Ўзбекистон | 15:35 / 24.02.2025
6108
2 дақиқада ўқилади

Нотариф чекловлар фонида Ўзбекистонга енгил автомобиллар импорти кескин қисқарди

2025 йилнинг январ ойида Ўзбекистонга енгил автомобил импорти қиймат жиҳатдан 7 баробардан кўпроққа, миқдор жиҳатдан эса 5,6 баробарга қисқарди. Энг катта камайиш гибрид автомобиллар импортида кузатилган – 31 баробар. Электромобиллар ва бензинли енгил автомобиллар импортидаги қисқариш эса мос равишда 6,7 баробар ва 2,5 баробар бўлган. 

2025 йилнинг январ ойида Ўзбекистонга қиймати 31 млн долларлик 1796 дона енгил автомобил импорт қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитасининг ойлик ҳисоботида келтирилган.

Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида 221,4 млн долларлик 10 минг 152 дона енгил автомобиллар импорти амалга оширилган. Ўтган бир йил давомида автомобил импорти қиймат жиҳатдан 7 баробардан кўпроққа, миқдор жиҳатдан эса 5,6 баробарга қисқарган.

Энг катта камайиш гибрид автомобиллар импортида кузатилган – 31 баробар. Электромобиллар ва бензинли енгил автомобиллар импортидаги қисқариш эса мос равишда 6,7 баробар ва 2,5 баробар бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб импорт қилинган автомобилларни божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги полигонда техник синовлардан ўтказиш бошланганди. Шунингдек, якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган машиналар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви ҳам жорий қилинди. Автополигоннинг мавжуд қуввати реал талабдан бир неча баробарга камлиги импорт ҳажмининг кескин қисқаришига таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид