга тенг.
Тожикистон Халқ Демократик партияси қуйи палатадаги 63 ўриндан 49 тасини қўлга киритди, бу эса мамлакатдаги ҳукмрон партиянинг ўзига хос устунлигини акс эттиради.
Мамлакат бўйлаб жами 3500 та сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, Тожикистоннинг 28 давлатдаги дипломатик ваколатхоналари ҳузурида хориждаги фуқароларни жойлаштириш учун қўшимча 36 та сайлов участкаси тузилган. МСК маълумотларига кўра, сайловда 5,5 миллион сайлов ҳуқуқига эга бўлган жами 4,7 миллион киши ёки 85,3 фоизи иштирок этган.
–Бироқ қатор хорижий нашрлар Тожикистондаги бу сайловни нодемократик деган мазмунда мақолалар эълон қилди. Кенг тарқалган сиёсий лоқайдлик, сайловлар атрофида тарғибот ишларининг ўта суст олиб борилгани ва мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида сайловлар ўтказилиши вақти ҳисобга олинса, аҳоли фаол бўлмагани аниқ. Давлат бераётган 85 фоизлик давомат нотўғри бўлиши мумкин, деб ёзади The Diplomat нашри.
2000 йилдан буён Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби мустақил ғарб кузатувчилари сайлов жараёнларини назорат қилиш учун қабул қилинганига қарамай, Тожикистон ҳар бир президентлик ва парламент сайловларидан кейин шаффофлик ва адолат йўқлиги юзасидан доимий равишда жиддий танқидларга учраб келади. Тожикистондаги сайловни кузатиш миссиялари узоқ вақтдан бери самарасиз ҳисоботлар тайёрлайди, дея қўшимча қилади ушбу нашр.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) халқаро кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш бўйича Тожикистон ҳукумати томонидан кафолат ололмагани сабабли сайловни кузатиш миссияси бошланганидан икки ҳафта ўтиб бекор қилган. Гарчи бюро “демократия ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни амалга оширишда Тожикистонни қўллаб-қувватлашда давом этишини” таъкидлаган бўлса-да, Душанбе бундан унчалик манфаатдор эмас, деб ёзади The Diplomat.
The Economist нашри эса бу сайловни президент Имомали Раҳмон ҳокимиятини мустаҳкамлаш воситаси деб атади. Сайловдан аввал эълон қилинган мақолада жараён демократик ўтиши даргумон, сайлов Раҳмоннинг сиёсий мухолифатини йўқ қилишга хизмат қилиши мумкин, деб ёзилади нашр материалида.
Қозоғистон ТИВ Америкадан депортация маълумотларини яширмайди
АҚШда Доналд Трамп президентликка қайтиб, мисли кўрилмаган депортацияни амалга оширишга киришган экан, минглаб марказий осиёликлар ҳам депорт қилиниш остонасида. Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги мавзу юзасидан журналистлар ва матбуотнинг саволларини ерда қолдирмаяпти. Сенат ялпи мажлисида чиқиш қилган Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Бакаев бу яшириладиган мавзу эмаслигини айтди. Журналистлар ундан неча нафар Қозоғистон фуқаролари ҳозиргача депорт қилингани ҳақида сўраган. Вазир ўринбосари эса ҳозирча ҳеч қандай рақамлар йўқлигини, лекин вазирлик бу ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликдан яширмаслигини айтди.
“Агарда депортация қилинган тақдирда бу қандайдир махсус операция эмас, албатта расмий доирада ахборотлар алмашинуви бўлади. Бизнинг элчихонамиз биринчи навбатда маълумот олади ва Қозоғистоннинг ваколатли органларига хабар беради. Бугунги кунга келиб АҚШдан Қозоғистонга депорт қилинган фуқароларимиз ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”, деган вазир ўринбосари Алибек Бакаев.
Маълум бўлишича, АҚШдаги Қозоғистон консуллигидан 3,6 минг нафар қозоқлар рўйхатдан ўтган. Яъни улар қонуний равишда яшашади. Матбуот хабарларига кўра, 2024 йилда 369 нафар қозоқлар давлатдан чиқариб юборилган. Аммо божхона хизмати бор-йўғи 24 нафар Қозоғистон фуқаролари депорт қилинганини айтади.
“9 май маромида нишонланиши керак”
Қирғизистон Маданият вазирлиги Россия Маданият вазирлиги билан 9 майни қандай нишонлашни маслаҳат қилди. Маҳаллий нашр AkiPress хабарига кўра, ғалабанинг 80 йиллигига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинган. Маълум бўлишича, Қирғизистон маданият вазири ўринбосари Москвага бориб, ҳамкасби билан кўришган. Икки томон маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни кўриб чиққан. Вазирлик матбуот хизмати хабарида келишича, Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига тайёргарлик кўриш, тарихий хотирани асраб-авайлаш ва қаҳрамонлар жасоратини абадийлаштиришга қаратилган қўшма тадбирлар, кўргазмалар ва ижодий акцияларни ўтказиш белгиланган.
Кобулда рамазон ойида ҳам электр узилишларидан халқ норози
Кобулликлар ўтган ҳафта интернет қимматлигидан шикоят қилган бўлса, бу ҳафта рамазон бўлишига қарамай электр узилишларидан норози. Бу ҳақда маҳаллий нашр – Tolonews хабар беряпти. Аҳолига кўра, электр энергияси керак бўлмаган соатларда мавжуд, лекин ҳақиқатан ҳам керак бўлганда эса ўчирилади. Тонг соат 4 дан кечки 17:00 гача ҳам электр таъминоти узилиб қоляпти, ташвишларимизни ҳал қиладиган ҳеч ким йўқ, дейди Кобулда яшовчи Абдулла Қодир.
Бизда на ифторда, на саҳарда электр энергияси йўқ. Одамлар жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Ислом Амирлигидан илтимосимиз шуки, бу электр узилишларига чек қўйишсин, дейди Сайфулла исмли фуқаро.
Айни пайтда, Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) миллий энергетика компанияси ходимлари фуқароларни электр энергияси билан таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошираётганини айтади.
Breshna матбуот котиби Ҳикматуллоҳ Майвандига кўра, “қиш, об-ҳаво совуқ, бу эса электр энергиясига бўлган талабни таъминлаб бўлмайдиган даражада оширмоқда. Бундан ташқари, сўнгги ёмғирлар баъзи ҳудудларда техник муаммоларни келтириб чиқарган ва гуруҳлар уларни ҳал қилиш устида ишламоқда”.
Расмийларга кўра, ҳозирда мамлакат бўйлаб бир қанча энергетика лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистон электр энергиясининг атиги 20 фоизини ички манбалардан ишлаб чиқаради, холос. Қолган энергия эса Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрондан импорт қилинади.
Мавзуга оид

12:43 / 02.03.2025
Қозоғистонда ҳашамат солиғи, Афғонистонда қиммат интернет ва Туркманистонда тақчил ёғ - Марказий Осиё ҳафта ичида

15:30 / 23.02.2025
Ер қонунига қарши президент, Эронга яқинлашаётган Душанбе ва жазоланган вазир – Марказий Осиё ҳафта ичида

15:59 / 16.02.2025
Маскни қўллаган Жапаров, қимматлаган ажрим ва қотил боғча тарбиячиси – Марказий Осиё ҳафта ичида

14:19 / 09.02.2025