Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги Тошкент қанақа бўлади? Бош архитектор ва масъул шаҳарсоз билан суҳбат
Кейинги 8-10 йил ичида пойтахт биқинидаги 6 минг гектар майдонда Янги Тошкент қад ростлайди. 30 млрд доллардан ортиққа баҳоланган лойиҳа илғор шаҳарсозлик намунаси бўлиши кўзда тутилган. Хўш, аниқроқ айтганда, бу илғорлик нималарда акс этади? Kun.uz'нинг бу борадаги саволларига Янги Тошкентнинг бош архитектори Саидазим Шарипов ва шаҳарсоз Темур Аҳмедов жавоб берди.

Мавжуд Тошкент шаҳрига туташ 20 минг гектар майдонда – Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент қурилиши бошланганига 2 йил тўлди. Лойиҳанинг биринчи босқичига 2023 йил баҳорида старт берилганди.
Биринчи босқич – 6 минг гектар ҳудудда шаҳарнинг маъмурий ва маданий марказлари, илк маҳаллалар ва бизнес даҳалари, майдонлар ва хиёбонлар, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини ўз ичига олади. Бу босқич 8-10 йил ичида тўлиқ якунига етказилиши кўзда тутилган.
140 гектарлик маъмурий ҳудуд
Kun.uz мухбирининг масъуллар билан суҳбати – 6 минг гектарлик биринчи босқичнинг 4 минг гектарини ўзида акс эттирган макет атрофида кечди.
Янги Тошкентнинг бош архитектори Саидазим Шариповнинг сўзларига кўра, шаҳарнинг маъмурий маркази 140 гектар жойни эгаллайди. Унинг икки ёнида давлат хизматчиларининг уйлари қад ростлайди. Маъмурий ҳудуд шаҳарча марказидан ўтувчи энг асосий, бошқалардан кенглиги билан ажралиб турувчи булвар кўча орақли маданий ҳудудга уланади.
Шу кунга қадар Энергетика вазирлиги ва унинг таркибидаги тузилмалар Янги Тошкентдаги вақтинчалик биноларига кўчиб ўтишган. Қурилиш ва Экология вазирликларининг вақтинчалик бинолари барпо қилиняпти. Қурилиш, Транспорт ва Сув хўжалиги вазирликларининг биноси битта бўлади. Шунга ўхшаб, бошқа ташкилотларнинг объектлари ҳам интеграциялашиши мумкин.
Аввалроқ маълум қилинганидек, республика даражасидаги ижро органлари Янги Тошкент шаҳрига кўчирилиб, уларнинг ҳозирги бинолари сотилиши кўзда тутилган. Шу йил бошида Анорбанк Энергетика вазирлиги жойлашган бинони қарийб 255 млрд сўмга, “Ўзтрансгаз” АЖга тегишли бинони эса 185 млрд сўмга сотиб олди.
Кўчадиган ОТМлар
Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика (40 гектар), Янги Ўзбекистон (50 гектар) ва Вебстер (20 гектар) университетлари кўчирилиши белгиланган. Юридик университет учун ҳам кампус қурилиши кўзда тутилган.
Саидазим Шариповнинг айтишича, ҳозирда Низомий ва Янги Ўзбекистон университетлари бинолари кўтарила бошланган, 2027 йилдан бошлаб талабалар унда таҳсил ола бошлайди. Мутахассис университет бинолари хориж олийгоҳлари каби кампус кўринишида бўлишини маълум қилди.
“Босқичма-босқич йўл юзидаги биринчи корпус қуриляпти, бошқа биноларнинг қурилиши ҳам бўлади. Эскиларининг тақдири нима бўлишидан бехабарман, балки давлат мулки сифатида аукционда сотилар, балки давлат яна ижтимоий объект сифатида қанақадир бошқа ташкилотга бериши мумкин”, – деди у.
Шарипов барча ОТМлар ҳам шаҳар ташқарисига кўчирилиши хато эканини, аммо айрим кейслар мисолида бу тўғри бўлишини билдирди. Масалан, Янги Ўзбекистон университети фойдаланаётган ҳозирги бино етарлича талабалар қабул қилишга имконият бермайди, Низомий университети бинолари эса шаҳарнинг бир нечта жойларига тарқалиб кетган.
