Фан-техника | 23:16 / 01.04.2025
3329
2 дақиқада ўқилади

Хитойда биринчи марта операторларга учар таксилардан фойдаланишга рухсат берилди

Лицензия маҳаллий ҳаво транспортига йўловчи ташиш ва саёҳат каби пуллик хизматларни таклиф қилиш имконини тақдим этади.

Фото: EHang

Хитой регуляторлари биринчи марта иккита маҳаллий оператор компанияга учувчисиз учиш аппаратларидан тижорий мақсадларда фойдаланиш учун лицензия берди.

Лицензия маҳаллий ҳаво транспорти хизматларига йўловчи ташиш ва саёҳат каби пуллик хизматларни таклиф қилиш имконини беради. Ушбу хизматлар EH216-S йўловчи учувчисиз ҳаво транспорт воситаси ёрдамида амалга оширилади.

EH216-S — учишга яроқлилик сертификатини олган учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратидир. У икки йўловчини соатига 130 километргача тезликда таший олади ва унинг парвоз давомийлиги 35 километрни ташкил этади.

Сўнгги ойларда Пекин дронларда юк ташишдан тортиб, дирижабллар ва учувчи автомобилларгача бўлган технологияларни ўз ичига оладиган паст баландликдаги иқтисодиётни ривожлантиришни тезлаштириш учун бир қатор чораларни кўрди.

«Паст парвоз баландлигидаги иқтисодиёт — бу янги ўсиш драйвери бўлиб, у Хитой иқтисодиётининг тез ривожланиши йўлида муҳим ҳаракатлантирувчи кучга айланади», — деган эди Хитой ахборот ассоциациясининг паст орбитадаги иқтисодиёт бўлими вице-президенти Чен Болин 28 март куни ўтказилган анжуманда.

Hurun тадқиқот гуруҳининг маълумотларига кўра, Хитойнинг паст баландликдаги иқтисодиёти 2025 йилга келиб 1,5 триллион юанга (207 миллиард доллар) етиши кутилмоқда ва 2035 йилга бориб 2,5 триллион юанга ошиши мумкин.

Мавзуга оид