Ўзбекистон | 22:40 / 15.02.2025
11072
9 дақиқада ўқилади

Киллерларга ҳукм, гуллаётган коррупция ва кайфияти тушаётган бизнес — ҳафта дайжести

Комил Алламжоновга суиқасдда айбланган 10 киши қамалди. Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш рейтингидаги ўрни ёмонлашди. Тил ўрганиш учун репетиторга борган ёшларнинг 6 ойлик ўқиш пулини давлат тўлаб беради. Пенсия ёшига етган ватандошлар автоматик равишда пенсия олишни бошлайди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ёшлар учун янги имкониятлар

Чет тилини ўрганиш учун репетиторга борадиган ёшларнинг ярим йиллик ўқиш пулини давлат тўлаб беради. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев жума куни ёшлар билан учрашувида маълум қилди. Президентнинг айтишича, меҳнат бозорига тил биладиган ёшлар кириб келишини рағбатлантириш учун хусусий ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган ёшларга ўқиш харажатлари “2+6” шаклида қоплаб берилади. Бунда дастлабки 2 ойлик ўқиш пулини ўқувчининг ўзи тўлаши керак, қолган 6 ой учун тўлов давлат ҳисобидан тўлаб берилади.

Йиғилишда чекка ҳудудларда ўқув марказлари йўқлиги масаласи ҳам кўтарилди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, эндиликда хорижий тиллардан “С1” даражасига эга ёшлар ташаббус кўрсатиб, олис ва чекка ҳудудларда чет тилларига ихтисослашган ўқув марказларини очса, уларга 120 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Умуман, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг стартапларини молиялаштириш учун 400 млн доллар ажратилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, дунёнинг топ-100 таликка кирган олийгоҳларида илмий даража олган 35 ёшгача бўлган ёш олимларга уй-жой учун 10 йил муддатга 800 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади. Энергетика, транспорт, урбанизация, замонавий архитектура, тиббиёт йўналишларида “Эл-юрт умиди” жамғармаси квоталари кўпайтирилади. Нуфузли халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлганлар учун пул мукофоти миқдори 5 баробарга ошириладиган бўлди. Шу тариқа, математика, физика, кимё, биология ва информатикадан халқаро олимпиадада олтин медал олган ўқувчилар салкам 940 млн сўм, кумуш олганлар 560 млн сўм, бронза соҳиблари 375 млн сўм билан тақдирланади. Маълумот учун, бу олимпиадаларда ўтган йили ўзбекистонлик ўқувчилар 1 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза медалларини олишган.

Алламжоновга суиқасд ишида 10 киши айбдор деб топилди

Ўзбекистон тарихидаги энг шов-шувли жиноятлардан бири бўйича ҳуқуқий жараёнлар якунланди. 12 феврал куни Ўзбекистон Ҳарбий судида Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга оид жиноят иши доирасида 10 кишига нисбатан суд якунланиб, ҳукм эълон қилинди. Судланувчиларнинг барчаси озодликдан маҳрум этилди.

Жиноятнинг тўртта фигурантига анча узоқ муддатлар берилди. Президент давлат хавфсизлик хизмати Ўз хавфсизлиги бошқармасининг собиқ бошлиғи Шуҳрат Расулов суиқасд буюртмачиси сифатида, видеомурожаат чиқариб айбини бўйнига олган Шоҳрух Аҳмедов ва Исмоил Жаҳонгиров суиқасд ижрочилари сифатида 23 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Буюртмачи ва ижрочилар ўртасида воситачилик қилгани айтилган Жавлон Юнусов суиқасд ташкилотчиси сифатида 18 йилга қамалди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевга 7 йил берилди. Олий суд ахборотида қолган бешта судланувчининг шахси очиқланмаган, улар қилмишига мувофиқ турли муддатларга озодликдан маҳрум қилингани айтилган. Суд жараёни ёпиқ ўтгани сабаб жиноятнинг кенгроқ тафсилотлари, хусусан юқори мартабали сиёсатчини ўлдириш буюртмачига нега керак бўлгани расман номаълумлигича қолди.

Коррупцион вазият ёмонлашмоқда

Дунё мамлакатларидаги коррупция даражасига баҳо берувчи энг нуфузли индексда Ўзбекистоннинг рейтинги ёмонлашди. Transparency International халқаро нодавлат ташкилоти 2024 йил учун эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда коррупцияга қаршилик даражасида 100 балдан 32 балга баҳолаган. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан 1 балга кам.

Эътиборлиси, Ўзбекистоннинг бу рейтингдаги баллари 10 йилдан бери фақат яхшиланиб келаётган эди. Янги методологияга ўтилган 2012 йилда Ўзбекистон 17 балл билан энг коррупциялашган 7 та мамлакатдан бири деб топилган бўлса, 2022 йилга келиб энг қуйи 50 таликдан чиқиб кетишга муваффақ бўлганди. 2024 йилги рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат орасида 121-ўринда қайд этилган. Эквадор, Кения, Шри-Ланка ва Того давлатлари корупция даражаси бўйича мамлакатимиз билан тенг балл тўплаган.

Ўтган йили Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ аҳвол ёмонлашганини расмийлар ҳам тасдиқлайди. Бош прокуратура маълумотига кўра, 2024 йилда жиноят содир этган амалдорлар сони бирданига 37 фоизга кўпайиб, салкам 5 мингга яқинлашиб қолган. Йил давомида республика даражасидаги мансабда ўтирганларнинг 70 дан ортиғи жиноий жавобгарликка тортилган.

