Нетаняҳу: АҚШ ёрдами билан биз Эронга қарши «ишни якунлаймиз»
Исроил бош вазири Қуддусда АҚШ давлат котиби Рубио билан учрашувдан сўнг «Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги керак», деди. Шунингдек, Сурия ва Ғазо секторидаги вазият муҳокама қилинди.

Фото: Evelyn Hockstein/REUTERS
Исроил ва АҚШ Эроннинг ядровий амбициялари ва унинг Яқин Шарқдаги «тажовузкорлиги»га қарши туриш ниятида, деди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 16 феврал, якшанба куни ўз лавозимига киришганидан сўнг илк бор Исроилга ташриф буюрган АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашувдан сўнг. Нетаняҳу Рубио билан бир қатор масалаларни муҳокама қилганини, «ҳеч бири Эрондан муҳимроқ эмаслигини» айтди.
Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги керак
«Биз оятуллоҳлар ядро қуролига эга бўлмаслиги, Эроннинг минтақадаги тажовузкорлиги тўхтатилиши кераклиги тўғрисида келишиб олдик», дея Reuters агентлиги Исроил бош вазирининг сўзларини келтирган. Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти раҳбари Эрон Яқин Шарқдаги «ҳар бир террорчи гуруҳ ортида», «бу минтақани ўз уйи деб атайдиган миллионлаб одамлар учун тинчлик ва барқарорликка таҳдид соладиган барча нарсанинг ортида» эканини таъкидлади.
Нетаняҳу Исроил «президент Трампнинг кучли раҳбарлиги остида» Эронга қарши «ишни якунлашига» ишонтирди. Матбуот анжуманида Исроил бош вазири Доналд Трампни «Исроилнинг Оқ уйдаги энг катта дўсти» деб атади.
Рубио: АҚШ Суриядаги вазиятни кузатиб боради
АҚШ давлат котиби Суриядаги сиёсий вазият ҳақида гапирар экан, Башар Асад режимининг қулашини «умидли» деб атади, бироқ айни пайтда «беқарорлаштирувчи бир кучнинг бошқаси билан алмаштирилиши ижобий ҳолат эмас»лигини таъкидлади. «Бу биз диққат билан кузатадиган нарса», деди Рубио.
Ўз навбатида Нетаняху «бошқа душман кучлар», яъни биринчи навбатда Эронни назарда тутиб, Суриядан «Исроилга қарши амалиётлар учун база» сифатида фойдаланишига йўл қўймаслигини таъкидлади. У Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Суриядаги нишонларга «юзлаб зарбалар» берганини эслатди.
Мавзуга оид

12:25 / 10.03.2025
Исроил Ғазога электр энергияси етказиб беришни тўхтатди

21:58 / 09.03.2025
Исроил Ғазо бўйича музокараларни давом эттириш учун Доҳага делегация юборади

18:20 / 07.03.2025
ҲАМАС Исроил ҳарбий ҳаракатлар бошласа, гаровга олинганларни ўлдириш билан таҳдид қилди

12:50 / 06.03.2025