Жаҳон | 00:03 / 12.02.2025
6307
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу гаровдаги исроилликлар озод этилиши бўйича Ҳамасга ултиматум қўйди

Гап 15 феврал куни озод этилиши керак бўлган тўққиз нафар гаровдаги шахс ҳақида кетмоқда. Аввалроқ Ҳамас Исроил тинчлик сулҳини бузгани учун гаровдаги исроилликларни озод этиш жараёнини бекор қилганди.

Фото: Getty Images

Ҳамас 15 феврал куни гаровдагиларни озод этмаса, Исроил Ғазо секторида «интенсив жанговар ҳаракатларни» қайта бошлайди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳарбий-сиёсий маҳкама йиғилишидан кейин маълум қилди.

«Мен қабул қилган ва маҳкама бир овоздан тасдиқлаган қарор шундай: агар Ҳамас шанба куни тушга қадар гаровдаги фуқароларимизни қайтармаса, ўт очишни тўхтатиш бекор қилинади ва ЦАХАЛ Ҳамас бутунлай йўқ қилингунга қадар интенсив жанговар ҳаракатларни қайта тиклайди», — деди Нетаняҳу.

The Times of Israel маълумотларига кўра, гап 15 феврал куни озод этилиши керак бўлган тўққиз нафар гаровдаги шахс ҳақида кетмоқда.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳамасни шанба куни гаровда қолган 76 нафар исроилликнинг барчасини озод этишга чақирганди. Исроил бош вазири ўз нутқида маҳкама Трампнинг талабини олқишлаганини қайд этган.

Нетаняҳунинг таъкидлашича, йиғилиш давомида ҳарбий-сиёсий маҳкама «8 феврал куни озод этилган гаровдаги фуқароларнинг даҳшатли аҳволидан ғазабда эканини билдирган».

«Ҳамаснинг сулҳни бузиб, гаровдаги фуқароларимизни озод этмаслик ҳақидаги баёнотидан кейин ўтган кеча ЦАХАЛга Ғазо сектори ичи ва атрофига кучларни тўплашни буюрдим. Ушбу операция айни соатларда ўтказилмоқда ва яқин вақт ичида якунланади», — дея қўшимча қилади Исроил бош вазири.

Ҳамас ва Исроил ўртасидаги тинчлик сулҳи 19 январдан кучга кирган. Унинг 42 кун давом этадиган биринчи босқичида Ҳамас гаровга олинган 33 кишини қўйиб юборади, Исроил бўлса 1,9 мингдан зиёд маҳбусни озод этади ва Ғазо секторидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни бошлайди.

10 феврал куни Ҳамас гаровда сақланаётган Исроил фуқароларининг навбатдаги гуруҳини озод этиш жараёнини бекор қилди. Ҳамас ушбу қарорни Исроил томони тинчлик сулҳини бузгани сабаб қабул қилганини билдирган. Таъкидланишича, Исроил Ғазо секторининг шимолий қисмида яшовчи аҳолининг уйига қайтишига тўсқинлик қилмоқда, шунингдек, минтақага гуманитар ёрдамларни киритмаяпти.

Мавзуга оид