Бизнесдаги кайфият аввалгидек эмас

Коррупциянинг авж олиши нафақат одамлар, балки бизнесдаги кайфиятга ҳам таъсир қиляпти. Шу ҳафта Марказий банк эълон қилган “Бизнес кайфияти шарҳи”да айтилишича, ўтган йилнинг 4-чорагидаги сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг 53 фоизи жойларда бизнес муҳити яхшиланганини билдирган. 3-чоракда бундай деб ҳисобловчилар улуши 57 фоиз эди. Ҳисоботга кўра, охирги икки йилда у кўрсаткич 52-57 фоиз оралиғида сақланиб қоляпти.

Корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси пасайгани ҳам эътиборли. Ўтган йили охирида ўрта ёки юқори ишлаб чиқариш қувватларида ишлаган корхоналарнинг улуши 50 фоизгача пасайган. Марказий банкнинг қайд этишича, бу – охирги 1,5 йилдаги энг паст кўрсаткич. Тўлиқ қувватда ишламаётган корхоналар асосан Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларида жойлашган.

Корхонангиз нега тўлиқ қувватда ишламаяпти, деган саволга жавобан тадбиркорларнинг айтишича, бунга газ ва электр таъминотидаги узилишлар, автомобил ёнилғиси нархининг ошиши ва солиқ тизимидаги қийинчиликларни сабаб бўляпти. Кейинги 3 йилда иқтисодиётдаги вазият ва бизнесдаги муҳит яхшиланади деб ҳисобловчи бизнесменларнинг улуши 62 фоиздан 56 фоизгача камайган.

Тадбиркорларни қийнаётган энергетикадаги муаммолар сўнгги кунларда ҳам айниқса долзарб бўлиб турибди. Расмийларга кўра, ҳаво совигани сабаб 9 февралдан бошлаб метан-шохобчаларга газ узатиш вақтинча қисқартирилган. Бу орада Бухоро вилоятида магистрал газ қувури ёрилиб, ёнғин содир бўлгани қўшимча муаммоларни келтириб чиқарди. Метан-шохобчалар энг узоқ вақт ёпиқ қолган ҳудуд водий вилоятлари бўлди: Фарғона, Андижон ва Наманганда кўплаб шохобчалар қаторасига бир неча кун очилгани йўқ. 14 февралга келибгина “Ҳудудгаз Андижон” филиали вилоятдаги 5 та метан-шохобча кунига 4-6 соат ишлаш учун очилишини эълон қилди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Самарқанддан Тошкентга кетаётган автобус Жомбой туманида ҳалокатга учради. Cobalt билан тўқнашган туристик автобус ағдарилиб кетиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, 22 нафар аёл жароҳатланди. Жароҳат олганларнинг 2 нафари оғир аҳволда жонлантириш бўлимига ётқизилган. Шунингдек, Наманган ва Фарғона вилоятларида пиёдани уриб юборган ҳайдовчиларнинг қочиб кетгани кузатилди. Наманган шаҳрида қора Gentra ҳайдовчиси бир кишини, Тошлоқ туманида маст ҳолдаги Damas ҳайдовчиси икки кишини уриб кетиб, уларнинг ўлимига сабаб бўлган ва воқеа жойидан қочиб кетган.

“Ўзсувтаъминот” компанияси аҳолидан нақд пулда тўлов ундириб юрган фирибгарлардан огоҳлантирди. Ўтган йили 1 декабрдан бошлаб сувдан қарздорлик ҳақида қоғоз тарқатиш ва тўловларни нақд пулда йиғиш тўхтатилган, тўловларни фақат электрон шаклда қабул қилиш йўлга қўйилган. Кимда ким ўзини сув таъминоти ходими деб таништириб, тўловни нақд шаклда амалга оширишни сўраётган бўлса, у фирибгар бўлади. Бу ҳолатда нақд тўланган пуллар базада қайд этилмайди. Расмийлар сув учун нақд тўлов қилишни сўраган шахслар ҳақида 1255 ишонч телефони ҳақида хабар беришни сўраяпти.

Ўзбекистонда иш берувчиларга ходимни ҳомиладорлиги сабабли ишдан бўшатиш тақиқланди. Меҳнат кодексига киритилган ўзгаришга биноан, эндиликда ходимни ҳомиладор экани ёки фарзанди борлиги сабабли ишдан бўшатиш мумкин эмас. Эслатиб ўтамиз, ходимлар бундай вақтда ҳомиладорлик ва туғиш таътилини олиш ҳуқуқига эга. Улар бу таътилдан олдин ёки кейин йиллик меҳнат таътилини ҳам қўшиб олишлари мумкин. Ҳомиладор аёлларнинг туғруққача бўлган даврда қўшимча бўш кунлар олиш ҳуқуқи ҳам белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонда пенсия ёшига етган фуқаролар автоматик равишда пенсия олишни бошлайди. Қонунчилик палатаси биринчи ўқишда қабул қилган қонунга кўра, пенсияни ҳақдорнинг аризасисиз, проактив тарзда тайинлаш тизимига ўтилади. Бу орқали йилига ўртача 250 минг ватандош Пенсия жамғармаси ёки давлат хизматлари марказига бориб ўтириш заруратидан халос бўлади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда пенсия ёши эркаклар учун 60 ёш, аёллар учун 55 ёш этиб белгиланган.

Мавзуга оид