Бош прокуратура экология ва қурилиш соҳаси масъуллари иштирокида йиғилиш ўтказди
Маълум қилинишича, «Шаффоф қурилиш» дастури жорий этилгач, тизимда очиқликни таъминлаш, коррупцияга йўл қўймаслик бўйича ижобий ўзгаришларга эришилган.

Фото: Бош прокуратура
2025 йил 5 март куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида коррупциянинг олдини олишга доир йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура бошқарма бошлиғи А.Муҳиддинов ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов иштирокида Қурилиш вазирлигида йиғилиш ўтказилди.
Маълум қилинишича, соҳада «Шаффоф қурилиш» дастури жорий этилгач, тизимда очиқликни таъминлаш, коррупцияга йўл қўймаслик бўйича ижобий ўзгаришларга эришилган.
«Илгари инвестиция дастурига кирган объектларни қурадиган пудратчилар мингтага ҳам етмасди. Ўтган йили 13,5 мингта объект қурилишида 4 мингдан зиёд пудратчи иштирок этди. Соҳа рақамлашгани ҳисобига ўтган 4 йилда 3,6 триллион сўм бюджет маблағи тежалди», — дейилади прокуратура хабарида.
Шунингдек, йиғилишда қурилиш ва коммунал соҳани вертикал тизим бўйича тўлиқ коррупциясиз соҳага айлантириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш, коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омиллар, сабаблар ва уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш топширилди.
Бунда биринчи навбатда соҳадаги рухсат бериш, лицензиялаш фаолиятини рақамлаштириш орқали инсон омилини қисқартиришга қаратилган платформаларни яратиш вазифалари қўйилди.
Бундан ташқари, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи У.Утаев томонидан экология соҳасида рухсатнома бериш ҳамда маъмурий чора кўриш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Унда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида санаб ўтилган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича белгилаб берилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилган ҳамда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича аниқ таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берилди.
Мавзуга оид

08:46 / 10.03.2025
Тошкентда маданий мерос объекти ёнида ноқонуний қурилиш тўхтатилди

20:21 / 04.03.2025
“Дарахтлар атай қуритилган” – Тошкентда яшил зона йўқ қилиниб, ўрнида қурилиш бошланмоқда

12:54 / 04.03.2025
Қурилишда ҳавони муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик белгиланди

11:20 / 04.03.2025