Тишлари тўкилган қонун, автомобил импортидаги музлаш ва Узундаги жиноят(лар) — ҳафта дайжести
Ички ишлар вазирлиги ҳайдовчилар учун жарима балларига оид тартибнинг энг муҳим қисмини чопиб ташлади. Сурхондарёдаги мудҳиш қотиллик тергови доирасида, ИИБдан яна бир фуқаронинг ўлиги чиқди. Ўзбекистондаги энг оммабоп мобил илова тақиқланиши мумкин. Айрим ҳужжатларнинг чиройли серия рақамлари сотувга қўйилади. Ортда қолаётган ҳафтанинг асосий хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Ашаддий қоидабузарлар кўчасида яна байрам
Ўтган ҳафта жарима баллари ҳақидаги қонунни назарда тутиб, дайжестимизга “қоидабузарларни тиядиган қонун” деб сарлавҳа қўйганимизда бироз соддалик қилган эканмиз. Энди ҳайдовчилар хоҳлаганича қоидани бузолмайди деб ўйлаб, чучварани хом санабмиз. Бу қонунни нақ 7 йил чўзиб юришни эплаган соҳа раҳбарлари, унинг ижроси бўйича ҳам бирор лазейка ўйлаб қўйган бўлиши мумкинлигини инобатга олишимиз керак эди.
Хуллас, жарима баллари ҳақидаги қонун ўпкасини босиб ололмайдиган ашаддий қоидабузарларни тиймаслиги маълум бўлди. Қоидаларга тупуриб, юзлаб жарима қоғозларини коллекция қиладиганлар бехавотир, келган жойидан давом этаверишса бўлади. “Пулини тўла, хоҳлаганингча тезликни ошир” режими ўз кучида қолади. Қанақасига дейсизми? Мана бунақасига:
“Халқимизнинг таклифлари, ижтимоий ҳолатини инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида белгилаб ўтилди: фақат ЙПХ инспектори томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённома асосида балл тизими юритилади”.
Бундан келиб чиқадики, камералар ва радарлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима балли ҳисобланмайди. Энг кўп содир этиладиган ва қонли ҳодисаларга олиб келадиган тезликни ошириш қоидабузарлиги асосан камера/радарлар орқали аниқланишини ҳисобга олсак, жарима баллари аварияларни камайтириш, йўлларни тартибга келтириш борасида кескин ижобий ўзгаришга сабаб бўлолмаслиги аниқ. “Жарима баллини фақат ЙПХ инспектори беради” деган қоида, бу тизимнинг самарадорлигини инсон омилига боғлаб қўяди: 12 баллик лимитга яқинлашиб қолган ҳайдовчи инспектор рад этиши қийин бўлган суммани таклиф қилиши, эвазига инспектор балл берилмайдиган қоидабузарликни ёзиб баённома тузиши ёки умуман потенциал қотилни жаримасиз қўйиб юбориши эҳтимоли ортади.
Ички ишлар вазирлиги кўра-била туриб бунга йўл қўяётгани ажабланарли. Вазирлик кўриб-билиб турган яна бир факт эса қуйидагича: ўтган йили қайд этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг ярмини ашаддий қоидабузарлар содир этган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимовнинг маълум қилишича, 2024 йил давомида 38 мингдан ортиқ ҳайдовчи 10 ва ундан кўпроқ марта қоида бузган. 2024 йилдаги аварияларнинг 46 фоизи айнан шундай тоифадаги ҳайдовчилар ҳиссасига тўғри келади.
“Республика ГАИ” бошлиғи келтирган бу рақамлардан бир хулосага келиш мумкин: агар радарга тушганда ҳам жарима балли берилганида, яъни йилига ўнтадан кўп қоида бузадиган ўша 38 мингта ҳайдовчи гувоҳномасиз қолиб кетганида, жами авариялар сони 2 баробаргача камайган бўларди. Минг афсуски, масъуллар 38 мингта ашаддий қоидабузарнинг бузуқ манфаатини миллионлаб болаларнинг мактабга хавфсиз бориб келиш ҳуқуқидан устун қўйди.