“Шаҳар ҳудудида бунақа катта кампус шароит қилиб, яъни янгидан бирор 50 гектарлик ҳудуд бўш ер топиш имконсиз, бор нарсани бузишга тўғри келади. Янги Тошкентда эса бунинг имкони бор. Кампус деганда унинг ичида ўзининг ётохоналари билан куриляпти”, – деди архитектор.
Маданий ҳудудда университетлардан ташқари илмий-тадқиқот институтлари ва лабораториялар ҳам жойлашади. Айни қайси тадқиқот марказлари ҳақида гап кетаётгани ҳозирча маълум эмас,
Транспорт тизими: метро, трамвай ва йўл
Саидазим Шарипов янги шаҳардаги йўлларда устуворлик жамоат транспорти ва пиёдаларга берилишини айтди. Бундай қилинмаса, транспорт тизими коллапсга учрайди, дейди у.
Ҳозирда метро қурилиши бошланган. Метро еростидан ўтади: Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб, Олимпия шаҳарчаси орқали, “Дўстлик” метро бекатига боғланади. Дастлабки босқичда янги метро бекатлари сони 3 та бўлади.
Шаҳар бўйлаб трамвай линияси метро тармоқлари билан боғланади. Линия Чорвоқ сув омборига кетаверишдаги 4Р12 автомобил йўлидан Чирчиққача бўлган ҳудуддан ўтади. Бунинг лойиҳаси алоҳида мутахассислар томонидан ишлаб чиқилгани, ҳукуматга режалар тақдим қилингани маълум қилинди.
Бундан ташқари, шаҳарга кириб келишда транспорт тармоқлари маркази қурилади, бу нафақат пойтахт ва янги шаҳарни, балки Тошкент вилоятидаги Паркент, Юқори Чирчиқ каби туманларни ҳам боғлайди.
Макетда автомобиллар учун йўл ўтказгичлар, кўприклар бўлиши ҳам акс этган. Бош архитекторга кўра, кўприклар асосан шаҳарлараро магистрал йўлларда бўлади, шаҳар ичидаги кўчаларда эса камроқ. Янги Тошкент кўчаларида ҳаракатланиш бўлаклари (“полоса”) сони бир томонга 3 тадан, иккала томонга 6 тадан ошмайди.
Лойиҳага кўра, янги шаҳарнинг камида 30 фоиз ҳудуди яшилликдан иборат бўлиши керак. Энергетика тизимида асосий ресурс электр энергияси бўлади, газдан фойдаланилмайди. Биноларни совутишда сплит шаклдаги анъанавий кондиционерлар эмас, балки худди иссиқ сув таъминоти каби йўлга қўйиладиган муздек (-6 даража совуқ) сув тизимидан фойдаланилади.
Шу ва бошқа тафсилотларни шаҳарсоз Темур Аҳмедов сўзлаб берди. Янги Тошкент дирекцияси бўлим бошлиғи Ҳумоюддин Абраҳматов эса лойиҳанинг молиявий жиҳатлари ҳақида маълумот берди. Батафсил юқоридаги видеода томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тавсия этамиз
Соч тўкилиши, кўз ости қорайиши, лаб ёрилиши: тана тили бизни нималардан огоҳлантиради?
Жамият | 17:08
Роман Старовойт – урушнинг курсидаги қурбони
Жаҳон | 22:00 / 08.07.2025
Қозоғистонда куйдирги тарқалди, икки қишлоқ карантинга олинди
Жаҳон | 17:57 / 08.07.2025
11 июлдан IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш бекор қилинади
Ўзбекистон | 15:45 / 08.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилишига Ўзбекистон компаниялари ҳам жалб қилиниши мумкин
Жаҳон | 18:19
-
7 сентябрда Британия аҳолисининг барча смартфонлари бир вақтда жиринглайди
Жаҳон | 18:08
-
Киевда Украина хавфсизлик хизмати полковниги отиб кетилди
Жаҳон | 17:56
-
12,6 минг долларга кроссовер — Geely Icon 2026 тақдим этилди
Фан-техника | 17:15
Мавзуга оид

09:07
“Маҳалламиз буни кўтара олмайди”: фуқаролар Uchtepa City'нинг 16 қават бўлишига қарши

21:25 / 09.07.2025
Шавкат Мирзиёев Тошкент ва Янги Тошкент шаҳри учун «Ечимлар атласи» тақдимоти билан танишди

21:26 / 07.07.2025
Sergeli City'нинг айрим блокларида қурилиш ишлари тўхтатилди

17:42 / 01.07.2025