Жаҳон | 11:37 / 28.02.2025
3753
2 дақиқада ўқилади

Россия Харкив области энергетика тизимига йирик ҳужум уюштирди

Россия қўшинлари Харкив областига камида 12 та камикадзе дрон билан ҳужум қилди, дея хабар берди маҳаллий ҳукумат. Минтақанинг энергетика тизимига зарба берилди. Ҳодиса оқибатида уч киши жароҳатланган.

Фото: AP

27 феврал, пайшанба куни кечқурун Россия қўшинлари Украинанинг Харкив области энергетика тизимига йирик ҳужум уюштирди. Камида 12 та Shahed типидаги камикадзе дронлари қўлланган, деди Харкив области ҳарбий маъмурияти (ОҲМ) раҳбари Олег Синегубов.

«Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари минтақани ҳимоя қилиш учун кучайтирилган режимда ишламоқда. Ҳужум оқибатларини бартараф этишда барча тегишли хизматлар иштирок этмоқда. Душманга ёрдам бермаслик учун зарбалар жойлари ҳақида тафсилотларни, шунингдек, фото ва видео материалларни тарқатмаслик муҳим. Такрорий зарбалар бериш хавфи сақланиб қолмоқда», деб ёзди Синегубов ўзининг Telegram-каналида.

Унинг хабар беришича, Харкив районида хусусий уй шикастланган, икки киши жароҳатланган. Област полициясининг таъкидлашича, Солоницевская жамоати отишма остида қолган, 75 ёшли эркак ва 68 ёшли аёл тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Кейинроқ Синегубовнинг қўшимча қилишича, Изюм районидаги Балаклея шаҳрида УУА зарбаси натижасида 42 ёшли тинч фуқаро яраланиб, касалхонага ётқизилган.

Запорижжя ва Сумига ҳужумлар

Шу куни кечқурун Россиянинг камикадзе учувчисиз учоғи Запорижжядаги кўп қаватли турар жой биносига бориб урилган. Натижада бинонинг юқори қаватларида ёнғин содир бўлган, 82 ёшли аёл тиббий ёрдамга муҳтож бўлди, деди Запорижжя ОҲМ раҳбари Иван Федоров. У ўзининг Telegram-каналида ҳужум оқибатлари акс этган суратларни жойлаштирди.

Суми областида 27 феврал куни кечқурун Краснополск жамоати Россия томонидан бошқариладиган авиабомбалар (БАБ) томонидан ҳужумга учради. Маҳаллий полиция бўлими маълумотларига кўра, кўп қаватли уй ва 10 та шахсий уй зарар кўрган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган. Бундан ташқари, Глуховская жамоатида портловчи моддаларнинг тушиши натижасида паст босимли газ қувури шикастланган, дея қўшимча қилди област маъмурияти.

Мавзуга оид