Импорт билан кураш
Бутун 2024 йил давомида автомобил импортини чеклаш устида иш олиб борганларнинг шарафсиз меҳнати ўз мевасини бера бошлади. Маълум бўлишича, январ ойида Ўзбекистон енгил автомобил импорти каррасига қисқариб кетган.
Божхона қўмитаси очиқлаган рақамларга кўра, 2025 йил январ ойида Ўзбекистонга атиги 1796 та енгил автомобил импорт қилинган. Бу – 2024 йилнинг январи билан таққослаганда 5,6 баробарга кам. Ўтган йили январда хориждан 10 мингдан ошиқ енгил автомобил олиб кирилган бўлса, бу йил январда бу рақам ҳатто 2 мингтага ҳам етмаган. Бензинда юрадиган автомобиллар импорти 2,5 баробарга, электромобиллар импорти 6,7 баробарга, гибрид моделлар импорти эса 31 баробарга қисқариб кетган. Эслатиб ўтамиз, бозорни ҳали олдинда 1 майдан бошлаб электромобиллар учун утилизация йиғимининг оширилиши ҳам кутмоқда.
Воқеаларнинг ҳозирги ривожида жисмоний шахслар Хитойдан нафақат ҳақиқий автомобил, балки ўйинчоқ машина буюртма беришда ҳам янги тўсиқларга учраши мумкин. Кутилганидек, ҳукумат Temu маркетплейсини блоклаш билан таҳдид қилмоқда. Рақамли тижорат соҳаси регулятори – Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг маълум қилишича, Temu ё Ўзбекистон бозорига расман кириб, ўз шуъбасини очиши, ёки солиқ тизимида рўйхатдан ўтиб, ҚҚС тўловчисига айланиши керак. Акс ҳолда, платформанинг Ўзбекистондаги фаолияти тақиқланади.
Расмийларнинг изоҳлашича, чет элдаги маркетплейсларнинг Ўзбекистонда ваколатхонаси йўқлиги ўзбекистонлик истеъмолчиларни нуқсонли товарларни қайтариш ёки шикоят қилиш имкониятидан маҳрум қилади. Маълумот учун, Хитойдан арзон товарлар буюртма қилиш имконини берувчи Temu иловаси ҳозир Google Play'да ҳам, App Store'да ҳам ўзбекистонликлар томонидан энг кўп юклаб олинаётган иловалар рўйхатида биринчи ўринда турибди.
Узунда нималар бўляпти?
Сурхондарёдаги мудҳиш қотиллик, ва унинг тергови доирасида ички ишлар бўлимидан яна ўлик чиққани кўпчиликни ларзага солди. 15 февралга ўтар кечаси Узун туманида яшаган 43 ёшли аёл ва унинг икки фарзанди ўз уйларида ўлдириб кетилган. Kun.uz мухбирининг ўрганишларига кўра, оиладаги 3 фарзанддан бири фожиадан омон қолган. Номаълум қотиллар жиноят изларини яшириш учун уйга ўт қўйиб кетган.
Жиноят мотивлари маълум эмас. Фожиага марҳуманинг эри бошқалардан катта миқдорда қарздор бўлгани сабаб бўлиши мумкинлиги айтиляпти. Фермер бўлиб ишлаган оила бошлиғи қарзга кириб қолгач, 2021 йилда Россияга кетган, шундан бери уйига қайтмаган.
Орадан ўтган икки ҳафтадан буён, қотиллар топилганича йўқ. Тергов жараёнида шу ҳудуддаги кўплаб эркаклар сўроқ учун Узун туман ИИБга олиб борилган, улардан бири тергов жараёнида вафот этган. Kun.uz'нинг аниқлашича, идорага олиб борилган 50 ёшли фермер 2 кун ушлаб турилгач, 25 феврал куни ўлиги чиққан. Ходимлар у юрак хуружига учраганини айтган бўлса, марҳумнинг яқинлари юраги соппа-соғ бўлгани, танасида қийноқ излари борлиги, жиноятни бўйнига қўйиш учун қийноққа солинган бўлиши мумкинлигини айтяпти.
