Жаҳон | 14:19 / 09.02.2025
19290
12 дақиқада ўқилади

Тожикистондаги тўнтариш иши, Россияга ошиққан туркманлар ва донорликка мурда аъзолари – Марказий Осиё ҳафта ичида

Якунига етган ҳафтада Тожикистонда давлат тўнтаришига уриниш иши Олий судда кўриб чиқилди, собиқ амалдор ва сиёсатчилар, журналист озодликдан маҳрум қилинди. Қозоғистонда эса келин ўғирлаганлик учун жиноий жазо қўлланиши мумкин. Қирғизистонда имомлардан мурда аъзоларини кўчириб ўтказиш учун розилик олинди. Туркиядаги Ашраф Ғани одамларидан иборат Афғонистон элчихонаси ёпилди.

Марказий Осиё ва Афғонистон ҳақидаги хабарлар жамланмасини Kun.uzʼнинг ҳафталик дастурида томоша қилинг. 

Тожикистонда давлат тўнтаришига уриниш иши Олий судда кўриб чиқилди

Тожикистонда давлат тўнтаришига уриниш иши бўйича Олий суд ҳукми эълон қилинди, жазоланганлар орасида Тожикистон собиқ ташқи ишлар вазири, мамлакат Олий Кенгашининг собиқ раиси ва хавфсизлик кучларининг истеъфодаги раҳбарлари, ўнга яқин собиқ давлат амалдорлари, сиёсатчилар ва журналист ҳам бор. Олий суд 5 феврал кунида ҳукм чиқара бошлаган. Айбланувчилар камида 8 йилдан 27 йилгача озодликдан маҳрум қилинди. Улар “давлат тўнтаришига уриниш”, “давлатга хиёнат”, “фирибгарлик”, “миллий ва диний адоват қўзғаш”да айбланмоқда. BBC нашри ёзишича, яқин йилларда Марказий Осиёнинг бирор давлатида бундай шов-шувли иш кўрилмаган эди. Тўнтариш ҳозирлашда асосий фигуралардан бири Тожикистон собиқ ташқи ишлар вазири – Ҳамрохон Зарифий. У 27 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Тожикистон Демократик партиясининг собиқ етакчиси ва собиқ парламент депутати Саиджаъфар Усмонзодага ҳам худди шундай ҳукм ўқилган.

Суд уларнинг мол-мулкини мусодара этишга ҳам қарор қилган.

Мамлакат Олий Кенгашининг собиқ раиси Акбаршоҳ Искандаровга 18 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган, унинг мол-мулки ҳам қисман мусодара этилиши айтилган.

8 йилга озодликдан маҳрум этилган журналист Рухшона Ҳакимова эса давлатга хиёнат қилишда айбланди. Айтилишича, унинг иши “махфий”, деб таснифланган, тафсилотлар номаълум қолмоқда. Айрим хабарларга кўра, журналист ёзган Хитойнинг Тожикистонга таъсири ҳақидаги мақола бунга сабаб бўлган.

Айбланувчиларнинг ўзларига қарши чиқарилган узоқ йиллик ҳукмларга муносабатлари ҳозирча маълум эмас.

 Хабарларга кўра, суд ишни ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиққан, расмийлар ҳам бирор изоҳ бермаган. Сабаби иш махфий дея таснифланади. Суд залига судланувчиларнинг фақат адвокатлари киритилган, на қариндошлари, оила аъзолари, на ОАВ вакиллари ичкарига қўйилмаган.

Маълум бўлишича, сўнгги сўзларида судланувчиларнинг аксарияти Тожикистон Бош прокуратураси уларга қўйган айбларни тан олишмаган, суддан ўзларини озод этишини сўрашган. 

Қамоқхонада маҳкумлар бош кўтарди

Тожикистондаги қамоқхонада маҳкумлар ва муассаса ходимлари ўртасида тўқнашув бўлди. Уларнинг орасида яраланганлар ва ҳалок бўлганлар бор.

Расмий маълумотга кўра, пойтахт Душанбе яқинида жойлашган қамоқхонадаги исённи қўлбола пичоқлар билан қуролланган тўққиз нафар маҳкум уюштирган.

Улар қўриқчиларга ҳужум қилиб, жазони ўташ муассасидан қочишга уринган.

3 феврал куни Тожикистоннинг расмий ахборот агентлиги “Ховар” ҳодиса душанба куни, тушдан кейин содир бўлганини ёзди. Хабарга кўра, маҳкумлар томонидан уюштирилган ҳужум натижасида 3 нафар қамоқхона ходими оғир жароҳат олган.

Манбага кўра, маҳкумлар ўзларининг қўлбола ўткир қуролларидан фойдаланиб, қамоқхона қоровулларига ҳужум қилган ва “ўлдириш ҳамда қочиш”ни режалаштирган.

Тожикистон қамоқхоналари бошқармасининг маълум қилишича, ҳужумчилар қамоқхона маъмурияти буйруқларига итоат этмаган ва ҳеч қандай шарт қўймасдан ҳужумни давом эттирган. Улар қамоқхона қоровулларини ўлдириб, қочишга уринган.

Мамлакат Адлия вазирлиги қамоқхона қўриқчилари исёнчи маҳкумларга қарши қурол ишлатишга мажбур бўлгани, оқибатда уларнинг уч нафари ўлдирилгани, қолган олтитаси қўлга олинганини маълум қилган.

Тожикистон ҳукумати маҳкумларнинг шахсига оид маълумотни ҳали очиқламади.

Хорижий нашрларга кўра, исёнчи маҳкумлар Тожикистонда тақиқланган Исломий давлат ва Салафий ҳаракатига алоқадорликда айбланган шахслар бўлган.

Бир вақтнинг ўзида Тожикистон ҳукуматига мухолифатдаги ташкилотлар ҳодисада ҳалок бўлганлар сони расман эълон қилинган 3 нафардан кўп эканини даъво қилмоқда.

Қозоғистонда келин ўғирлаганлик учун жиноий жазо жорий қилинади

Қозоғистон парламенти депутатлари жиноят кодексига келин ўғирлаганлик учун жазо чораларини киритишни таклиф қилди. Ўзгартиришлар яқин вақт ичида қабул қилиниши режалаштирилган. Таклифни ҳозир Жиноят, Жиноят-ижро ва Жиноят-процессуал кодексларини оптималлаштириш бўйича ишчи гуруҳ кўриб чиқмоқда. Янги моддада вазиятга қараб турли жазо чоралари кўзда тутилган: жарима, жамоат ишлари ва қамоқ.

“Агар бир гуруҳ шахслар томонидан, вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, бирор бир зарар етказилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади. Агар ўз хоҳишингизга қарши уйда сақлансангиз, психологик ва жисмоний босимга дучор бўласиз. Қонун жабрланувчи томонида бўлиши керак”, дея таъкидлайди парламент депутати Мурад Абенов.

Унинг қўшимча қилишича, келин ўғирлаш баъзан “урф-одат” сифатида ниқобланади, лекин аслида шундай эмас. “Аслида бизда бундай анъаналар йўқ эди. Қизнинг ўзи турмушга чиқмоқчи бўлса, ота-онаси рози бўлмаса, қиз қочиб кетган. Ота-онасининг моддий имконияти бўлмаганида у қочиб, ўзи турмушга чиқиши мумкин эди. Қозоқларда ҳеч қачон қабиладан қиз ўғирлаш одати бўлмаган, бу ҳар доим оғир жиноят бўлиб келган”, дея қўшимча қилади депутат.

Қирғизистон картошка экспортини тақиқламоқчи

Қирғизистонда ҳам картошка нархи сезиларли равишда қимматлашди, давлат картошка эrcпортини тақиқламоқчи.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда картошка нархи бир килограмм учун 60-65 сомгача кўтарилди, яъни салкам 9-10 минг сўмга яқинлашди. Энди мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги картошка экспортини вақтинчалик чекламоқчи.

“Бизда картошка катта ҳудудларда — Иссиқкўл вилояти, Олой, Чон-Олой, Қўчқорда етиштирилади. Фермерлар учун хурсандмиз, лекин аҳоли учун 65 сом қиммат. Бир қоп ун 1 минг 700 сом бўлса, бир қоп картошка 2,5-3 минг сом”, дейди Қирғизистон парламенти депутати.

Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги картошка экспортига вақтинчалик чеклов жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархининг спекуляциясига йўл қўймаслик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.

Вазир Бакит Торобоев мамлакатда озиқ-овқат нархлари бўйича ўтказилган йиғилишда давлат идоралари, президентнинг вилоятлардаги ўринбосарлари ва маҳаллий ҳокимият органларига озиқ-овқат маҳсулотлари нархини диққат билан кузатиш бўйича топшириқ берди.

Мурдалар донор бўлади

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев мамлакатда мурда аъзоларини кўчириб ўтказиш учун имомларнинг ёзма розилигини олди. Бу ҳақда у парламент фракциялари йиғилишида маълум қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, республикада мурда аъзоларини кўчириб ўтказишни жорий этиш жуда муҳим. Ҳозирги кунда жигарни кўчириб ўтказиш учун донорлар етишмаслиги муаммоси долзарб бўлиб турибди ва битта вафот этган одамдан 7—8 тагача аъзони олиш орқали инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин бўлади.

