Жаҳон | 22:08 / 20.02.2025
3981
2 дақиқада ўқилади

Шри-Ланкада филларни уриб юборган поезд релсдан чиқиб кетди

Ҳодиса филлар тўдаси темирйўлни кесиб ўтаётганида юз берган. Тўқнашув оқибатида олтита фил нобуд бўлган.

Фото: Daily Mirror

Adaderana порталининг ёзишича, воқеа 19 феврал куни Гал Ойя ҳудудида юз берган. Баттикалоадан Коломбога кетаётган «Минагая» поезди темирйўлни кесиб ўтаётган филларни уриб юборган. Оқибатида олтита фил нобуд бўлган.

Бундан ташқари, ҳодиса темирйўл транспорти ҳаракат жадвалига ҳам ўзгартириш киритилишига олиб келган. Баттикалоадан Коломбога қатновчи «Пулатиси» рейси бекор қилинган. Темирйўл департаменти «Минагая» йўловчилари учун бошқа поездни ташкиллаштириб берган.

Қайд этилишича, қўриқхона ҳудудларидан ўтган темирйўлларда бу каби муаммолар кузатилиб туради. Маҳаллий ҳукумат ва экологлар келажакда бундай ҳодисалар рўй бермаслиги учун хавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирмоқда.

Филлар билан боғлиқ ҳолат юзасидан тергов ўтказилмоқда, мутахассислар темирйўл атрофига қўшимча тўсиқлар ва огоҳлантирувчи тизимларни ўрнатиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Ноябр ойида Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлгани тўғрисида хабар берилганди. Ўшанда филлар ҳосиллари нобуд бўлаётган норози фермерлар томонидан заҳарланган бўлиши мумкинлиги ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган эди. Аммо ҳукумат амалдорларининг айтишича, қасддан заҳарлашнинг ҳеч қандай аломатлари аниқланмаган.

Мавзуга оид