Тоҳир Ҳайитовни қамаш ҳақидаги суд қарори ҳам шубҳаларни кўпайтиради. Марҳумнинг ўлимидан бир кун олдин Узун туман суди чиқарган қарор билан, у энг кўп ишлатиладиган “навбатчи” модда – майда безориликда айбланиб, 6 суткага қамалган. Бу ҳақда унинг яқинларига хабар берилмаган, суд қарорида ҳам бир қанча чалкашликлар бор. Kun.uz суриштируви ортидан Судялар олий кенгаши бу баҳсли қарорни чиқарган тергов судясига нисбатан хизмат текшируви бошланганини маълум қилди. Прокуратура ҳам терговга қадар текширув ўтказяпти. Эслатиб ўтамиз, феврал ойида иккита колонияда маҳкумларнинг вафот этиши ҳолатлари рўй берганди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Эскирган кўп квартирали уйлар ўрнига янгиларини қуришда мулк ҳуқуқи устувор деб эълон қилинди. Президент фармонига кўра, реновацияни бошлашдан олдин қурувчилар барча мулкдорларни тўлиқ рози қилиб, улар билан битимларни нотариал тасдиқдан ўтказиши шарт бўлади. Бу келишувда мулкдор компенсация сифатида танлаши мумкин бўлган вариантлар чекланмаган. Фармондан, шунингдек, қурилиш соҳасида аввалроқ анонс қилинган, биз аввалги дайжестларимизда батафсил тўхталиб ўтган қатор янгиликлар ҳам ўрин олган.
Ички ишлар вазирлиги айрим ҳужжатларнинг “чиройли” серия рақамларини сотиш ниятида. Бу ерда гап ID-карта, хорижга чиқиш паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва “техпаспорт” ҳақида кетяпти. Вазирлик таклифига кўра, бу ҳужжатларнинг чиройли рақамлисини олишни истаганлар кўпроқ пул тўлаб, бунга эришишлари мумкин бўлади. Нархлар ҳали аниқ эмас. Яъни масалан, еттита 7 рақамли қизил паспорт билан мақтаниш қанчага тушиши – муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасида кўрсатилмаган.
Ўзбекистон яна суверен облигация чиқариш орқали 1,5 млрд доллар ташқи қарз олди. 500 млн долларлик облигациялар 7 йил, 500 млн евролик қимматли қоғозлар 4 йил, миллий валютадаги 6 трлн сўмлик бондлар эса 3 йил муомалада бўлади. Доллардаги қарз 6,95 фоиз ставкада олинди. Пуллар асосан бюджет дефицитини ёпишга ишлатилади. Маълумот учун, 2025 йил 1 январ ҳолатига, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 40 млрд доллардан ошган. Шундан 33,7 млрд долларини ташқи қарзлар ташкил этади.
Таксичиларнинг ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқи доимий деб эътироф этилди. Аввалроқ уларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ишлаш ҳуқуқи 2024 йил охиригача берилганди. Пайшанба кунги президент қарори билан, бу чеклов олиб ташланди. Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган шахслар йўловчи ташишда фойдаланадиган автомобил ўриндиқлари сонига чеклов ҳам бекор қилинди. Бу – шаҳарлараро қатнайдиган Damas ҳайдовчилари ҳам энди имтиёзлардан фойдалана олишини англатиши мумкин. Бу борада расмий изоҳ берилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид

08:10
Себзор кўчасида иккита Nexia-3 иштирокида ЙТҲ содир бўлди

14:10 / 09.03.2025
“Касбингизни севсангиз, қийинчиликлари билинмайди” – кранчи, терговчи, поезд ва автобус ҳайдовчи аёллар ҳикояси

22:31 / 08.03.2025
Сектор бошқарувининг тугаши, метаннинг очилиши ва Бобожонов истеъфоси — ҳафта дайжести

15:12 / 06.03.2025