Иқтисодиёт | 08:12 / 06.03.2025
3045
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Гуржистон савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказишни режалаштирмоқда

Тошкентда 5 март куни бош вазир Абдулла Арипов ва Гуржистон бош вазири Иракли Кобахидзе бошчилигида икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. 

Фото: Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат портали

Учрашувда товар айирбошлаш ҳажми ва унинг таркиби мамлакатлар салоҳиятига мос эмаслиги, Ўзбекистон-Гуржистон ўртасидаги Эркин савдо келишуви имкониятларини тўлиқ ишга солиб, яқин йилларда савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш учун барча зарур шарт-шароитлар мавжудлигига эътибор қаратилди.

Бундай натижага тўқимачилик, пойабзал ва чарм, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари, рангли ва қора металлар, мева-сабзавот, кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа товарлар олди-сотдисига кенг йўл очиш орқали эришиш мумкинлиги билдирилди.

Ҳукуматлар делегациялари учрашувида савдо-иқтисодий, инвестициявий йўналишлардан ташқари, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, таълим, туризм, маданий-гуманитар соҳаларида ҳам ўзаро муносабатларни янада яхшилаш икки давлат манфаатларига бирдек мос келиши таъкидланди.

Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг муҳим омили бўлиши мумкинлиги, шу маънода Самарқанд ва Батуми, Бухоро ва Мсхета шаҳарлари ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар ривожига салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

Мавзуга оид