Алимқодир Бейшеналиевнинг аниқлик киритишича, мурда донорлиги тизими жорий этилса, жигар, буйраклар, ретикуляр ҳужайралар, илик, ўпка, юракни трансплантация қилиш имкони туғилади.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда мурда трансплантациясини ривожлантириш режаларини эълон қилган эди. Идора яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйиладиган тегишли қонун лойиҳасини якунлади.

Маҳаллий шифокорлар бир неча бор тирик қариндошлик донорлиги трансплантология муаммоларини тўлиқ ҳал қила олмаслигини таъкидлади. Шунинг учун кўпроқ беморларни қутқариш мақсадида мурда донорлиги тизимини жорий этиш зарур, дейди қирғиз тиббиёт ходимлари.

Россияга ошиқаётган туркманлар

Туркманистондан Россияга бораётганлар сони охирги 2 йил ичида 16 бараварга кўпайган. Россия чегара хизмати статистик маълумотларига кўра, 2024 йилда Россияга кирган сайёҳлар сони бўйича биринчи бешта давлат қаторига Туркманистон ҳам киради. 2024 йилда Россияга кирувчи туркманларнинг сони 2023 йилдагиган 65 фоизга кўп. Аксарият туркманлар ишлаш учун туристик визалар билан Россия чегарасини кесиб ўтмоқда, деб ёзади Turkmen news нашри. Эслатиб ўтиш керакки, 2022 йилда бор-йўғи 3 минг 600 киши Россияга борган. Аксарият туркманлар Россияга туристик визалар билан боришади, кейин эса бу мамлакатда ишлаш учун қолиб кетишади. Ашхобод келтирган маълумотларга кўра, 2022 йил ҳисоб-китоби билан, бор-йўғи 176 минг нафар фуқаролар хорижда ишлайди. Шулардан 6 минги Россияда. Бироқ хорижда ишлайдиганлар ҳам, Россиядагилар сони ҳам атай камайтириб кўрсатилган, деб ёзади Turkmen news. Бироқ чет элда ишлаш ёки Россия меҳнат визасини олиш учун мамлакатни расман тарк этиш Туркманистонда осон иш эмас. Шунинг учун ҳам туркман муҳожирлари Россияда пана-паналарда ишлаб юришга мажбур, ҳужжатлари билан ҳақиқий мақсадлари ўртасидаги номувофиқлик аниқланса, депортация қилиниш хавфи юқори.

Туркиядаги Афғонистон элчихонаси “Толибон”га берилди

Туркия расмийларининг қароридан сўнг Анқарадаги Афғонистон элчихонаси ўз фаолиятини тўхтатди. Яъни бу элчихона жамоaси ҳали-ҳануз президент Ашраф Ғани давридагидек қолаётганди, Туркия ҳукумати қарори билан дипломатик идора ёпилиши билдирилган. 2021 йил 15 август воқеаларидан сўнг, “Толибон” ҳокимиятга келгач, ушбу элчихонани ўз назоратига ололмаган. Ўтган 3,5 йиллик давр мобайнида идора эски жамоаси билан ишлаб келди. Улар эса “Толибон”га қарши бўлган дипломатлар эди. Толиблар Туркия ҳукуматига ҳам босим ўтказгач, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги элчининг республикадаги миссияси ва ушбу элчихона дипломатларининг фаолияти тугатилганини эълон қилган.

Туркия ташқи ишлар вазирлиги ҳам, афғон дипломатлари ҳам бу борада ҳеч қандай баёнот бермаган. Элчихона қўриқчиси идора “Толибон” режимига “мос келмагани” учун ёпилаётганини таъкидлаган. Элчихона Афғонистонда “халқ иродасига асосланган қонуний ҳукумат йўқлиги” сабабли ўз миссиясини тугатаётганини айтиб, Туркияга “сўнгги йилларда қўллаб-қувватлагани” учун миннатдорлик билдирган.

Туркия “Толибон” ҳокимиятга қайтганига қарамай, Кобулда ўз элчихонасини, шунингдек, шимолдаги Мозори-Шариф шаҳрида ва Ғарбдаги Ҳиротда консулликларини сақлаб қолган.

Маҳаллий афғон нашри Тоlo newsʼга кўра, “Толибон” Анқарадаги элчихона ёпилмаслиги, фақат жамоада толиблар вакилларидан бўлишини маълум қилган. Муваққат ҳукуматнинг иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдул Латиф Назарий элчихона Ислом амирлигига топширилди, дея билдирган. Туркия ташқи ишлар вазирлиги эса Вена конвенциясига мувофиқ элчихона энди мезбон давлат юрисдикциясида эканини маълум қилган. Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг Буюк Британия, Норвегия, Швеция, Ҳиндистон ва Канададаги элчихоналари фаолияти тўхтатилган, лекин бу миссиялар ҳалигача “Толибон” вакилларига ўзгартирилмаган. Чунки толибларни ҳали бирор давлат расман тан олмади.

Мавзуга оид